Ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлашда касаба уюшмаларининг ўрни

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлашда касаба уюшмаларининг ўрни” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманида охирги 4 йил давомида мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ва уларнинг натижалари алоҳида таъкидлаб ўтилди. Хусусан, юртимизда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасини ҳам четлаб ўтмагани, меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Жумладан, барқарор бандликни таъминлаш, барча меҳнаткашларни меҳнат шартномалари билан қамраб олиш, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий суғурта ва ижтимоий ҳимоянинг самарали тизимларини ривожлантириш, меҳнаткашларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқларини амалга ошириш, жамоа музокаралари юритиш ва жамоа шартномаларини тузиш йўналишларида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, муносиб меҳнат нафақат ижтимоий адолат тамойилларини, балки иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва ривожланишини, жамиятда манфаатлар уйғунлигини таъминловчи омил ҳисобланади. Муносиб меҳнат тушунчаси орқали меҳнат соҳасидаги халқаро меъёр ва тамойиллар, ходимлар ижтимоий ҳимояси кўламини кенгайтириш, давлат органлари, иш берувчилар ташкилотлари ва ходимлар ўртасидаги муносабатлар, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш борасидаги ижтимоий мулоқот кўзда тутилган. Шу маънода мамлакатимизда меҳнат соҳасида таъсирчан давлат ва жамоатчилик назорати, муносиб меҳнат тамойилларини амалга ошириш мақсадида давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида конструктив ижтимоий мулоқот йўлга қўйилган. Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида Муносиб меҳнат концепциясини амалга ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада ҳар бир фуқаронинг меҳнат қилиш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, эркин касб танлаш ҳуқуқлари тўла таъминланмоқда. Хусусан, Муносиб меҳнат концепцияси тамойилларидан бири – фуқароларнинг меҳнат соҳасида асоссолувчи ҳуқуқларини рўёбга чиқариш стратегиясига асосан Ўзбекистон касаба уюшмалари ўз аъзоларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш, улар мурожаатлари юзасидан тезкор амалий чоралар кўриш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.

Қайд этиш зарурки, 2016-2020 йиллар давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий-меҳнат соҳасига доир 2000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва уларга таклифлар берилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ташаббускор гуруҳи билан биргаликда 2019 йилда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонуннинг қабул қилинишига эришилди, натижада касаба уюшмаларининг ваколатлари янада кенгайтирилди. Охирги 5 йил давомида барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларига келиб тушган        35 мингдан зиёд мурожаатларнинг 7 минг 590 таси қаноатлантирилди, 18 минг 359 таси бўйича муаллифларга тушунтириш берилди ва 599 та мурожаат муаллифлари хабардор қилинган ҳолда, бошқа ваколатли органларга юборилди. Ходимлар ҳуқуқларини тиклашни сўраб иш берувчиларга 2 минг 295 та тақдимнома ва судга 765 та даъво аризалари киритилди. Бунинг натижасида 13 минг 471 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланиб, етказилган зарар учун ходимлар фойдасига 13 млрд 600 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди.

Фуқароларга ижтимоий-меҳнат соҳасига оид масалаларда бепул юридик хизмат кўрсатиш ҳамда ижтимоий-меҳнат соҳасига оид халқаро ва миллий стандартларни тарғиб этиш кўламини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошида Юридик клиника фаолияти йўлга қўйилган, шунингдек, 1092 қисқа рақамли Ишонч телефони, аҳоли билан қайта алоқа механизми фаолият кўрсатмоқда.

Муносиб меҳнатни таъминлашда ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш масаласи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Бош келишув амал қилиши жараёнида бир қатор масалалар ижтимоий шериклик асосида ўз ечимини топаётганини таъкидлаб ўтиш зарур. Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Концепциясига асосланган мазкур Бош келишув меҳнат соҳасидаги энг долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимига доир қатор тадбирлар билан бойитилганлиги аҳамиятлидир. Айни пайтда қатор халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонда Бош келишувнинг аҳамияти юқори баҳоланмоқда. Бу эса республикада ижтимоий-меҳнат соҳасида учтомонлама ижтимоий шериклик тизимининг дунё андозаларига мос равишда йўлга қўйилганлигини яна бир бор тасдиқламоқда. Миллий учтомонлама ижтимоий мулоқотни янада ривожлантириш мақсадида республика ва ҳудудий миқёсда давлат органлари, иш берувчилар бирлашмалари ва касаба уюшмалари вакилларидан иборат Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиялар тузилиб, фаолият кўрсатмоқда.

Тармоқ ва худудий миқёслардаги ижтимоий шериклик масаласига тўхталадиган бўлсак, Касаба уюшмалари Федерациясининг аъзо ташкилотлари иш берувчилар билан жамоа музокараларини олиб бориши натижасида жамоа келишувлари ва шартномалари орқали ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига, юқорироқ ижтимоий стандартлар ўрнатилишига қаратилган чоралар қабул қилинишига эришиб келинмоқда. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида        14 та ҳудудий келишув амал қилмоқда. Тармоқларда республика миқёсида 107 та тармоқ келишуви ва бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда 111 минг 469 та жамоа шартномаси мавжуд. Бундан кўриниб турибдики, 2016-2020 йиллар мобайинида амалдаги тармоқ келишувлари сони 95 тадан 107 тагача ўсди.

Келишувларда ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва  уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан болаларни соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари ҳам акс эттирилган. Жумладан, амалдаги тармоқ келишувларининг 81 тасида ходимларга пенсияга чиқиши, қариндошларининг вафоти, оилавий аҳволи муносабати билан моддий ёрдам кўрсатиш, 42 тасида ходимларнинг овқатланиш ҳаражатларини дотация қилиш, 46 тасида ходимларнинг ишга келиб кетиши учун транспорт харажатларини қоплаш назарда тутилган. Аксарият тармоқларда уч ёшга тўлмаган болалари бор аёллар учун қисқартирилган (бир ҳафтада 36 соатдан ошмайдиган) иш вақти белгиланган. Қатор тармоқларда келишувлар воситасида 18 дан 24 иш кунигача бўлган асосий узайтирилган таътиллар ўрнатилган. Амалдаги тармоқ келишувларининг 78 тасида қонун ҳужжатларида белгиланганидан ташқари қўшимча таътиллар ўрнатилган. Шунингдек, тармоқ келишувларига ишлаб чиқариш натижалари бўйича рағбатлантиришлар, фаолиятдаги ютуқлар учун устама ва қўшимча ҳақ, ноқулай табиий-иқлим шароитлари учун туман коэффициентларини тўлаш, ҳайдовчиларга эгаллаган классига кўра қўшимча ҳақ тўлаш каби тадбирлар киритилган. Тегишли худудий касаба уюшмалари, иш берувчилар бирлашмалари ҳамда жойлардаги ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ҳудудий (минтақавий) келишувлар эса аҳолининг заиф қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, меҳнат бозорини тартибга солиш, янги иш ўринларини барпо этиш, уй-жой коммунал хўжалигини самарали ишлатиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият муассасалари тизимини ривожлантириш, жисмоний тарбия ва  спортни ривожлантириш, болаларни ёзги соғломлаштиришни ташкил этиш каби масалаларни ўз ичига олган.

Корхона, ташкилот, муассасаларда ижтимоий шерикликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида Жамоа шартномаларини тузган юридик шахслар улуши 2016 йилдаги 95,1 фоиздан 2020 йилга келиб 99,6 фоизгача кўтарилди. 2019 йил якунларига кўра республикада 111,5  мингта жамоа шартномаси амал қилиб, уларда 4,4 миллион нафар ходимнинг, яъни ишлаётган касаба уюшма аъзоларининг 99,7 фоизининг манфаатлари ўз аксини топди. Амалдаги жамоа шартномаларининг              97 фоизидан кўп қисмига иш берувчи ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш лозимлиги тўғрисидаги банд киритилишига эришилди. Яна бир муҳим жиҳат – бугунги кунда Жамоа шартномаси ходимларнинг бевосита ва билвосита даромадларини юксалтиришнинг амалий воситасига айланмоқда. Чунончи, кўплаб корхоналарда Ягона тариф сеткасидагига нисбатан оширилган тариф коэффициентлари жорий этилиб, бу орқали жами ходимларнинг 20 фоизга яқин қисмининг иш ҳақлари оширилган базавий ставкалар асосида ҳисоблаб тўланмоқда. Шунингдек, Жамоа шартномалари шарофати билан хар йили жами ишлаётган касаба уюшма аъзоларининг 55 фоизи асосий узайтирилган, 51 фоизи эса қўшимча таътиллардан фойдаланмоқдалар. Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун ўрта ҳисобда бир ходимга сарфланган маблағ 2019 йилда 5,1 млн. сўмни ташкил этди.

Ходимларнинг иш ҳақи ва даромадларини юксалтиришга кўмаклашиш мақсадида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари томонидан аҳоли даромадлари ва турмуш даражасининг оширилишига, ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлаш ва уни меъёрлаштиришнинг ижтимоий адолатли тизимини жорий этишга кўмаклашиш борасидаги ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Бугунги кунда республика бўйича       13 та тармоқ (тариф) келишувларида тармоқ тариф сеткалари, 24 725 та корхонада локал тариф сеткалари жорий қилиниши натижасида 764 015 нафар ходимнинг иш ҳақи оширилган базавий ставкалар бўйича тўланмоқда. Шунингдек, ўтган 5 йил давомида           10 мингдан зиёд корхона ва ташкилотда энг кам меҳнат ҳақи стандартларига риоя этилиши ўрганиб чиқилиб, қонун бузилишлари аниқланган ҳолатда фуқароларнинг қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилганидан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи олиш ҳуқуқларини тиклаш ишлари амалга оширилди. Бир қатор жамоа келишувлари ва шартномаларига эса инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда иш ҳақини индексация қилиш тўғрисидаги меъёрлар, ходимларнинг тариф коэффицентларини 1,5 баробардан           2 баробаргача кўтариш масалалари киритилди. Ҳисобот даврида касаба уюшма органларининг саъй-ҳаракатлари билан жами 111,1 млрд сўм ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи ундириб берилди.

Жамоа-шартномавий муносабатлар воситасида юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2016-2020 йиллар давомида жамоа келишувлари ва шартномалари орқали 319 минг 84 нафар муҳтож ходимлар, ногиронлиги бор шахслар ва уларнинг оила аъзоларига 64,3 млрд сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 313 минг 113 нафар пенсия ёшига етган шахсларга, ишлайдиган ва ишламайдиган пенсионерларга 146,9 млрд сўмлик қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди. 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган 63 минг 32 нафар таътилдаги оналарга 21,4 млрд сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 9 минг             329 нафар талаба учун 33,5 млрд сўмлик контракт пуллари қисман тўлаб берилди. 32 минг 157 нафар ходимга 129,7 млрд. сўмлик фоизсиз ссудалар берилди. Кам таъминланган оилаларнинг 299 минг 670 нафар фарзандига 42,2 млрд сўмлик ўқув қуроллари олиб берилди. 892 минг 592 нафар ходим иш берувчилар ҳисобидан қайта ўқитилди ва малакасини ўзгартирди. 30 минг 55 нафар болали аёлларга қисқартирилган иш вақти ўрнатилди.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масаласи ҳам касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Хусусан, пахта теримчиларининг эркин ёлланишини таъминлаш мақсадида “2016 йил пахта йиғим-терими жараёнида теримчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мавсумни уюшқоқлик билан ўтказишга доир тавсиялар” ишлаб чиқилиб, чоп этилди ва барча туманларга етказилди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича 386 та баннер, 44,5 мингта постер, 100  мингта флаерлар ишлаб чиқилиб республиканинг барча ҳудудларида аҳоли гавжум жойларда жойлаштирилди. 2016 бери нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказиб келинмоқда.

Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш борасида ўтган даврда 15 769 та бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолияти ўрганилиб, 61 803 та камчилик аниқланди. Иш берувчиларга 9 185 та тақдимнома киритилиб, улардан касаба уюшмаларининг аралашуви билан 8 767 та (92 %) камчилик бартараф этилишига эришилди. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида касаба уюшмалари аъзоларини ҳимоя қилиш мақсадида 132 маротаба судга мурожаат этилди.

Ўтган даврда ташкилотларда иш берувчилар билан тузилган жамоа шартномаларида меҳнат муҳофазаси бўйича режалаштирилган 1 млн. 590 минг 959 та тадбир бажарилиб, уларни амалга ошириш учун иш берувчилар ҳисобидан 449,5 миллиарддан ортиқ маблағ сарфланди. Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлигига оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳамда жамоа шартномалари талабларининг бажарилиши устидан жамоат назорати олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ташкил этилган Касаба уюшмаларининг меҳнат-ҳуқуқ инспекцияси ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириб келмоқда. Хусусан, касаба уюшмаларининг меҳнат техник ва меҳнат ҳуқуқ инспекторлари қурилиш ишлари бораётган 6 минг 599 та объектда ходимларга меҳнат шароитлари яратилганлиги бўйича мониторинг ўтказдилар. Ўрганилган қурилиш объектлари ва ишлаб чиқариш ташкилотларида меҳнат шароити таъминланмаган, ётоқ жойлари қониқарсиз, махсус кийим, ҳимоя ниқоби, антисептик воситалар йўқ бўлган 3 минг 907 та ҳолат аниқланиб, аксарият камчиликлар жойида бартараф этилди.

Касаба уюшмаларининг инспекцияси томонидан ўтказилган жамоатчилик назорати давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида инспекторлар томонидан иш берувчиларга 78 та кўрсатма киритилиб, 17 млрд.сўмга яқин ойлик иш ҳақидан ўтган қарздорлик бартараф этилди. Бундан ташқари, касаба уюшма инспекторлари томонидан берилган кўрсатмалар ҳамда судларга киритилган даъво аризалари асосида 54 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқи тикланиб, улар фойдасига 370 млн. сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарар ундириб берилди.

“Инқирозга қарши курашиш жамғармаси” маблағлари ҳисобидан коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга берилаётган махсус рағбатлантириш тўловларининг амалга оширилиши бўйича касаба уюшмаларининг инспекциялари томонидан тиббиёт муассасалари раҳбарларига киритилган кўрсатмалар натижасида 12 млрд. 200 млн. сўмга яқин қарздорлик ходимларга ундириб берилди. Шунингдек, касаба уюшмалари Инспекцияси пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароитлар яратилгани, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 36 та туманда 100 дан ортиқ пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар ҳамда фермер хўжаликларида теримчилар учун ташкил этилган вақтинчалик яшаш жойлари, биноларни иситиш кўзда тутилганлиги, озиқ-овқатларни сақлаш, тайёрлаш ва тарқатиш анжомларининг мавжудлиги, биноларнинг техник ҳолати, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария гигиена қоидаларига мувофиқлиги, бинолар ва ҳудудларнинг ёритиш ускуналари билан таъминланганлиги, тиббиёт ходими ажратилганлиги ҳамда зарур дори-дармонлар билан таъминланганлиги, алоқа воситалари ўрнатилганлиги, теримчиларни ташиш учун транспорт воситалари ташкил этилганлиги ҳолатлари ўрганилди. Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар бўйича касаба уюшма инспекторларининг талаби билан камчиликлар жойида бартараф этилишига эришилди.

Матбуот анжумани якунида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси веб-сайти (www.kasaba.uz)дан олинди.

Print Friendly, PDF & Email