Аҳоли бандлигини таъминлашга касаба уюшмаларининг кўмаги

Айни пайтда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, шу орқали камбағалликни камайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳам фуқароларимиз турмуш тарзини фаровонлаштиришга, одамларни бугунидан рози қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бунда айниқса, аҳолининг дарди тингланиб, ҳудудлардаги ижтимоий муҳитни ўрганиш асносида тегишли чоралар қўлланилаётгани катта самара бермоқда.

— Маҳалламиз шаҳримизнинг 3-сектор ҳудудида жойлашган, — дейди “Нурли келажак” МФЙ маҳалла ва оила, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича раис ўринбосари Моҳида Каримова. — Маҳаллада бугунги кунда 1298 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 4954 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 2586 нафари хотин-қизлардир. Мазкур аёлларнинг 30 нафари кам таъминланган оилада истиқомат қилишади. Ҳамкор ташкилотлар билан уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ишларини йўлга қўйганмиз. Маҳаллада олиб борган ўрганиш ишларимиз чоғида 4 нафар аёл оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш ниятини билдириб, биздан ёрдам сўраганди. Яқинда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан уларга бепул тикув машиналари олиб берилди.

Бу каби хайрли ишлардан “Шукрона” маҳалласи аҳли ҳам четда қолгани йўқ. Ушбу маҳалладаги 1112 та хонадонда 4286 нафар аҳоли яшайди. Уларнинг 2173 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади. Худди шундай мазкур маҳалланинг 4 нафар тикувчилик билан шуғулланиб, оила бюджетига ҳисса қўшмоқчи бўлган хотин-қизлари ҳам бепул тикув машиналари эгаси бўлишди. Жумладан, фуқаро Салтанат Эшонқулова қизи Шаҳригул Темирова маҳалла кўмаги билан тикувчиликни ўргангани, аммо ҳозирги кунда тикув машинаси олишга имконияти йўқлигини билдириб, қилган мурожаатидан сўнг фуқарога замонавий тикув машинаси олиб берилди.

Мазкур маҳаллаларда ишсиз фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни хал қилиш борасида кичик ишчи гуруҳ тузилиб, жами 30 нафардан ортиқ ишсиз фуқароларнинг муаммолари ўрганилди. Дастлабки босқичда ишсиз хотин-қизлар масаласини ҳал этиш устувор вазифа этиб белганди. Эндиликда қолган ўрганиш натижалари бўйича ҳам ҳал қилув ишлари якунига етказилади.

Мамлакатмизда кам таъминланган, ногирон, боқувчисини йўқотган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқароларни шу жумладан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу эса мана шундай мақсадли ишларда ўз аксини топмоқда.

Акбар Абдусаидов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари

Print Friendly, PDF & Email