Аёлини ардоқлаган эл хор бўлмайди

Ўзбекистон аҳолисининг ярмини хотин-қизлар ташкил қилади. Юртимизда салкам 17 миллион аёл истиқомат қилмоқда. Бу жиҳатдан минтақада, сўзсиз, пешқадаммиз. Ҳарқалай, салмоқ ўз йўлига, асосий масала, мамлакатдаги инсон ресурсини юқори сифат даражасига кўтаришдан иборат. Яшириб нима қилдик, ўттиз йиллик мустақил тараққиёт даврида Ўзбекистонда аёллар масаласига ҳали бирон марта тизимли ёндашилгани йўқ. Чунки тизимнинг ўзи мавжуд эмасди.

Ахир, бугун минглаб опа-сингилларимиз ижтимоий таъминотнинг ҳаминқадарлиги, ишсизлик ва йўқчиллик сабаб оғир турмуш шароитида эзилиб яшаётгани, оилавий зўравонлик ҳамда таҳқирлашларга дучор бўлаётгани сир эмас-ку. Йиллар давомида қанчадан-қанча эҳтиёжманд аёллар, ёлғиз, кўп болали ёки ногирон фарзанди бор оналардан биров ҳол сўрмагани, на давлат, на маҳалла идоралари уларга ёрдам қўлини чўзмагани, кези келса, мутасаддилар реал ишлар ўрнига сохта ҳисоботларни тайёрлашга зўр бергани ҳам айни ҳақиқат. Бундай ҳолатлардан юз ўгириб бўлмайди. Камчиликларни ўзимиз аниқлаб, тузатмас эканмиз, халқни рози қилиш, фаровон ҳаёт ва порлоқ келажакка интилиш бефойда.

Шу боис миллионлаб ўзбекистонлик аёлларнинг бугуни ва истиқболи ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев шахсан қайғурмоқда. У атрофидагилардан ҳам мана шундай куюнчакликни, масалага чуқур мулоҳаза ва теран ақл билан ёндашишни талаб қиляпти. Зотан, вазият чунонам жиддий тус олган. Буни хотин-қизларнинг ижтимоий таъминотидан тортиб психологик саломатлигини мустаҳкамлашгача бўлган кўплаб чора-тадбирлар ижросига давлат катта куч ва ресурсларни сафарбар этганидан ҳам билса бўлади.

Шавкат Мирзиёев 2020 йил 8 октябрь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида мутасадди вазирлик ва ташкилотлар олдига хотин-қизлар муаммоларини маҳаллалар кесимида ўрганиб, комплекс ҳал этиш вазифасини кўндаланг қўйганди. Ўшанда илк бор “Аёллар дафтари”ни яратиш ва жорий этиш зарурати ҳақида сўз юритилган.

Эҳтиёжманд аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлат даражасига кўтарилгани ҳамда давлат раҳбарининг шахсий назоратига олингани бежиз эмас, албатта. Ўйлаб қарасак, жамиятдаги аксар фундаментал муаммолар аёл зотига етарли эътибор қаратмаслик, уни қадрламаслик оқибатида келиб чиқмоқда. Аёл хўрланса, оилада носоғлом маънавий муҳит шаклланади, аёл бебош бўлса, жиноятга йўрғалайди, аёл касалманд бўлса, миллат генофонди бузилади, аёл илму маърифатдан узоқлашса, фарзандлар тарбиясиз ўсади. Бу алал-оқибат мамлакат тараққиётига болта уриши муқаррар. Демак, оғир ҳаётий вазиятларга тушган хотин-қизларни ёлғизлантириб қўйиш ўз-ўзимизга хиёнатдир.

Ўзбекистоннинг бугунги раҳбарияти ушбу ҳақиқатни чуқур англаган. Шу сабабли аёллар бандлигини таъминлаш, ижтимоий аҳволини яхшилаш, ҳуқуқий ҳимоясию саломатлиги йўлида ҳеч қандай куч ва маблағни аяётгани йўқ.

2021 йилнинг 26 февраль куни Шавкат Мирзиёев раислигида аёллар масаласига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга аниқланган муаммосига қараб манзилли ёрдам кўрсатиш механизмлари муҳокама қилинди. Ҳар қайси давлат органи, жойлардаги ҳокимлардан тортиб, маҳалла раисларигача – барча ижрочиларнинг бу борадаги масъулияти аниқ белгилаб олинди.

Шу ўринда эътиборингизни бир жиҳатга қаратсак. Хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш ишларини марказлаштирилган ҳолда ташкил этиш тажрибаси дунёнинг биронта мамлакатида мавжуд эмас. Ҳеч қайси давлат миллионлаб аёлларнинг дарду ташвишлари билан қизиқмайди. Уларнинг хонадонига кириб, яшаш шароитию кам-кўстини ўрганмайди. Ёрдамга муҳтож аёлларни алоҳида дафтарга киритиб, оғирини енгил қилиш ҳақида қайғурмайди. Бу борада Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга, том маънода, ўрнак, намуна кўрсатмоқда.

Умр бўйи турмуш ташвишларига кўмилиб, қачондир рўшнолик кўриш, муаммолар гирдобидан қутулишни орзу ҳам қилмай қўйган бир муштипар она кутилмаганда давлатнинг бундай эъзозига сазовор бўлгач, қай ҳолатга тушишини тасаввур қилинг-а. Шунинг ўзи унинг учун бахт эмасми?!

“Аёллар дафтари” деб номланган уникал тизим орқали Ўзбекистон камбағалликка қарши курашиш сари дадил қадам ташлагани алоҳида аҳамиятга моликдир. Очиғини айтайлик, бундай залворли вазифани ҳар қайси мамлакат ҳам гарданига ололмайди. Биринчидан, масъулияти катта. Ахир, эҳтиёжманд аёлларга манзилли ёрдам кўрсатиш ҳар бирининг муаммосига индивидуал ёндашган ҳолда ечим излашни талаб қилади. Бунда тайёр андозалар йўқ. Самарали усул ва мехнизмларни жойлардаги мутасаддиларнинг ўзлари яратиб қўллаши зарур. Қолаверса, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммосини ҳал қилиш ишнинг ярми, холос. Уларнинг кейинги тақдирига бефарқ қолмаслик ҳам жуда муҳим. Гап кўрилаётган чора-тадбирларнинг сифат-самараси ҳақида хулоса чиқариш имконини берадиган мониторинг тизими хусусида бормоқда.

Ҳарқалай, давлатимиз ўз зиммасига олган вазифа қўламдорлиги ва ташкилий жиҳатдан мураккаблиги билангина залвори эмас. Оғир ҳаётий вазиятда қолган аёлларни ижтимоий фаол субъектларга айлантириш – ҳам ўзига бўлган ишончи, ҳам келажакка умидини ошириш ва шу аснода уларни мамлакат иқтисодий равнақига хизмат қила оладиган нодир инсон ресурсига айлантириш катта инвестицияни талаб қилади. Ўзбекистонда шундай сармоя бор. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун жорий йилда давлат бюджетидан нақ 2,5 триллион сўм ажратилди. Турган гапки, унинг ҳар бир тийини нафақат керакли манзилга етиб бориб, оқилона сарфланиши, балки давлат ва жамиятга бундан юз карра ортиғи билан янги иш ўринлари, илму тафаккури юксак, бахтиёр аёллар, тўкин ва фаровон оилалар, соғлом фарзандлар, ҳаётидан мамнун оналар кўринишида қайтиши зарур.

Шу кунга қадар аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш бўйича Республика комиссияси таркиби шакллантирилди. Янги тузилмага Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиков раҳбарлик қилмоқда. Комиссия Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, бир қатор вазирлик ва идоралар, давлат қўмиталари, прокуратура ва суд органлари, жамоат ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вакилларидан ташкил топган.

Ўтган йили Касаба уюшмалари федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, маҳаллий ҳокимликларнинг масъул ходимлари (жами 70 минг киши)дан иборат ишчи гуруҳлари хонадонма-хонадон юриб, 6 миллиондан ортиқ аёл билан мулоқот қилди. Шунинг натижасида тўққизта мезон асосида салкам 433 минг нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди. Ҳозирча 80 минг нафарининг муаммоси ҳал этилган. Бироқ бу дарёдан томчи, холос. Асосий ишлар ҳали олдинда.

Президент юқорида тилга олинган йиғилишда давлат бошқаруви сектори раҳбарларига рўйхатга киритилган биронта ҳам аёлнинг дарду ташвишлари эътибордан четда қолмаслиги кераклигини уқтирди. Айни масалада мутасаддилардан қатъий тартиб-интизом ҳамда шахсий жавобгарлик талаб қилинмоқда. Давлат раҳбари топшириғига биноан, ҳоким ўринбосарлари, Халқ банкининг ҳудудий филиаллари раҳбарлари, туман (шаҳар) прокурори, ички ишлар ва адлия бўлимлари бошлиқлари, жойлардаги хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари ҳамда маҳаллалардаги “Аёллар маслаҳат кенгашлари” раҳбарлари янги тизим доирасида белгиланган вазифалар ижроси учун масъул ҳисобланади. Эндиликда улар ҳафтанинг икки кунида фақат аёллар масалалари билан шуғулланиши керак. Бажарилган ишлар натижалари ҳар ҳафтада ҳудудлар кесимида муҳокама қилиб борилади. Мониторинг қилиш ваколати эса кенг жамоатчилик ҳамда депутатларга тақдим этилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, биринчи чорак якунига қадар республика миқёсида 48 минг нафарга яқин хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилиб, бандлиги таъминланади, 5 минг нафарига томорқасидан даромад олиши, 22 минг нафарига уй-жойини таъмирлаши ҳамда ижтимоий аҳволини яхшилашига моддий ёрдам кўрсатилади, яна 13 минг нафардан зиёдига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли кредит берилади. Қолаверса, Президентнинг шахсий ташаббуси асосида нотурар жойларда истиқомат қилаётган 9 минг 223 нафар аёлга уй-жой ижараси учун тўловни давлат ҳисобидан қоплаб бериш кўзда тутилган. Бунинг учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги орқали 2 миллиард сўм йўналтирилмоқда.

Худди шу аснода иккинчи чоракда “Аёллар дафтари”га киритилган 165 минг нафардан зиёд, учинчи чоракда 133 минг нафарга яқин хотин-қизга манзилли ёрдам кўрсатиш режалаштирилди.

Давлат ҳимоясига олинган аёлларнинг асосий муаммоси — ишсизлик. Бу эса иккинчи катта муаммо — иқтисодий етишмовчиликни юзага келтирмоқда. Мутасадди ташкилотлар олдига 2021 йилнинг тўққиз ойи якунига қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож жами 221 минг нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилган. Айтишга осон рақам. Ваҳоланки, ҳамма ҳудудларда ҳам ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд эмас. Хизмат кўрсатиш соҳасида эса иш ўринлари чекланган. Бундай шароитда аҳолига ўзини ўзи банд қилиш имкониятини яратиш ягона оптимал ечим ҳисобланади.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Фарғона, Қашқадарё вилоятларида адрас, атлас, аъло бахмал, гилам тўқиш бўйича бир ойлик курсларни ташкил этиш орқали камида 15 минг нафар аёлни касб-ҳунарга ўқитиш мумкин. Тўқув дастгоҳларини харид қилиш учун уларга жами 60 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилади. Бундай имкониятлар асосида ҳунар эгалари ўз ишини топиб кетишига шубҳа йўқ.

Зарур билим ва кўникмаларни бериш орқали пиллачиликда яна 3 минг нафар, қоракўлчиликда 20 минг нафар аёлнинг бандлигини таъминласа бўлади.

Айни вақтда “Аёллар дафтари”га киритилган 70 минг нафарга яқин хотин-қизни тадбиркорликка жалб қилиш чоралари кўрилмоқда. Халқ банкининг алоҳида кредит линияси орқали шу мақсадга жами 2 триллион сўм маблағ йўналтирилди.

Аёлларнинг бизнесга оид кўникмаларини шакллантириш масаласи ҳам эътибор марказида. Жорий йилнинг 1 июнигача Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд шаҳарларида мазкур фаолиятга ихтисослашган камида иккитадан, қолаверса, Тошкент шаҳри туманларида биттадан нодавлат нотижорат ташкилотини очиш кўзда тутилган. Аёлларни тадбиркорликка ўқитадиган муассасаларнинг барчасига грантлар ҳамда имтиёзли асосда иш жойи тақдим этилади.

Шу билан бирга аёллар бандлигини таъминлаш истагида бўлган тадбиркорларга ҳар бир туманда бўш турган коллеж биноларидаги хоналарни 30 йилгача имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқи билан ижарага бериш тартиби жорий қилинмоқда. Бундай тизимли ишлар учун 70 миллиард сўм маблағ сарфланади. Пировард натижада, йил якунигача 50 минг нафар хотин-қизни сифатли ўқитган ҳолда, иш билан таъминлаш режа қилинган.

Ўзбекни ер боқади, дейдилар. Чунонам шундай. Унумдор заминимиздан нафақат бободеҳқонлар, балки рўзғорини бут қилиш ташвишида юрган аёллар ҳам фойдаланиб, даромад олиши мумкин. Ўтган йили юртимизда илк бор заъфарон ўсимлигини етиштириш тажрибаси йўлга қўйилди. Ушбу гиёҳнинг гулларини фақат қўлда териб олиш мумкин. Бу эса минглаб хотин-қизларни мавсумий иш билан банд этиш имконини яратмоқда. Шуни назарда тутган ҳолда, ҳукуматга Зомин, Бўстонлиқ, Ургут, Китоб, Шаҳрисабз, Чортоқ туманларида заъфарон экиш учун 50 гектардан ер майдони ажратиб, камида 50 минг нафар аёлнинг меҳнат қилишига шароит яратиш вазифаси топширилган.

Боқувчисини йўқотган аксарият аёллар уй-жойдан қийналмоқда. Баъзилари нотурар бинолар ёки ижарада яшашга мажбур. “Аёллар дафтарида” бу тоифа алоҳида қайд этилган. Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизлар салмоғи 9 минг 223 нафарни ташкил қилмоқда. Давлат уларни кўчада қолдирмайди, албатта. Ҳозирда ижарада яшаётган эҳтиёжманд аёлларга жами 11 миллиард сўмлик компенсация тўлаш чоралари кўриляпти. Шунингдек, отасидан айрилган, ёлғиз онаси қарамоғида вояга етган муҳтож қизларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида уйнинг бошланғич бадалини тўлаб бериш учун ҳар бир вилоятга 5 миллиард сўмдан ажратилди. Худди шундай ёрдам нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларга ҳам кўрсатилиб, жорий йилда бу ишларга 140 миллиард сўм, 2022 йилда яна 150 миллиард сўм йўналтирилади. Қарши шаҳрида эса, истисно тариқасида, учта ётоқхона хонадон соҳибларига расмийлаштирилиб, тўлиқ таъмирланадиган бўлди.

Яна бир хушхабар. Ўзбекистонда ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни давлат олий таълим муассасаларида бепул ўқитишга қарор қилинди. Янги ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 100 нафардан, молиявий барқарор олийгоҳлар эса 50 нафаргача хотин-қизнинг контракт пулини ўз ҳисобидан тўлаб беради.

“Аёллар дафтари”га киритилган ҳамюртларимизнинг 44 минг нафари тиббий ёрдамга муҳтож. Уларнинг ҳар бири касаллик турига қараб тор доирадаги шифокорлар томонидан шу йилиёқ даволанади. Қолаверса, тўққиз ой ичида қарийб 9 миллион аёлни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, одам папилломаси вирусига қарши эмлаш, 1,5 минг нафардан зиёд беморга эса юқори технологияли тиббий хизматлар (мураккаб жарроҳлик амалиётлари ва бошқалар)ни кўрсатиш кўзда тутилган.

Эҳтиёжманд аёллар саломатлигига эътибор кейинги йилларда ҳам тўхтаб қолмайди. Президент Молия вазирлигига ҳар йили шу мақсадда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасига қўшимча 50 миллиард сўм маблағ йўналтириш бўйича топшириқ берди.

“Аёллар дафтари”га киритилган 37 минг нафар боқувчисини йўқотган, 26 минг нафар ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам бериш учун давлат ҳисобидан нақ 80 миллиард сўм маблағ ажратилгани ҳам ўзига хос воқеликдир.

Таъкидлаш жоиз, “Аёллар дафтари” шунчаки хўжакўрсинлик учун қилинаётган иш эмас. Ушбу улкан ва уникал тизим, аввало, узоқ истиқболга йўналтирилгани, аёлларнинг нафақат бугунги муаммоларини ҳал этиш, балки эртанга ташвишларини камайтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Бу эса режалаштирилган ва бундай кейин режалаштириладиган ишлар қоғозда қолиб кетмаслиги, ўз вақтида, рисоладигадек бажарилишига умид уйғотади.

Аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш механизми доимий ҳаракатда бўлиши зарур. Бунинг учун хотин-қизларнинг мурожаатлари ҳар куни кўриб чиқилади, ҳар ярим йилда эса уларнинг муаммолари уйма-уй юриб ўрганилади.

Республика комиссияси 6 миллиондан ортиқ аёлларда хонадон ва томорқа маданиятини шакллантириш, борингки, маънавий савияси, тиббий ҳамда ҳуқуқий билимларини ошириш, фарзанд тарбияси билан боғлиқ дунёқарашини кенгайтириш ишларини ҳам ўз зиммасига олди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси эҳтиёжманд аёлларнинг оғирини енгил қилишга баҳолиқудрат ҳисса қўшган, фидокорона меҳнати билан барчага намуна кўрсатган инсонларни муносиб рағбатлантириш тадоригини ҳам кўрмоқда. Йил сарҳисобида энг яхши маҳалла раиси, энг яхши сектор раҳбари, энг намунали иш берувчи, шунингдек, “Аёллар дафтари”га кирган ҳамда маҳалласидаги хотин-қизларни иш билан таъминлаган тадбиркор аёл — касаба уюшмалари лауреати аниқланиб, “Лесетти”, “Кобальт” ва “Спарк” автомобиллари билан тақдирланади. Учта совринли ўриндан ташқари, юқоридаги танловларнинг республика босқичига йўлланма олган 44 нафар иштирокчи 30 миллион сўмдан пул мукофотини қўлга киритиши мумкин.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Касаба уюшмалари фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган жами 420 нафар матонатли аёлни юртимиз сиҳатгоҳларида бепул соғломлаштириш ташаббуси билан ҳам чиқди. Бундан ташқари, ташкилоти ҳисобидан 50 та олис тумандаги маҳаллаларда енгил конструкцияли гўзаллик салонлари қурилиб, тўлиқ жиҳозлаб берилади. Мана шундай хайрли ишларга Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси 8 миллиард сўм мабла- йўналтиргани таҳсинга лойиқ.

…катта йўл бошидамиз. Кўзланган улкан мақсадларга етиш учун шу қадар улкан довонлардан ошмоқ керак. Халқимиз сабр-бардошли. Бир ёқадан бош чиқариб, ишонч билан олдинга интилсакгина марра бизники бўлади. Олға, Ўзбекистон! Сенинг қўли қадоқ муниса аёлларинг рўшнолик кўришга ҳақлидир.

 

Наргиза УМАРОВА,

журналист

Print Friendly, PDF & Email