ДЕПУТАТ КУНДАЛИГИ: Инсон қадри унинг ҳақ-ҳуқуқлари устувор даражага кўтарилаётган мамлакатда яшаяпмиз. Фаровон турмуш деган тушунчанинг асл моҳияти ҳам инсон омилининг ўтаётган ҳар бир кунидан розилигидадир. Демократик тамойилнинг таг замирида ҳам аслида одамлар манфаати ётади.

Бу манфаатларнинг таъминланиши, жамиятни ривожлантиришда албатта халқ вакили ҳисобланган депутатларнинг иштироки ўзига хос ўрин тутади. Зотан, бугун халқ вакили том маънода ўз бурчини тушуниб етди. Хўш, вилоятимиз аҳолиси томонидан сайланган депутатлар ўз бурчини қанчалик адо этишяпти? Самарқанд шаҳар 6-Меҳробод сайлов округидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган Суҳроб Рафиқовнинг ўтган давр мобайнида амалга оширган ишлари мисолида мазкур саволга жавоб излаб кўрдик.

Мазкур сайлов округи ҳудудида 24 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларда 14 минг 600 та хонадон, 19 минг 328 та оила ва 54 минг 629 нафар аҳоли истиқомат қилади. Табиийки, уларда ўзига яраша муаммо ва ечимини кутаётган масалалар бор. Бу ишларни бартараф этишда депутатнинг холис иштироки жуда муҳим.

Йиғилиб қолган муаммолар ҳамда одамларни қизиқтираётган масалаларга тўғри йўл топишнинг самарали усули сайловчилар билан юзма-юз учрашишдир, — дейди Суҳроб Рафиқов. — Шу боис мен ҳам фуқаролар билан учрашувлар ташкил қилиб, мавжуд муаммо ва уларни қизиқтираётган ҳар бир жиҳатни жойига бориб ўрганишга ҳаракат қилаяпман. Бу ўз навбатида аниқланган масалани таҳлил қилиш, уларнинг илдизини топиб, керакли чора-тадбирларни жойида қўллаш имкониятини ҳам туғдирмоқда. Жорий йилнинг март ойи охирига қадар 4 маротаба фуқаролар билан қабуллар ўтказдим. Қабуллар давомида фуқаролар томонидан 100 га яқин мурожаатлар бўлди. Карантин эълон қилинган санадан бошлаб мурожаатларни онлайн қабул қилишни йўлга қўйдим.

Сайлов округи ҳудудидаги маҳаллаларда асосан коммунал соҳа, тиббий хизмат, ободонлаштириш, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш ва шу сингари бошқа соҳалар бўйича бир қанча муаммолар тўпланиб қолган. Бугунга қадар мурожаатларнинг аксар қисми тегишли мутасаддилар иштирокида жойида бартараф этилган. Қолганлари юзасидан масъул корхона, ташкилот ва муассасаларга депутатлик сўровлари юборилиб, 57 та мурожаатнинг ижроси таъминланишига эришилди. Айни пайтда бошқа мурожаатлар ижроси бўйича ҳам ҳамкорликдаги ишлар давом этмоқда.
Жумладан, шаҳримизнинг “Дари Занжир” маҳалласида жойлашган Вобкент кўчасида 200 п/м ирригация тармоғи тартибга келтирилди. Абдураҳмон Жомий номли маҳалладаги Каварзор кўчасига ҳомийлар ёрдамида 15 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Огаҳий номли маҳалладаги кўчаларда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ирригация тармоғи тартибга олинди. Шунингдек, “Шарқ тонги” маҳалласи Ойбек кўчаси 1- йўлакдан ўтган ичимлик сув қувури ёрилиб, яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Яқинда ушбу эски қувур ўрнига 280 метр янги 50 диаметрли пластик қувур ўрнатилди. Бундай ишлар кўламини Мирзо Турсунзода, Тўрақул Зеҳний, Ойбек кўчаларида ҳам кўриш мумкин.

Депутат амалга оширилган ишлар акс этган фотоальбомни кўрсатаркан, депутатлик фаолияти давомида ёшлар масаласини ҳам эътибордан четда қолдирмаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Чунки маҳаллалар аҳолисининг аксар қисмини ёшлар ташкил этади. Шу боис, улғайиб келаётган авлодга эътиборни кучайтириб, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ишлари янада кучайтирилган.

Сайлов округимиз ҳудудидаги 24 та маҳаллада 872 нафар кам таъминланган оилалар рўйхатлари шакллантирилган, — деди депутат сўзида давом этаркан. — “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ушбу маҳаллаларга 24 та саховатпеша тадбиркорлар бириктирилди. Ҳозирги оғир ва синовли кунларда муҳтож оилалар ва улардаги ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича маҳаллалар билан биргаликда зарур чора-тадбирларни ишлаб чиққанмиз. Шунга кўра, шаҳримиздаги “Токзор”, “Марҳабо”, “Бешчинор”, “Ўрикзор”, “Саидризо Ализода номли, “Фароғат”, “Семурғ”, Абдулла Авлоний номли, “Беклар”, “Камолот” маҳаллаларидаги кам таъминланган ҳамда карантин даврида қийин аҳволда қолган оилалар аҳволи ўрганилиб, саховатпеша тадбиркорлар томонидан бепул озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Оилаларнинг 52 нафар ишсиз аъзоларининг бандлиги таъминланди. Ҳудди шундай, “Аҳиллик”, “Бўстон”, “Нурли келажак”, “Шукрона”, “Маданият”, “Нурафшон”, “Дарғом”, “Чорбоғ”, “Каттақўрғон”, “Меҳробод”, “Найман”, Амир Темур номли, Ал-Хоразмий номли, Мирзо Бедил номли маҳаллалардаги 639 та кам таъминланган оилаларга ҳам амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Қолаверса, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида депутат ташаббуси билан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча тарзда ҳомийларни жалб этиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, “Дарғом” маҳалласидаги 10 та, “Шарқ” маҳалласидаги 20 та кам таъминланган оилаларга ҳомийлар жалб этилган. Бундан ташқари, фуқаролар Х. Аҳмедова, Д. Жалолова ва У. Тохирова, Х. Жаҳоновга ҳамда Н. Худойқуловаларга моддий ёрдам берилди.
Яқин даврларда депутатни ўз сайловчилари ҳам яхши танишмас эди. У ким эканлиги, нима ишлар қилаётгани доим сўроқ остида қоларди. Бугун-чи, у одамлар орасида, уларнинг ичида туриб билдирилган ишончни, ўз ваколатини оқлашга ҳаракат қилмоқда. Ва бу ҳаракатлар самарасиз кетаётгани йўқ. Албатта забт этилган марралар фақат равон йўллардан иборат эмас. Камчилик ва хато ҳар доим бўлган ва бўлиши муқаррар. Муҳими, улар учун курашадиган, халқнинг дардини тинглаб, биргаликда ечим топадиган ишончли вакил бор.

Мансур ҲАСАНОВ,
“Samarqand” мухбири

Print Friendly, PDF & Email