ФАРОВОН ИСТИҚБОЛ БУНЁДКОРЛАРИ

Касаба уюшмалари томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ёш оилаларга ғамхўрлик кўрсатиш, улар турмуш шароитини яхшилашга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Меҳнат жамоасида ёш мутахассисларни меҳнат жараёнига кўникиб кетишлари, касбий фаолияти юксалишлари учун “Устоз – шогирд” анъанасини тизимли йўлга қўйилиб натижадорлиги таъминланаётир. Бу борада жамоа шартномалари ва келишувларига киритилган ёшларга оид имтиёз ва кафилликларга асосланган бандларнинг тўлиқ бажарилишини мониторинг қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида жамоа шартномаси ва келишувлар орқали 28 нафар икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилди.Тармоқ корхоналарда 34 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллар, дарсликлар харид қилиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилди. Шунингдек, 306 нафар ёш оилалар вакилларига корхоналар хисобидан 41,8 миллион сўм, касаба уюшмасидан 11,7 миллион сўм моддий ёрдам берилди. Жорий йилнинг ўтган уч ойи собайнида жами 1256 нафар меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари учун саёхатлар уюштирилди. Бу саёҳатчиларнинг 354 нафарини ёшлар ташкил этади. 2020 йилнинг январ-март ойларида 281 та меҳнат жамоаларида “Тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик – бебаҳо неъмат” мавзусида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди, тадбирларда корхона ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган 10 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этишди.
Касаба уюшмалари ташаббуси билан йилнинг биринчи чорагида “Беш ташаббус-беш имконият” лойиҳаси доирасида 100 дан ортиқ ёшларнинг театр ва музейларга ташрифи ташкил этилди. Шу даврда тармоқ касаба уюшмалари туман ва шаҳар кенгашлари томонидан ёшлар билан 3 маротаба учрашувлар ўтказилди ва унда 600 нафар ёшларнинг иштироки таъминланди.
8-март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан жорий йилнинг 1 март куни вилоятдаги барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларидан, вилоятнинг олис ва чекка қишлоқларида турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган 675 нафар хотин-қизлар, жумладан 214 нафар ёшлар Самарқанд шаҳри бўйлаб зиёрат-саёҳатига таклиф этилди ва Самарқанд шаҳридаги “Диёра” базмгоҳида “Муқаддас аёл” номли концерт дастури ташкил этилди.
”Касаба уюшмалари стипендианти”га муносиб деб топилган Самарқанд давлат университети биология факультети 2-курс талабаси Шаҳноза Аблақуловага 6 ой давомида энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқторида касаба уюшмаси стипендияси ажратилиб борилди.
Ёш касаба уюшма аъзоларини, шунингдек, олий таълим муассасаларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган талабларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, соғлиғини муҳофаза қилишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган «Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ёшларни соғломлаштириш» лойиҳаси доирасида Самарқанд ветеринария медицинаси институти 2-курс талабаси Хумоюн Раҳматуллаевга бепул йўлланма ажратилди.
Самарқанд шаҳридаги 75061 ҳарбий қисмда “Ватанимга таянчман” мавзусида ватанпарварлик соати тадбири ўтказилди. Тадбирда мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, қуролли кучларни ислоҳ қилишдаги ютуқлар, миллий армиямизнинг ватанимиз мустақиллиги, суверенитетини сақлаш ҳамда сарҳадлар дахлсизлигини таъминлаш тўғрисида фикр юритилди. Ҳарбий қисмда бўлиб ўтган учрашувда, хизмат қилиш жараёнида юксак намуна кўрсатган 25 нафар ёш ҳарбий хизматчиларга бадиий китоблар туҳфа этилди.
Улғайиб келаётган авлодга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Март ойида вилоят касаба уюшмаси томонидан “Аёллар ва ёшлар меҳнати муҳофазаси эътибор марказида” амалий мулоқот тадбири бўлиб ўтди. Мулоқот давомида корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ногиронлар, аёллар ва ёшлар меҳнатида “Тенг ҳуқуқлар – тенг имкониятлар” тўғрисида аниқ вазифалар белгилаб олинди.
“Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида Самарқанд шаҳридаги 1- сон “Меҳрибонлик уйи” тарбияланучиларига 100 дан ортиқ турли китоблар топширилди.
Ёшларни иш билан таъминлаш, касби-корга йўналтириш борасида ҳам ишлар олиб бормоқда. Айни чоғга қадар таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман ва шаҳар кенгашлари томонидан 12 нафар ёшларни иш билан таъминлашда кўмаклашилди.
Зиммамизга юкланган вазифаларни бажариш ҳам фарз ҳам қарз. Олдимизда эса янада масъулиятлироқ вазифалар турибди. Уларнинг энг асосийларидан бири – 5 муҳим ташаббус ғоясини ривожлантириш борасида доимий ҳаракатда бўлишга интилаяпмиз.
Бир қатор ғоя ва режалар шакллантирилаётир. Масалан, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнаткашлар учун қулай шарт-шароитлар яратишни рағбатлантириш мақсадида “Энг масъулиятли ёш иш берувчи” танловини ташкил этишни мўлжаллаб турибмиз.
Ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали ўз иқтидор ва истеъдодларини кенг намоён этишлари учун имкониятлар яратиб бериш ҳам устувор вазифаларимиздан биридир.
Фойдали юмушга муҳтож ёшларни, айниқса таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашиши ва иш жойларида қўнимлилиги таъминланиши юзасидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ва мониторинг олиб боришни намунали ташкил этиш юзасидан тизимли ишлар режалаштирилмоқда.
Жамоат ташкилотининг фаол ёшларини, айниқса, чекка туманлардаги ёшларни республиканинг тарихий шаҳарлари ва диққатга сазовор жойларига саёҳатларни ташкил этиш ҳам мўлжалланаётир.
Касаба уюшмалари сафларини фаол ёшлар билан тўлдириш, турли бўғинларда кўнгиллилар (волонтёрлар) гуруҳларини ташкил этмоқчи бўлаяпмиз.
Қисқа қилиб айтганда, ёшлар ўртасида турли маданий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар, фестиваллар, спорт мусобақалари ўтказиш ва уларни рағбатлантириш, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, улар ҳаётига мазмун олиб киришга фаол интилмоқдамиз.

Акбар Абдусаидов

Самарқандвилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси – ўринбосари.

Print Friendly, PDF & Email