ГЎЗАЛЛИК-ЛА ЧУЛҒАНГАН ОРОМГОҲ

Тоғ бағридаги оромгоҳга келишган бу ўқувчилар шу пайтга қадар баланд тоғларни фақат узоқдан томоша қилишган. Бу ҳақда катта ёшдаги одамлардан эшитишган. Телевизорда тоғлар табиати билан боғлиқ кўрсатувлар берилиб қолса борми, ҳар қандай зарур ишларини ташлаб, телеэкран қаршисида михланиб ўтиришган.
Бугун эса улар ростмана тоғлар қаршисида. Ёнгиналаридаги баланд чўққилар сари интилишни, бирпасда улар бағрида бўлишни шунчалик исташадики, аммо ҳозирча бунинг имкони йўқлигини ҳис этишади. Сабаби, оромгоҳдан ўқувчиларнинг ўзларича узоққа кетишига бу еорда йўл қўйилмайди. Қарашадики, булоқлар кўз очган, ариқлар тўлиб зилол сувлар оқмоқда. Ён-атрофга соя ташлаб турган баланд дарахтлар, сув бўйидаги мажнунтоллар, қияликда яшнаб турган арчалар янада эътибор тортарли. Ётоқхона, ошхона, ўйин павильонлари кўзга ташланади. Умуман гўзал манзара. Худди мактабда ўқитувчилари айтганидай.

Мактабда бу ўқувчиларнинг синф раҳбари Миронқул қишлоғидаги “Янги Ўзбекистон” оромгоҳини шундай тасвирлаган эди:
“Оромгоҳ” тоғлар билан ўралган. Бир тоғлар-ки, баланд чўққилардан иборат. Ҳатто, харсанг тошларда ҳам гулу гиёҳлар унади. Оромгоҳда бўлганимда, тошлар орасида тоғ лоласининг очилиб турганини кўрганман. Аммо болаларга оромгоҳ ҳудудидан узоқлашишга рухсат берилмайди. Оромгоҳ маъмуриятининг тартиб-қоидаси бўйича фақат белгиланган пайтларда, ўқитувчи ёки тарбиячи етакчилигида экскурсия ташкил этилади. Бу тоғларда ҳар хил илонлар, чаёнлар ва бошқа заҳарли судралиб юрувчилар ҳам учрайди. Аммо улар инсонга озор етказмайди, ҳеч қачон биринчи бўлиб ҳужум қилмайди. Оромгоҳнинг ўзи эса ниҳоятда гўзал. Булоқлардан зилол сувлар қайнаб чиқади, ариқларда оби ҳаёт лиммо-лим. Қадимий чинорлар, бошқа дарахтлар оромгоҳга кўрк бағишлайди. Арчазорларнинг гўзаллигидан ақл лол қолади. Лекин, билингки, бундай жойга энг билимдон, тартибли, она-Ватанга садоқатли болаларгина боради.
Самарқанддан унчалик узоқ бўлмаган бу оромгоҳ раҳбари Мавлон Ғаффоров шундай дейди:
-Қоратепа тизма тоғлари ён бағридаги бу оромгоҳ Паст Дарғом туманига қарашли. Туман ҳокими Шунқор Худойбердиев туман халқ таълими тизими ходимларига ғамхўрлик сифатида оромгоҳнинг янги мавсумга шай этилишида бош-қош бўлди. Дам олишга келадиган болалар сарф-харажатининг 28 фоизини ота-оналар тўлайди. 25 фоиз харажат таълим ходимлари касаба уюшмалари туман бўлими зиммасида. 47 фоизи эса Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши ҳисобидан қопланади. Ҳозир биринчи даврадаги дам олувчилар сони 292 нафар. Уларнинг барчаси пастдарғомлик халқ таълими ходимлари фарзандлари. Оромгоҳда болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун ҳамма шароитлар яратилган.

Чинданда оромгоҳ манзаралари гўзал, ҳавоси мусаффо. Қишлоқ оралаб, тоғ сари кўтарилиб бораркансиз, табиат ҳам ўзгара бошлайди. Дарахтлар, буталар қуюқлашади. Ариқлар тагида энди қишлоқ қуйисидагидек тошу қумлар кўринмайди, лиммо-лим об-ҳаёт ўзанидан чиқиб кетгудек ҳолда пишқириб оқади.
-2021 йилнинг ёз мавсуми давомида вилоятмизда 74 та шаҳардан ташқари ва кундузги оромгоҳлар фаолият юритади, уларда 21 130 нафар болалар соғломлаштирилади, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари Акбар Абдусаидов. —18 та шаҳардан ташқари оромгоҳларда 9 630 нафар, 56 та кундузги оромгоҳда 11 500 нафар болаларни дам олдириш режалаштирилган. Мавсум оромгоҳларда 4 даврада ташкил этилади. Айни пайтда биринчи даврада шаҳардан ташқари оромгоҳларда 2247 нафар болалар соғломлаштирилмоқда.

Мавсум давомида шаҳардан ташқари оромгоҳларда 332 нафар ишчи-ходимлар тарбиячи, етакчи, тўгарак раҳбари, спорт йўриқчилари, тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатади. Таълим-тарбиявий ишларни кўнгилдагидек олиб бориш мақсадида мавжуд оромгоҳларда вилоят, туман (шаҳар) ахборот ресурс марказлари томонидан кўчма кутубхоналар ташкил қилиниб, ҳар бир оромгоҳ 600-700 донагача бадиий адабиётлар, газета ва журналлар билан таъминланган. Оромгоҳларда маданий-маърифий ва спорт тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида вилоят ҳокимлиги маданият бошқармаси томонидан алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Оромгоҳларда таниқли санъаткорлар, кўрик танлови ғолиблари, театр актёрлари иштирокида концерт дастурлари намойиш этилмоқда.
Самарқанддаги болалар оромгоҳларида ёзги дам олдириш мавсуми шундай ташкил этилган. Айниқса, шаҳардан ташқарида, асосан, тоғ бағирларидаги оромгоҳларда ҳордиқ чиқараётган болаларнинг ҳар куни завқли ўтмоқда.

Абдурасул САТТОРОВ.

Print Friendly, PDF & Email