Ҳамкорлик ва тажриба уйғунлиги

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси, Президент Администрациясининг Тиббиёт бош бошқармаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида Тошкент вилоятидаги «Оқтош» санаторийсида «Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлиғини сақлаш ва тиклашда санатор-курорт муассасаларининг ўрни ва аҳамияти» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда Беларусь, Болгария, Озарбайжон, Греция, Малайзия, Қирғизистон каби хорижий давлатлар вакиллари ва юртимиздаги санаторийлар раҳбарлари иштирок этди.

Халқаро конференцияда Санатор-курортлар бошқармаси бошлиғи Анвар Аҳмедов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги санаторийлар фаолияти ҳақида маълумот берди.
Шу ўринда айтиш жоизки, конференцияда санатор-курорт муассасаларини бошқариш тизимини ташкил этиш, даволаш ишларида халқ табобатидан фойдаланиш, санаторийларда юқумли бўлмаган сурункали касалликларни даволаш, муассасаларда диагностика ва даволаш стандартларини татбиқ этиш, парҳез овқатланишни ташкил этишда замонавий ёндашув, шунингдек, соғломлаштириш туризмида қўлланувчи замонавий технологияларни қўллашда жаҳон тажрибаси каби мавзулар муҳокама қилинди.
Хусусан, беларуслик иштирокчиларнинг мамлакатда тиббий реабилитация ва физиотерапиянинг ривожланиши ҳақидаги маълумотлари, бу борада тўп­ланган амалий тажрибалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Бундан ташқари, Болгариянинг ФИЗ Евро-Ўртаерденгизи университети вакили Весела Кехаеванинг Болгарияда санатор-курортлар хизматлари, курортлар фаолияти, уларнинг жойлашган ҳудуди ва ажралиб турувчи жиҳатлари ҳақидаги маълумотлар барчага манзур бўлди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг физиотерапия ва курортология бўйича бош мутахассиси Адибахон Усмонхўжаеванинг Ўзбекистонда физиотерапия хизмати тарихи, бугунги кундаги ҳолати ва эришилган натижалар хусусидаги маърузаси ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Конференцияда кўп кўринишли астмага ташхис қўйиш ва даволаш усуллари, сурункали касалликлар реабилитациясида иммунотерапиянинг аҳамияти, кекса ёшдаги инсонларга озиқ-овқат қўшимчаларини тавсия этишнинг муҳим жиҳатлари, юрак, қон-томир касаллиги бўлган беморлар реабилитацияси, мия­­да қон айланиш тизими бузилишида физиотерапиядан фойдаланиш, Германияда мижозларга тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати каби мавзулардаги маърузаларда бугунги кунда тиббиёт соҳасидаги миллий ва халқаро тажрибалар, мавжуд муаммоли ҳолатлар бўйича фикр алмашилди.
Иштирокчилар халқаро конференция асноси кўплаб янги маълумотлар ва келгуси фаолиятларида қўллаш мумкин бўлган амалий билимларга эга бўлишганини эътироф этишди.
Конференция иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си тасарруфидаги санаторийлар, пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари ҳамда Самарқанд шаҳрида ҳам бўлишди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши веб-сайти (www.kasaba.uz)дан олинди.

Print Friendly, PDF & Email