Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат шиори остида ўтказилаётган тадбирлар доирасида Аёллар ва ёшлар меҳнат муҳофазаси эътибор марказида

Жорий йилнинг 24 апрель куни Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишлаб, “Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” шиори остида “Аёллар ва ёшлар меҳнат муҳофазаси эътибор марказида” амалий мулоқот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир ҳамкор ташкилотлар вакиллари, йирик саноат корхоналарининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассислари, турли касбларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар, ёшлар иттифоқи фаоллари, олий ўқув юртлари талабалари ҳамда касаба уюшмалари фаоллари иштирокида ташкил этилди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад: меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини олдини олишга иш берувчилар ва ходимлар эътиборини кучайтириш, меҳнатга оид норматив ҳужжатларга амал қилиниши устидан жамоат назоратини олиб борилишида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаб, муаммоларни ўрганган ҳолда, ҳамкорликда ечимини топиш.

Вилоятнинг 14 та туман ва 2 та шаҳарларида, корхона, ташкилот ва муассасаларда 22-29 апрель кунлари “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишланган “Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” шиори остида ҳафталик тадбирлар белгиланган.
Мазкур ҳафталик тадбирлар асосида, касаба уюшмалари томонидан олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари талабалари, битирувчилари билан учрашувларда “Меҳнатга оид ҳуқуқингизни биласизми”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш — бу”, “Муносиб меҳнат деганда нимани тушинасиз” зукколар уйинлари ташкил этилди.
Шунингдек, , корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ногиронлар, аёллар ва ёшлар меҳнатида “Тенг ҳуқуқлар – тенг имкониятлар”, тиббиёт соҳасида “Ходимларга хавфсиз меҳнат шароитларини яратилишида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш” мавзуларида, оромгохларда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш ва назорат қилиш тўғрисида амалий тадбирлар ўтказилмоқда, туман ва шаҳарлар марказларида истироҳат боғларида атракционлардан фойдаланишда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш, назорат қилиш тўғрисида соғлом ва хавфсиз меҳнат тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Тадбирлар доирасида, иш берувчилар ва касаба уюшмалари томонидан меҳнатда майибланган, касб касаллиги бўйича ногиронлар, боқувчисини йўқотган оилалар аҳволидан хабар олинмоқда.
Тадбирларда сўзга чиққанлар ходимларга муносиб меҳнат шароитини яратиш, иш жойида ходимлар руҳиятига таъсир этувчи омиллар, уни бошқариш усуллари, бартараф этиш механизмлари, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларини олдини олишга, ишчи-ходимларнинг иш жараёнида самарали меҳнат фаолияти олиб боришлари учун унинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқини кафолатлаш ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Меҳнат муносабатларини тартибга солувчи бир қатор ҳужжатлар амал қилади. Сунги икки йил мабойнида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг мажбурий меҳнатни чеклаш ҳамда олдини олиш масалаларига оид 9 та қарори қабул қилинди.
Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7-мартдаги ПҚ-4235-сонли “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ,
-аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинди, тавсиявий характердаги аёллар соғлигига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланди,
-бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилди,
-икки ёшга тўлмаган фарзандни тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланадиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилди,
-аёлларни пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тўзилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддат тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланди,
-эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бўзилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хохшига кўра давлат ҳисобидан қопланиши белгиланди.
Тадбир жараёнида, ҳар йили касаба уюшмалари томонидан ташкил этилиб келинаётган “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови”нинг вилоят биринчи босқичида ҳар бир тармоқ бўйича энг яхши ташкилот, касаба уюшма қўмитаси, меҳнат муҳофазаси бўйича вакил, меҳнат муҳофазаси бўйича 35 ёшдан ошмаган ёш мутахассис номинациялари бўйича тармоқлар кесимида 1, 2, 3-ўринни эгаллаган ғолиблар касаба уюшмаларининг Диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда вилоятимизнинг турли соҳаларидаги корхона ва ташкилотлари ўзларининг кўргазмали материаллари билан қатнашиб, мутахассисларнинг эътиборига сазовор бўлдилар.
Тадбирнинг назарий қисми амалий машғулотлар билан давом этиб, меҳмонлар ва мутахассислар ходимларга яратилган меҳнат шароитлари билан танишиш мақсадида “Зарафшон текстл” МЧЖ, “Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси” хорижий корхонасига ташриф буюрдилар.
Тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия раиси Д.Файзиева, Ш.Полвонов, Н.Халилова, Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, сенатор Г.Алимова, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Н.Каримова, Ўзбекистон кимё ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўрибосари С.Тўхтаев, меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси К.Нигматуллаев, “Ўзкимё саноати” акционерлик жамиятининг саноат хавфсизлиги бўйича бош мутахассиси И.Латиповлар иштирок этишди.
Тадбир иштирокчилари иш берувчилар ва ходимлар ўртасида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларининг тажрибалари ўрганилиб, долзарб таклифлар билдирилди.
Тадбирлар апрель ойи охирига қадар давом этиш белгиланган.

У.Каримов

Print Friendly, PDF & Email