Касаба уюшмаси фуқарони ишга тиклаб, моддий зарарни ундириб берди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига фуқаро С.Киямовадан уни ишга тиклаш бўйича амалий ёрдам сўралган мурожаат келиб тушди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, фуқаро С.Киямованинг маълумоти олий бўлиб, 1991 йил Қарши давлат педагогика институтини “Рус тили ва адабиёти” ихтисослиги бўйича тугатган, мутахасислиги ўқитувчи. “UNC Training” МЧЖ ягона таълим маркази”да 26 йилдан буён ишлаб чиқариш катта устаси вазифасида ишлаб келган.

 “UNC Training” МЧЖ ягона таълим маркази” раҳбарининг 2020 йил 4 ноябрдаги 123-к-сонли меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи асосида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-банди билан технологиядаги ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар натижасида ходимлар сони ва штати қисқариши сабабли у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

   “UNC Training” МЧЖ ягона таълим маркази” раҳбари томонидан фуқаро С.Киямова билан меҳнат шартномасини бекор қилишга оид тақдим этилган хужжатларни ўрганиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 101-, 102- ва 103-моддалари талаблари ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг 2016 йил 19 апрелдаги №12-11-сонли раёсат қарори билан тасдиқланган иш берувчининг тақдимномасини касаба уюшмаси томонидан кўриб чиқиш тартиби талабларига амал қилинмаганлиги аниқланди.

 Бундан келиб чиққан ҳолда 2021 йил 22 февралда иш берувчига ушбу қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ҳамда фуқаро С.Киямовани ишга тиклаш, мажбурий прогул кунлари учун ҳақ тўлаш ҳақида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёзма Кўрсатмаси киритилди.

  Бироқ, иш берувчи ушбу қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўрмади.

Шундан сўнг Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро судида фуқаро С.Киямовани ишга тиклаш бўйича даъво аризасига асосан суд жараёнлари давомида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси етакчи юрисконсульти С.Киямова манфаатларини ҳимоя қилиб иштирок этди.

Суд одилона қарорига асосан фуқаро С.Киямова “UNC Training” МЧЖ ягона таълим маркази”га ишлаб чиқариш катта устаси вазифасига ишга тикланди. Мажбурий прогул кунлари ҳамда маънавий зарар кўргани учун фуқаро С. Киямовага суд қарорига асосан 12 млн 800 минг сўм ундириб берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email