Маънавият соати Улуғ мутафаккир ижоди ва ҳаётига бағишланди

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида Ўзбек адабиётининг йирик намоёндаларидан бири Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган “Маънавият соати” ўтказилди. Тадбирда бирлашма кенгаши ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашининг масъул ташкилотчилари, шаҳар кенгаши раис ва ҳисобчилари иштирок этди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари Акбар Қодиров сўз олиб буюк алломага бағишланган тадбирни бошлаб берди. Шундан сўнг, Самарқанд Давлат Университети Филология кафедраси доценти Акром Тошпўлатов Абдулла Қодирийнинг алоҳида сифатлари, миллати, халқ тақдири, ҳаётини акс эттирган асарлари хусусида фикр юритди.

Адибнинг илк ижоди 1913—1914 йилларда бошланган бўлиб, дастлаб у шоир сифатида қалам тебратди. Унинг «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Тўй» (1914-1915) каби шеърлари «Оина» жаридасида босилиб чиққан эди. У ўз миллатини маърифатга чақиради, маърифатпарвар шоир ва адиб сифатида майдонга чиқади. «Бахтсиз куёв» (1915) номли фожеаси, «Жувонбоз» (1915), «Улоқда» (1916) каби ҳикояларида ҳам ўз халқини саводли, билимли, маданиятли ва озод кўриш истаги сезилиб туради.

1924 йили Абдулла Қодирий Москвага бориб, Журналистлар институтида таҳсил олди. Москвадан қайтиб «Муштум» журналида штатсиз мухбир бўлиб ишлай бошлади. Унинг «Тошпўлат тажанг нима дейди?» ва «Калвак маҳзумйинг хотира дафтаридан» туркумидаги сатирик ҳикоялари ана шу журналда илк бор босилиб борди. Абдулла Қодирий 1917-1918 йиллардан бошлаб «Ўтган кунлар» романи учун материал йиғишга киришди. 1922 йилда биринчи ўзбек романининг дастлабки боблари «Инқилоб» журналида чоп этила бошланди. 1925-1926 йилларда «Ўтган кунлар» уч бўлим ҳолида китоб» бўлиб нашр этилди. 1928 йил ёзувчининг иккинчи тарихий романи «Меҳробдан чаён» нашрдан чиқди. 1934 йилга келиб Абдулла Қодирий қишлоқ хўжалиги мавзуига бағишланган «Обид кетмон» қиссасини яратди. Ундан ташқари у Гоголнинг «Уйланиш», Чеховнинг «Олчазор» ва бошқа ғарб ёзувчиларининг сатирик ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилди. Абдулла Қодирий 1934 йилда бўлиб ўтган Москвадаги Бутуниттифоқ Ёзувчиларининг биринчи қурултойида қатнашади. У «Амир Умархоннинг канизи», «Намоз ўғри», «Даҳшат» каби романлар яратиш орзусида бўлгани ҳам маълум. Аммо бевақт ўлим орзулари рўёбга чиқишига имкон бермади.

 

Ўзбек романчилигининг асосчисининг номини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. 1990 йилда Республика президенти Фармони билан А.Қодирий номидаги Республика Давлат мукофоти таъсис этйлди. 1991 йилда эса А.Қодирийга Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти берилди. Ҳозирги кунда эса бир қатор кўчалар, боғлар, мактаблар, кутубхона, маҳалла ва олий билимгоҳлар унинг табаррук номи билан юритилади. Унинг номидаги Тошкент Давлат Маданият олий билимгоҳида энг билимдон талабаларга Абдулла Қодирий номидаги нафақа берилади.

“Маънавият соати” иштирокчилари атоқли адиб халқимиз қалбида абадий яшаши, асарлари авлодлар томонидан севиб мутаола қилинишини эътироф этишди.

Ф.Раззақов
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши маданий, маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири

Print Friendly, PDF & Email