Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар муҳокама этилди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусидаги Республика Давра суҳбати видеоконференц алоқа шаклида ўтказилди. Жамоатчилик эшитуви форматида ўтган мазкур тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, Савдо-саноат палатаси, Иш берувчилар Конфедерацияси, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари вакиллари таклиф этилди. Шунингдек Қорақалпоғистон ва вилоятлар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларидаги маҳаллий студиялардан вазирликлар, идора ва ташкилотлар мутасаддилари, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари раислари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳалари қаторида ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳам кўплаб муҳим ўзгаришлар рўй бераётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу ўзгаришлар “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг парламентга ҳар йилги мурожаатномаларида қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари давлат ва иш берувчилар билан ижтимоий шериклик асосида турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон иш берувчилари Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича имзоланган Бош келишувга биноан Жамоа шартномалари ва келишувларининг ижтимоий таркиби кучайтирилмоқда. Хусусан, бугунги кунда жамоа шартномалари ва  келишувларига давр талабидан келиб чиққан ҳолда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш, устамалар, қўшимча тўловлар ва компенсация тарзидаги тўловларни ўрнатиш тартибини белгилаш, ходимлар учун ҳар йилги узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар беришга оид аниқ ва батафсил меъёрлар киритилган. Бундан ташқари, мазкур локал ҳужжатлар орқали ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан болаларни соғломлаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Ушбу меъёр ва имтиёзлар ўз навбатида ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишга хизмат қилмоқда. Бугун Жамоа-шартномавий ҳужжатлар воситасида ижтимоий меҳнат муносабатлари соҳасидаги энг долзарб масалалар ҳал этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Республика Давра суҳбатига тайёргарлик кўриш жараёнида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида ушбу мавзуга бағишланган ҳудудий давра суҳбатлари ўтказилиб, уларда кўтарилган муаммо ва масалаларнинг катта қисми жойларда ўз ечимини топди. Айни пайтда, республика миқёсидаги ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мазкур республика миқёсидаги Давра суҳбати муҳокамасига олиб чиқилди.

Республика Давра суҳбатида жорий йилда коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин чекловларига қарамасдан ижтимоий-иқтисодий соҳада бирмунча барқарорликка эришилгани таъкидлаб ўтилди. Хусусан, 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 0,4  фоизга ошди. ЯИМ ўсиши турли тармоқларда, асосан иқтисодиётнинг реал секторидаги ўсиш ҳисобига таъминланди. Жорий йил пандемия давридаги қийинчиликларга қарамай аҳолининг реал даромадалари ва ҳаёт даражаси барқарорлигига эришилаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Хусусан, пандемия даврида фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари жорий этилиши ҳисобига номинал иш ҳақи ўсиши таъминланиб, 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида республика бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи        2 млн 577 минг сўмни ташкил этди ва 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 9,3 фоизга ошди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан норма ижодкорлигида иштирок этиш ва ходимларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида ҳам фаол иш олиб борилди. Халқаро меҳнат ташкилотининг 5 та конвенцияси ва баёнлари қонун ҳужжатлари ҳамда амалиётга имплементация қилингани, янги таҳрирдаги “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун амалиётга жорий этилгани давлат ва жамиятни ривожлантиришдаги долзарб вазифалар ечимини топишда касаба уюшмаларининг ролини кучайтирди. Коронавирус пандемияси даврида касаба уюшмалари 5  миллион нафардан ортиқ турли касб эгаларининг меҳнат муҳофазасини таъминлаш ва меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга 50 мингга яқин кам таъминланган оилалар муаммоларини аниқлаб, уларга амалий ёрдам кўрсатдилар. Шунингдек, ўтиб бораётган 2020 йил давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий-меҳнат муносабатларига тааллуқли 90 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан таклифлар киритилди. Касаба уюшма органларига 2020 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 5625 та мурожаатнинг кўриб чиқилиши натижасида 3428 нафар шахснинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди, етказилган зарар учун жами 6 млрд. сўм миқдоридаги маблағ ундириб берилди.

2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида касаба уюшмалари томонидан иш ҳақи тўловларидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш мақсадида иш берувчиларга, маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда прокуратура ва суд органларига 88 та мурожаатномалар киритилиши натижасида 39,7 млрд. сўмдан ортиқ ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи ундириб берилди. Йирик қарздорликка йўл қўйган ташкилотларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Вазирлар Маҳкамасига мурожаатлар киритилиб, бугунги кунда ойлик иш ҳақлари, пенсиялар, нафақалар ва уларга тенглаштирилган тўловларни ўз вақтида тўланишини таъминлаш бўйича ҳукумат Ишчи гуруҳи тузилди. Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори стандартларига жавоб бермайдиган иш ўринлари рўйхатини шакллантириш амалиёти давом эттирилиб, 3291 та ташкилотда мониторинг ўтказилди, уларнинг 16 тасида ушбу миқдор пасайтириб юборилгани аниқланди ва бу каби камчиликлар жойида бартараф этилди.

Айни кунда касаба уюшмалари иштирокида иккита миллий стратегия, яъни,  аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимоя стратегиялари ишлаб чиқилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Улар устида ишлаш жараёнида норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтиш, тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни жорий этиш, ижтимоий инспекцияни таъсис этиш, норасмий ва ностандарт тарзда банд ходимларни ҳам ижтимоий суғурта билан қамраб олиш бўйича касаба уюшмаларининг таклифлари кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунига асосан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган Касаба уюшмалари Инспекциялари 2020 йилда бошлаган фаолиятининг қисқа даврида тизимли ишларни амалга оширди. Хусусан, ҳудудларда меҳнат техник ва меҳнат ҳуқуқ инспекторлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларида ҳам худди шу тарздаги касаба уюшмалари инспекцияларининг фаолияти йўлга қўйилди. Касаба уюшмалари инспекциясининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, жамоа шартномалари ва келишувлари талабларига риоя этилиши устидан ўтказилган жамоатчилик назорати давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида инспекторлар томонидан иш берувчиларга 78 та кўрсатма киритилиб, 17  млрд.сўмга яқин иш ҳақи ундириб берилди. Бундан ташқари, меҳнат инспекциясига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 200 дан ортиқ мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 46 та кўрсатма ҳамда судларга 17 та даъво аризаси киритилиб, 107 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқи тикланди ва улар фойдасига 530 млн. сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарар ундириб берилди.

Ижтимоий кафолатлар ва ижтимоий ҳимоя борасида касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кам таъминланган ва болали оилалар, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийларига моддий кўмак ёрдамлари кўрсатилди. Жумладан, 184,5 минг нафар фуқаро ва  60  мингга яқин оилани 117,5 млрд. сўмлик ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилди. Меҳнаткашлар ва улар оила аъзоларини сифатли соғломлаштириш мақсадида касаба уюшмалари томонидан кўп болали ва кам таъминланган оилаларнинг ишловчи аъзолари, байналминалчи жангчи фахрийлар, атом объектларидаги фалокатни бартараф этиш иштирокчилари, меҳнат фахрийлари ва ногиронлари, Ўзбекистон Республикаси олдида хизматлари бор шахслар,  хизмат чоғида ҳалок бўлган харбий хизматчиларнинг оила аъзолари, шунингдек, Сардоба сув омборида юз берган техноген фалокатдан зиён кўрган фуқароларнинг санатор-курорт даволанишлари учун 1598 та бепул йўлланмалар ажратилди. Коронавирус пандемияси муносабати билан жорий этилган карантин чекловларига қарамай касаба уюшмалари Федерацияси ёз даврида 87 та стационар оромгоҳда 19 минг нафар болани соғломлаштиришга эришди.

Давра суҳбати иштирокчиларининг таъкидлашича, меҳнаткашларнинг кенг қатламлари томонидан анча йиллардан бери кўтариб келинаётган қатор муаммолар жорий йилда ўз ечимини топгани мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Жамоатчилик эшитуви шаклидаги давра суҳбатида меҳнат соҳасида келгуси йилда амалга оширилиши кўзда тутилган қатор ижобий ўзгаришлар тўғрисида ҳам ахборот берилди. Шунингдек, бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш, коронавирус пандемияси даврида тиббиёт ҳамда санитария-эпидемиология хизмати ходимларини моддий рағбатлантириш, меҳнатини муҳофаза қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармон ва Қарорларининг ижроси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси фаолиятининг дастлабки натижалари бўйича фикр алмашинилди.

Тадбирда иқтисодиётни эркинлаштириш, ҳорижий инвестицияларни ўзлаштириш жараёнларида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини изчил ҳимоя қилиш муҳим масала эканлиги қайд этилди. Иқтисодиётда хусусий мулк улуши ортиб бораётган бугунги шароитда идорага қарашли инфратузилма объектлари, хусусан, санаторий ва профилакторийлар, дам олиш муассасалари, болаларни соғломлаштириш оромгоҳлари, маданият уйлари, спорт иншоотлари ва бошқа ижтимоий объектларнинг хусусийлаштириш жараёнидан кейинги даврда ҳам фаолият йўналишларини сақлаб қолиш чораларини кўриш ўта муҳим эканлиги таъкидланди.

Касаба уюшмалари фаоллари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, тиббиёт ходимларига бериладиган кафолатлар ва бошқа масалаларга оид кўтарилган саволларга тегишли мутасаддилар томонидан аниқ ва батафсил жавоблар берилди.

Тадбир якунида келгусида ушбу йўналишлардаги масалаларни давлат органлари ва касаба уюшмаларининг ҳаморлигида ҳал этиш борасида келишиб олинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email