ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ЯҚИНДАН ТАНИШДИ

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши томонидан соҳадаги амалга оширилаётган ўзгаришлар билан бевосита таништириш мақсадида вилоятда фаолият олиб бораётган журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Сухроб Рафиков, кенгаш ходимлари ҳамда Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Дастлаб тадбир иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши биносида ходимлар учун яратилган шароит ва имкониятлар билан танишиб чиқдилар.

Шундан сўнг вилоят кенгаши мажлислар залида журналист ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманида вилоят кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритилди. Жумладан Ёзги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини мазмунли ўтказиш бўйича қилинаётган ишлар бўйича маълумотлар бериб ўтилди.

Бу йилги ёз мавсуми давомида вилоятимизда 17 та шаҳардан ташқари оромгоҳларда 9 630 нафар болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш режалаштирилган.

Мавсум давомида оромгоҳлар тўрт даврага бўлинган ҳолда  фаолият кўрсатади. 1-даврада 17 та оромгоҳларда 2247 нафар болалар соғломлаштирилган бўлса, қолганлари 2-3-4-давраларда соғломлаштирилади.

Мавсумнинг 2-давраси жорий йилнинг 24 июнидан фаолият кўрсатишни бошлайди.

Шу билан бирга хотин-қизларга кўрсатилаётган ёрдамлар, туризм ва саёҳатлар ташкил этиш бўйича ҳам йиғилиш иштирокчиларига маълумотлар берилди.

Хусусан жамоа шартномалари ва келишувлари орқали “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида жами 5877 нафар меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари учун юртимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлари ташкил этилган.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида вилоят кенгаши томонидан 505 нафар ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари Хоразм вилоятига 3 кунлик, 100 нафар ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари эса Тошкент шаҳрига 2 кунлик бепул саёҳатлари ташкил этилди.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида тарихий шаҳарларга уюштирилаётган саёҳатларда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг ҳам саёҳатлари тишкил этилмоқда.

Жорий йилнинг март-июнь ойларида Самарқанд вилоятидан “Аёллар дафтари”га киритилган 220 нафар хотин-қизлар бепул Хоразм вилоятига саёҳатга бориб келишди.

Саёҳатчилар Хоразмнинг диққатга сазовор тарихий масканлари, воҳада амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан танишиб қайтишмоқда.

Тадбир давомида 27 июн Матбуот ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Соҳа ходимларини табриклаш учун сўзга чиққан вилоят кенгаши раиси Сухроб Рафиков ахборот соҳасидаги эркинлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари ходимларини ўрни тўғрисида фикр юритди, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан муборакбод этиб, касаба уюшмаларининг эсдалик совғалар ҳамда Хоразм вилоятига бепул 3 кунлик саёҳатга боришлари  учун сертификатлар топширди.

Print Friendly, PDF & Email