Қисқа вақтда касаба уюшмага 113 та бошланғич ташкилот қабул қилинди

Гап Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси ҳақида бормоқда.

Шу йилда фаолиятини бошлаган касаба уюшмасига йил бошида 103 та ташкилотнинг 8 137 нафар аъзолар қабул қилинган бўлса, кейинги 6 ойда 113 та бошланғич ташкилотнинг 9 146 нафар аъзоларини жамлади.

Бу ҳақда бугун вилоят Матбуот уйида Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси раиси Жўшқин Очилов иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтилди.

Унда касаба уюшмаси ва иш берувчи ўртасида тузиладиган жамоа шартномаси тармоқ тизимига аъзо барча ташкилотларда мавжудлиги таъкидланди. Бу орқали ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи ходимлар, талабалар учун муносиб меҳнат ва ўқиш шароитлари яратилиши, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш қатъий белгилаб қўйилганлиги айтилди.

Йил бошидан буён касаба уюшмасига ишчи-ходимлардан 40 га яқин мурожаатлар бўлган. Уларнинг асосийлари иш берувчи билан ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасининг баъзи бандларига амал қилинмаётгани келтирилган. Бу каби хатти-ҳаракатлар жойига борган ҳолда касаба уюшма аралашуви натижасида ижобий ҳал этилган.

Касаба уюшмаси томонидан айниқса, кейинги пайтларда ишчи-ходимларнинг ижтимоий манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Хоразм, Тошкент ва Бухоро шаҳарларига 116 нафар ишчи-ходим учун 3 кунлик бепул саёҳат ташкил этилди. 

Бундан ташқари, тармоқ тизимида меҳнат қилаётган 2486 нафар ходимларнинг жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент, Бухоро, Хива, Қўқон, Марғилон, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши каби тарихий шаҳарларга ҳамда Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор қадамжоларга иш берувчи маблағлари ҳисобидан саёҳатлари уюштирилди. 

Бундан ташқари, касаба уюшмаси муҳим саналар муносабати билан соҳа фахрийларини, энг фаол ишчи-ходимлардан 550 нафарга яқинини рағбатлантирди.

Бугунги кунга қадар тармоқ тизимидаги ташкилотларда меҳнат қилаётган 117 нафар ишчи-ходимни ижтимоий-иқтисодий ва молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга 27 миллион 862 минг сўм моддий ёрдам ажратилди.

Шунингдек, юбилей ёшга етган 23 нафар фахрийга 2 миллион 894 минг сўм, Республика ҳудудида жойлашган санаторийларда дам олишларини ташкил этиш мақсадида 21 нафар ходимга 52 миллион 681 минг сўм касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан ва 45 нафар ишчи ходимга 106 миллион 175 минг сўм маблағ ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди.

Ҳусан Элтоев.

Print Friendly, PDF & Email