САНАТОРИЙЛАР ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

2020 йилда ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан олинган барча санаторий йўлланмалари тармоқ туман, шаҳар кенгашлари ва бошланғич касаба уюшма қўмиталарига тасдиқланган режа тақсимотга асосан тарқатилди. Лекин, бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимиздаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, санаторийлар ҳам ўз фаолиятларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди.

Республика махсус комиссиянинг навбатдаги қарори билан жорий йилнинг 15-август санасидан ҳудудларда санаторий, панционат, болалар оромгоҳи ва бошқа дам олиш масканлари фаолиятига рухсат берилди.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 15 августидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги 20 дан ортиқ санаторийлар фуқароларимизнинг саломатлигини тиклаш ва мароқли дам олишлари учун ўз фаолиятини бошлади.

Вилоятимизнинг турли соҳаларида меҳнат қилаётган барча ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўз саломатликларини тиклашлари учун фаолият олиб бораётган корхоналарида ташкил этилган касаба уюшма қўмиталарига мурожаат қилиб, санаторий йўлланмалари олиши мумкин.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи ишчи-ходимлар ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан ўзлари учун ёки аъзолик бадаллари ҳисобидан яқин қариндошларига санаторий йўлланмалари олиш учун бошланғич касаба уюшма ташкилотларига мурожаат қилишлари ва қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим.
-ариза;
-тиббий маълумотнома;
-паспорт нусхаси;
-меҳнат дафтарчаси нусхаси;
-меҳнат таътили берилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма (ходимнинг ўзи соғломлаштирилса);
йўлланма қиймати тўлиқ ёки қисман тўлангани тўғрисидаги тўлов қоғози.

Федерация тизимидаги санаторийлари дам олувчиларга қулайликлар яратиш мақсадида, COVID-19 инфекцияси текширувининг натижалари талаб этилмайди. Барча дам олувчилар санаторийга қабул қилинишида текширувдан ўтказилиб, инфекция аниқланган ҳолларда алоҳида назоратга олинади. Шу билан бирга, санаторийларда карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда соғломлаштириш ишлари ташкил этилган.

З.Джозилов, Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ижтимоий суғурта бўлими мудири

Print Friendly, PDF & Email