Тезкор савол жавоблар

Саволларга жавоб берди:

Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси Кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Усмон Каримов

Меҳнатни муҳофаза қилишга оид муносабатлар соҳасида корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ишчи ва хизматчи ходимлари, собиқ ходимлари, фуқароларнинг оғзаки, “Ишонч телефони” орқали мурожаатларидан келиб чиқиб айрим саволларга жавоб:

1. Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар учун иш вақти қисқартирилган муддатининг нормаларини қайси қонун ҳужжатларида назарда тутади? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси М.Саттаров жавоб беради.

Меҳнат кодексининг 242-моддасига биноан иш вақтининг муддати ҳавтасига:

— ўн олтидан ўн саккиз ёшгача ходимларга – ўттиз олти соатдан;

— ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган ходимларга – йигирма тўрт соатдан;

— ўқув йили мабойнида ўқишдан бўш вақтларида ишлаётган ўн олтидан ўн саккиз ёшгача ўқувчиларга – ўн саккиз соатдан;

— ўқув йили мабойнида ўқишдан бўш вақтларида ишлаётган ўн тўртдан ўн олти ёшгача ўқувчиларга – ўн икки соатдан ошиши мумкин эмас.

2. Ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронлари учун қонун ҳужжатларида иш вақти қисқартирилган муддатининг қандай нормалари белгиланган? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси М.Саттаров жавоб беради.

I ва II гуруҳ ногирони ҳисобланган ходимларга Меҳнат кодексининг 220-моддасининг учинчи қисмига биноан меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланган.

ТМЭКнинг ходимга I ва II гуруҳ ногиронлигини белгилаш ҳақидаги хулосаси иш вақти қисқартирилган муддати учун асос бўлади.

3. Компьютер техникасида иш бажаришда банд бўлган ходимларнинг иш куни (смена) муддати қандай аниқланади ва қандай зарарли омиллар ходимга таъсир этиши мумкин? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири У.Каримов жавоб беради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартда қабул қилинган 133-сон қарори 8-иловасининг 43-бандига биноан электрон ҳисоблаш машиналари, видеотерминаллар ва электрон-ҳисоблаш тизимларида бевосита банд бўлган ходимлар иш вақтининг муддати тўрт соатдан ошиши мумкин эмас.

Компьютер техникасида ишловчиларга қуйидаги зарарли ва хавфли омиллар таъсир этиши мумкин:

-электр магнит майдони (радиочастоталар, паст энергияли рентген нурланиши, ультрабинафша ва инфрақизил нурланиш);

-электрстатистик майдонлар кучланиши;

-ҳавонинг ионланганлиги;

-кимёвий омил: озон, лазерли принтер ишлатилганда эса – тонер бўягич чанги;

-метеорологик омил: жойнинг иқлимий хусусиятлари, йил фасллари, вентиляция ва иситиш тизимларига қараб – ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариб тўриши,ҳаддан зиёд исиб кетиши ва шу кабилар;

-механик тизимлар ва электр қурилмалар ишлаш чоғида чиқариладиган шовқин;

-анчагина руҳий ва ҳис-ҳаяжонли зўриқиш;

-кўриш асосидаги таҳлил қобилиятини зўриқиши;

-қўлнинг бармоқ-панжа мушаклари иштирокида тез суръат билан бажаришга асосланган ҳолда ўзгаришсиз такрорланадиган локал ҳаракатлар;

-гипокинезия, гавданинг иш таъсиридаги мажбурий ҳолати, нуқул бир хил харакат қилиш;

-электр токи уриши хавфи.

Иморат, бино ва хоналарни режалаштириш, жихозлаш, вентиляция ва кондиционер тармоғи билан таъминлашга, компьютер қурилмаларини жойлаштириш ва улардан фойдаланишга доир санитария талабларига риоя этилиши,шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш юзасидан бошқа тадбирлар ўтказиш юқорида зикр этиб ўтилган зарарли омилларни таъсир даражасини анчагина камайтиради.

4. Иш жойларини аттестациялашдан олдин қанақа ташкилий-тайёргарлик ишлари ўтказилади? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири У.Каримов жавоб беради.

Меҳнат шароитларини баҳолашни ва меҳнат шароитлари бўйича иш жойларини аттестациялашни ўтказиш тартиби Ўзбекистон республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва Адлия вазирлиги томонидан 1996 йил 28 май куни 247-тартиб рақами билан рўйхатга олинган тегишли Услубиёт билан белгилаб қўйилган.

Аттестациялашни ўтказиш учун мазкур Услубиётга биноан, корхонада буйруқ чиқарилиб, унда доимий асосда ишлайдиган аттестация комиссиясининг таркиби тасдиқланади ҳамда вазифалари белгилаб қўйилади. Заруратга қараб (айтайлик, кўп миқдордаги иш жойларини аттестациялаш лозим бўлган тақдирда) шу буйруқ билан бир вақтнинг ўзида цех (тузилмавий) аттестация комиссиялари тузилиши мумкин.

Аттестация комиссияси таркибига, қоида тариқасида корхона бош муҳандиси, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати мутахассислари, ходимлар билан ишлаш, меҳнат ва иш ҳақи бўлими ходимлари, шунингдек корхонанинг санитария-гигиена ёки технология лабораториялари вакиллари кириталиди.

Агар корхонада юқорида зикр этилган ходим ва мутахассислар бўлмаса, аттестациялашни ўтказиш даврида керакли ўлчовларни амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқариш муҳитининг зарарли ва хавфли омилларини тадқиқ этиш юзасидан иш ҳажмини бажариш учун белгиланган тартибда (масалан меҳнат битими асосида) тегишли муассасаларнинг (жумладан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг республика Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-текшириш институтининг) мутахассисларни жалб этиш мумкин. Бунда жалб этилаётган мутахассиснинг керакли тадқиқот ишларини бажаришга ваколатли эканлигига ишонч ҳосил қилиш керак.

Ўша буйруқнинг ўзида аттестациялашнинг умумий муддати тайин этилади ҳамда уни ўтказиш жадвали тасдиқланади.

Иш жойларини аттестациялашга киришишдан аввал аттестация комиссияси:

-иш жойларини аттестациялашни ўтказиш юзасидан ташкилий ва услубий ишларни амалга оширади, зарур ҳуқуқий норматив ҳужжатлар ва маълумотнома йўсинидаги рисолаларни танлайди ҳамда бу ҳужжат ва маълумотномалар иш жойларини аттестациялашни ўтказишга жалб этилаётган мутахассислар томонидан ўрганилишини ташкил этади;

-аттестацияланиши лозим бўлган иш жойларини рўйхатини тўзади ҳамда уларга тегишли тартиб рақами беради, иш жойлари (иш зоналари) чегарасини белгилайди;

-ишлаб чиқариш муҳити зарарли ва хавфли омилларининг тадқиқ этилиши лозим бўлган ҳажмини аниқлайди;

-Ягона тариф-малака маълумотномаси ҳамда раҳбарлар, мутахассислар ва хизматчилар лавозимлари малака маълумотномаси асосида мазкур иш жойларида банд бўлган шахслар касби ва лавозимларининг номланиши улар бажараётган ишларнинг хусусиятига мувофиқлиги ёки номувофиқлигини белгилайди. Агар бажарилаётган ишларнинг тартиби ва мазмун-моҳияти Ягона тариф-малака маълумотномасида белгиланганига мувофиқ, мос бўлмаса, касбнинг (лавозимнинг) номланишини юқорида айтиб ўтилган ҳужжатларга биноан ҳақиқатда бажарилаётган ишга мувофиқлаштирилади.

5. Иш жойларини аттестациялашда изчилликка қандай риоя этилади? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири У.Каримов жавоб беради.

Иш жойларини аттестациялаш жараёнини уч босқичга бўлиш мумкин:

-аттестациялаш учун мўлжалланган ҳар бир иш жойи ишлаб чиқариш омилларининг ҳақиқий кўрсаткичларини аниқлаш;

-ҳар бир иш жойидаги меҳнат шароитларини умумий баҳолаш;

-таклифлар ва далилларнинг аттестация комиссияси томонидан қабул қилиниши.

6. Аттестация комиссияси аттестациялашнинг охирги босқичида қандай тадбирларни амалга оширади? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири У.Каримов жавоб беради.

Иш жойларини аттестациялаш тугагач, меҳнат шароитларини зарарлилик ва хавфлилик даражаси бўйича баҳолаш карталари (варақалари) асосида дастлаб ҳар бир таркибий бўлинма (цех, бўлинма, участка ва шу кабилар) учун, сўнгра эса умуман бутун корхона учун белгиланган намунадаги қайднома (ведомость) тўлдирилади.

Аттестация комиссияси таркибий бўлинмалардаги ва умуман корхонадаги меҳнат шароитлари ноқулай иш жойлари миқдорига оид маълумотларни умумлаштиришдан ташқари илгари тасдиқлаб олинган режага мувофиқ бошқа тадбирларни ҳам амалга оширади.

Комиссия ноқулай меҳнат шароитлардаги иш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ қисқартирилган иш куни (қисқартирилган иш вақти) ҳамда қўшимча таътил жорий этилиши лозим бўлган таркибий бўлинмаларни (цехлар, участкалар, бўлимларни) шунингдек бундай имтиёзлар олишга ҳақли бўлган ходимларнинг умумий сонини аниқлайди. Меҳнат шароитларини яхшилаш ва соғломлаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ҳамда чора-тадбирлар белгилаб, режа тарзида ифодалайди. Иш жойларини аттестациялаш мабойнида ходимларнинг имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқи тасдиғини топган иш жойлари, касблар ва лавозимлар рўйхатини ва пировардида аттестация комиссияси мажлисининг баённомасини тўзади.

7. Имтиёзли шартларда пенсия чиқиш ҳуқуқини берувчи корхонадаги мавжуд иш жойлари, касблар ва лавозимлар рўйхати қайси гигиеник мезонлар асосида аниқланади? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси М.Саттаров жавоб беради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 май куни қабул қилинган 250-сон қарори билан имтиёзли шартларда пенсия чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимларнинг 1-сонли, 2-сонли ва 3-сонли рўйхатлари тасдиқланган.

Бу рўйхатларнинг ҳар бири бир неча қисмдан иборат бўлиб, уларда ишлар, касблар, лавозимлар ва шу кабиларнинг у ёки бу турлари қамраб олинган.

8. Иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича баҳолаш ва шаҳодатдан ўтказишнинг мақсади нимадандан иборат? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси М.Саттаров жавоб беради.

Иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича баҳолаш ва шаҳодатдан ўтказишнинг асосий мақсади, Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 6 майдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддаси, Меҳнат кодексининг 137-моддасига мувофиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи ходимларнинг санитария-гигиена меъёрлари талабларига жавоб берадиган, соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашдан иборат.

9. Иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича баҳолаш ва шаҳодатдан ўтказиш муддати қандай белгиланган? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси М.Саттаров жавоб беради.

Шаҳодатлаш ишларини ўтказиш муддати меҳнат шароитларини ўзгариши, хусусияти, техника ва технологияга қараб корхона томонидан белгиланади ва камида ҳар 5 (беш) йилда бир марта ўтказилиши лозим.

10. Иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича баҳолаш ва шаҳодатдан ўтказиш ҳужжатлари қанча муддатда сақланади? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси М.Саттаров жавоб беради.

Иш жойларини аниқ меҳнат шароитлари бўйича шаҳодатдан ўтказиш ҳужжатлари жуда аниқ ўтказилган ҳисобот ҳисобланиб, 50 (эллик) йил сақланади.

11. Ишлаб чиқариш жараёнида содир бўлган қандай бахтсиз ҳодисалар текширилмайди ва ҳисобга олинмайди? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири У.Каримов жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида”ги Низомнинг 1-бўлими 3-бандига биноан, табиий ўлим, ўзини ўзи ўлдириш, жабрланувчининг ўз саломатлигига қасддан шикаст етказиши, шунингдек, жабрланувчининг жиноят содир қилиш чоғида шикастланиши ҳолатлари (суд-тиббий экспертиза хулосаси ёки тергов органларининг маълумотларига кўра) текширилмайди ва ҳисобга олинмайди.

12. Ўқувчилар ва талабалар билан ўқув-тарбия жараёнида юз берган бахтсиз ҳодисаларни текшириш тартиби қандай бўлади? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири У.Каримов жавоб беради.

Ўқувчилар ва талабалар билан ўқув-тарбия жараёнида юз берган бахтсиз ҳодисалар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишилган ҳолда Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан белгиланган тартибда текширилади ва ҳисобга олинади.

13. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисани ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тартибига тушунча берсангиз? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири У.Каримов жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида”ги Низомнинг 2-бўлими 1-бандига биноан, ишлаб чиқаришдаги ҳар бир бахтсиз ҳодиса ҳақида жабрланувчи ёки гувоҳ дарҳол бўлинма (цех) раҳбарига хабар бериши керак, у эса:

-жабрланувчига зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатиши ва уни тиббий-санитария қисмига ёки бошқа даволаш муассасасига етказишни ташкил этиши;

-текшириш комиссияси иш бошланишига қадар иш жойидаги вазиятни ва жиҳозлар ҳолатини ҳодиса юз берган дақиқада қандай бўлса, шундайлигича (агар бу атрофдаги ходимлар ҳаёти, саломатлигига таҳлика солмаётган бўлса ва ҳалокатга олиб келмаса) сақлаб қолиши;

-дарҳол ҳодиса тўғрисида иш берувчига ва касаба уюшмасига ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органига хабар қилиш.

14. Ишлаб чиқариш жараёнида юз берган гурухий, ўлим билан тугаган ва оқибати оғир бахтсиз ҳодисалар бўйича хабарни қайси ташкилотларга (муддатда) бериш мумкин? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири У.Каримов жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида”ги Низомнинг 3-бўлими 2-бандига биноан, гуруҳий, ўлим билан тугаган ва оқибати оғир бахтсиз ҳодиса тўғрисида иш берувчи дарҳол схемага биноан қуйидагиларга хабар бериши керак:

давлат меҳнат техника назоратчисига;

юқори турувчи хўжалик органига;

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига, вилоят (Тошкент шаҳар) меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармасига;

бахтсиз ҳодиса юз берган жойдаги ҳудудий ички ишлар органига;

бахтсиз ҳодисага учраган ходимни юборган ташкилотга;

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига;

Ўзбекистон Республикаси «Саноатконтехназорат» давлат инспекциясининг маҳаллий органига ва «Ўзэнергоназорат» агентлигининг ҳудудий органига, агар бахтсиз ҳодиса назорати остидаги корхона (объект)да юз берган бўлса;

иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчига.

15. Гуруҳий, ўлим билан тугаган ва оқибати оғир бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш комиссиясига иш берувчининг мажбуриятлари нимадан иборат? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси М.Саттаров жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарорибилан тасдиқланган “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида”ги Низомнинг 3-бўлими 6-бандига биноан, махсус текшириш комиссияси талабига кўра иш берувчи:

-бахтсиз ҳодисани текширишда иштирок этиш учун ўзларининг ораларидан эксперт гуруҳи тузиш мумкин бўлган эксперт-мутахассисларни таклиф қилиши;

-техник ҳисоблашлар, лаборатория тадқиқотлари, синовдан ўтказиш ва бошқа ишларни амалга ошириши;

-бахтсиз ҳодиса юз берган жойни суратга олиши ва бошқа зарур ҳужжатларни тақдим этиши;

-текшириш учун зарур бўлган транспорт ва алоқа воситалари, махсус кийим-бош, махсус пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаши;

-комиссия аъзолари ишлаши учун уларга жиҳозланган алоҳида хона ажратиб бериши;

-бахтсиз ҳодисани махсус текшириш материалларини машинкада ёзишни ва етарли миқдорда кўпайтиришни таъминлаши шартдир.

Техник ҳисоблашлар, лаборатория тадқиқотлари синовдан ўтказиш ва таклиф қилинган мутахассислар амалга ошираётган бошқа ишлар, шунингдек, транспорт ва алоқа воситалари харажатларини бахтсиз ҳодиса юз берган корхона тўлайди.

Комиссия аъзолари текшириш давомида иш берувчидан, корхона ва унинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари, гувоҳлар ва бошқа шахслардан ёзма ва оғзаки тушунтиришлар олишга ҳақлидирлар.

Изоҳ: Эксперт гуруҳи текшириш комиссияси раисининг фармойишига мувофиқ тузилади. Эксперт хулосасини талаб қилувчи масалалар ва эксперт гуруҳи хулосаси бўлган материаллар ёзма равишда расмийлаштирилади.

16. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ гуруҳий, ўлим билан тугаган ва оқибати оғир бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш материалларига қандай ҳужжатларни жамланади? -Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси М.Саттаров жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида”ги Низомнинг 3-бўлими 7-бандига биноан, гуруҳий, ўлим билан тугаган ва оқибати оғир бахтсиз ҳодисани махсус текшириш материалларига қуйидагилар киради:

махсус текшириш далолатномаси;

ҳар бир жабрланувчига алоҳида тузилган Н-1 шаклидаги далолатнома;

режалар, схемалар, текшириш протоколи ва бахтсиз ҳодиса юз берган жойнинг фотосуратлари;

йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жой схемаси;

сўроқлар протоколи, жабрланувчининг ва бахтсиз ҳодисани кўрган гувоҳлар ва бошқа алоқадор шахсларнинг, шунингдек, ГОСТ, ССБТ стандартлари, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрларига риоя қилинишига масъул бўлган мансабдор шахсларнинг тушунтиришлари, эксперт гуруҳи тузиш тўғрисидаги фармойиш ва бошқалар;

жабрланувчиларнинг хавфсизлик техникаси бўйича ўқитилганлиги ва йўриқномалар олганлиги ҳақидаги қайд дафтарларидан кўчирмалар;

жабрланувчига етказилган жароҳатнинг хусусияти ва оғирлиги, ўлими сабаблари тўғрисидаги тиббий хулоса;

эксперт гуруҳининг (зарур бўлганда) бахтсиз ҳодиса сабаблари ҳақидаги хулосаси, лаборатория ва бошқа тадқиқотлар, тажрибалар, таҳлиллар ва ҳоказоларнинг натижалари;

авария туфайли кўрилган моддий зарар ҳақидаги маълумотнома;

махсус текшириш комиссияси тузиш ҳақидаги буйруқ ёки қарор;

йўриқномалар, низомлар, буйруқлардан ва меҳнат хавфсизлиги меъёрларини ва унга масъул бўлган шахсларни белгиловчи бошқа далолатномалардан кўчирмалар;

корхона (бўлинма, цех)да меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини текшириш тўғрисидаги махсус текшириш комиссиясининг далолатномаси;

зарур бўлган ҳолларда (бош) давлат меҳнат техника назоратчисининг хулосаси.

ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумотнома — етказилган зарарни қоплаш суммасини ҳисоблаб чиқиш учун;

боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги буйруқ нусхаси — ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса юз берганда.

17. Меҳнатни муҳофаза қилиш жамғармасини шакллантириш манбаси бўйича тушунча берсангиз? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси М.Саттаров жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 12 ноябрдаги 245-сон қарори билан тасдиқланган “Корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш жамғармасини ташкил этиш ва уиинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бўлими 3-бандига биноан, жамғарма маблағлари:

-ташкилотнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин қоладиган фойдаси (даромади);

-юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари;

-қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тушумлар ҳисобига шакллантирилади.

18. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхати қайси меъёрий ҳужжат билан белгиланган? — Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси М.Саттаров жавоб беради.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Ўзбекистон.

19. Мен Пардаева Шоиста 2014- йилнинг 1- январида ташкил этилган Вилоят болалар махсуслашган сиҳатгоҳининг бошланғич касаба уюшмаси раисиман. Ташкилотимизда жамоа шартномаси тузишга ёрдам берсангиз?

-Саволга Бирлашма кенгашининг меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими етакчи мутахассиси З.Турсунов жавоб беради.

— Пардаева Шоиста 2014- йилнинг 3-декабр куни бирлашманинг Меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлимига Вилоят болалар махсуслашган сиҳатгоҳида жамоа шартномаси тузишга амалий ёрдам кўрсатишни илтимос қилиб келди. У кишига жамоа-шартномаси ва уни ташкилотда қабул қилиш тартиби тўғрисида атрофлича тушунтириш берилиб, соғлиқни сақлаш ходимлари учун федерация кенгаши томонидан ишлаб чиқилган жамоа шартномасининг электрон макети берилди. Тушунтирилганидек бўлимлардан олинган таклифлар асосида жамоа шартномаси лойиҳасини тайёрлаш жараёнида дуч келган муаммо ва саволлар юзасидан бўлимга истаган пайтда 233-35-46 ёки (93)337-22-88 рақамли телефонлар орқали мурожаат этишлари мумкинлиги, керак бўлган ҳолда бевосита жойига бориб амалий ёрдам кўрсатилиши айтилди.
20. Жабборов Аббос: Шахсий таркиб бўйича хужжатларни сақлаш муддатлари қандай тартибда?

-Саволга Бирлашма кенгашининг ташкилий ишлар бўлими мудири Р.Абдуллаева жавоб беради.
“Архив иши тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24 моддасига шунингдек наъмунавий рўйхатнинг тегишли моддаларига мувофиқ, агар қонун хужжатларида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, шахсий таркиб бўйича хужжатлар идоравий архивлар 75 йил мобайнида сақланиши лозим (масалан: талаб қилиб олинмаган меҳнат дафтарчалари 50 йил сақланади.)

Сақлаш муддатлари Наъмунавий рўйхатда кўрсатилган юқоридаги шахсий таркиб бўйича хужжатлардан ташқари қуйидагилар узоқ муддат сақланади:

— шахсий таркиб, шу жумладан меҳнат шароити зарарли ишлаб чиқаришда ишловчиларнинг рўйхатлари;

— ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ходисалар далолатномалари;

— штат жадваллари;

ходимларнинг ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш ва бошқа лавозимга ўтказиш ҳисоби юритиладиган дафтарлар ва бошқалар.
21. Савол: Сиддиқов Эркин: Ёзги соғломлаштириш мавсумида фарзандларимизни соғломлаштиримоқчимиз, неччи ёшдан қабул қилинади?
-Саволга Бирлашма кенгашининг Маданий маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири А.Абдусаидов жавоб беради. Болалар соғломлаштириш оромогоҳлари низоми асосида ёзги соғломлатириш оромгоҳларда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар белгиланган тартиб асосида соғломлаштирилади.
22. Савол: Пастдарғом тумани Жума шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 1-тупик 9-уйда яшовчи фуқаро Қ.Аҳмедов — Меҳнат жароҳати учун иш берувчининг айбдорлигини ёки жавобгарлигини исботловчи далил бўйича тушунча берсангиз?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сон қарори билан тасдиқланган ходимларга уларнинг Меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш Қоидасининг 4-бандига мувофиқ, қўйидаги хужжатлар Меҳнат жароҳати учун иш берувчининг айбдорлигини ёки жавобгарлигини исботловчи далил бўлиши мумкин:

бахтсиз ҳодисани махсус текшириш далолатномаси;

бахтсиз ҳодиса ва ишлаб чиқаришда соғлиқга етказилган бошқа хил шикастлар тўғрисида далолатнома;

суд қарори;

Меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини, соғлиқга етказилган зарар сабабларини назорат қилишни амалга оширувчи давлат меҳнат техник инспектори ёхуд бошқа мансабдор шахслар (органлар)нинг хулосаси;

касб касаллиги тўғрисида тиббий хулоса;

айбдор шахсларга маъмурий ёки интизомий жазо бериш тўғрисидаги қарор;

касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа ваколатли органи қарори.

Келишмовчилик пайдо бўлганда ёки иш берувчи зарарни тўлашни рад этганда, ушбу масала қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд томонидан ҳал қилинади.

23. Савол: Самарқанд шаҳар Фарҳод қўрғонидан ёш тадбиркорман, ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаман, корхонамда 14 нафар ходимлар меҳнат қилишади. Ходимларни хавфсизлик техникаси йўриқларидан ўтказиш шартми ва унинг қандай турлари ва ходимлар йўриқдан ўтганлигини қаерга ёзиш керак шу ҳақида тушунча берсангиз?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 14.08.1996 йилда 272-сон билан рўйхатга олинган “Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ходимларни ўқитиш ва билимларини текшириш тўғрисида”ги амалдаги Низомнинг 3-бандига биноан, мулк шаклидан қатъий назар барча корхоналарда ходимлар биринчи марта ишга қабул қилинганда, амалиётга келганда ва иш жараёнларида белгиланган масъул ходимлар томонидан хавфсизлик техникаси йўриқларидан ўтказилиб боришлари шарт.

Ишчиларни йўриқномадан ўтказиш турлари

1. Ишчиларни йўриқномадан ўтказиш иккига бўлинади:
— кириш йўриқномаси;

— иш жойида ўтказиладиган йўриқнома.

2. Иш жойидаги йўриқнома ўз навбатида:
— бирламчи;

— даврий;

— навбатдан ташқари йўриқномаларига бўлинади.

Ходимлар йўриқдан ўтказилганлиги ҳақида кириш ва иш жойида биринчи марта хавфсизлик техникаси дафтарларига қайд этилиши лозим.

Кириш ва иш жойида биринчи марта хавфсизлик дафтарлари (тикилган, рақамланган, муҳрланган ҳолда) алоҳида-алоҳида юритилиши лозим.

24. Савол: Транспорт соҳасида хусусий тадбиркор А.Эшонқулов — Корхонада ишчи ва хизматчи ходимлар 33 нафарни ташкил этади, транспрот воситалари ҳам мавжуд. Корхонада техника хавфсизлиги мухандиси лавозими жорий этиш шартми, бу борада меҳнат муҳофазаси вазифаларини ким бажаради шу ҳақида тушунча берсангиз.

Жавоб: “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига асосан, ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган корхоналарда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозим жорий этилади). 50 ва ундан зиёд транспорт воситаларига эга бўлган корхоналарда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозим жорий этилади). Ходимлар сони ва тронспорт воситалари миқдори камроқ корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юкланади.

25. Савол: Транспорт соҳасида хусусий тадбиркор А.Эшонқулов — Ходим ишга қабул қилинганда дастлабки ва иш давомида вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиши шартми, ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортишга ҳақлими шу ҳақида тушунча берсангиз.

Жавоб: “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддаси ва МК-214-моддасига асосан, корхона соғлиқни сақлаш идоралари томонидан белгиланган тартибга мувофиқ равишда бир қатор касблар ва ишлаб чиқаришларнинг ходимларини меҳнат шартномасини имзолаш пайтида – дастлабки тарзда ва меҳнат шартномаси амал қиладиган даврда вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт. Ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бош тортишга ҳақли эмаслар.

Агарда, ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бош тортсалар ёки ўтказилган текширишларнинг натижалари бўйича тиббий комиссиялар берадиган тавсияларни бажармасалар, маъмурият уларни ишга қўймаслик ҳуқуқига эгадирлар.

26. Савол: Оқдарё туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси раиси Х.Жўраев — Ишлаб чиқаришдаги қандай бахтсиз ҳодисалар текширилмайди ва ҳисобга олинмайди шу ҳақида тушунча берсангиз.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарор билан тасдиқланган «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги Низом»нинг I – бўлими, 3 бандига асосан:

Табиий ўлим, ўзини ўзи ўлдириш, жабрланувчининг ўз саломатлигига қасддан шикаст етказиши, шунингдек, жабрланувчининг жиноят содир қилиш чоғида шикастланиши ҳолатлари (суд-тиббий экспертиза хулосаси ёки тергов органларининг маълумотларига кўра) текширилмайди ва ҳисобга олинмайди.

Аммо, бундай ҳолатлар комиссия томонидан ўрганиб чиқилади ва эркин шаклда далолатнома тузилади.

Текшириш комиссияси томонидан қуйидаги ҳолатларда ҳам Н-1 шаклидаги далолатнома расмийлаштирмаслиқ ҳақида қарор қабул қилиниши мумкин:

-ходим меҳнат вазифасини бажармаётган вақтда ва бунда ишлаб чиқариш омиллари йўқ бўлганда бошқа шахс томонидан тан жароҳати етказилса ёки ўз ўзини ўлдиришда;

-корхона худудида ёки ташқарисида ишлаб чиқариш омиллари йўқ бўлганда тушлик вақтида шахмат, домино ўйнаш вақтида;

-агар ишлаб чиқариш жараёнида техник спирт, наркотик ва бошқа воситалар ишлатилмаган ва уларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши бузилишларга йўл қўйилмаган бўлса у ҳолларда, спиртли ичимликлар таъсирида заҳарланиш (инсульт, инфаркт, механик асфикция);

Шунингдек, иш берувчининг рухсатисиз, ходимни ўз манфаати учун станокда бирор бир буюмни ясашда, ўз манфаати учун корхонага тегишли бўлган механизм, машина, жиҳозлар ва асбоблардан фойдаланиш вақтида содир бўлган бахтсиз ҳодиса ҳисобга олинмайди ва Н-1 шаклидаги далолатнома билан расмийлаштирилмайди.

Print Friendly, PDF & Email