Ўқитувчи ва мураббийлар – касаба уюшмалари эъзозида

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номли Давлат Академик катта театрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган “Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида” Республика танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Тантанали тадбирда бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсон манфаатларини таъминлаш мақсадига қаратилгани, мазкур жараёнда таълим тизимини такомиллаштириш, масъулиятли ва шарафли касб эгалари бўлган ўқитувчи ва мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда улар нуфузини ошириш масаласига улкан эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ҳаётини ёш авлод тарбиясидек шарафли ишга бағишлаган азиз устозларни “Ўзбекистон шароитида бугундан бошлаб жамиятдаги энг ҳурматли инсон муаллимдир”, дея ардоқлаб, ўқитувчи ва мураббийларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатаётганлари қайд этилди.

Ҳақиқатдан ҳам, охирги 3 йилда халқ таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ таълими тизимига оид 6 та Фармон ва Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та Қарори қабул қилинди. Ота-оналар ва жамоатчиликнинг истаклари инобатга олиниб, юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими тикланди. Сўнгги уч йилда юртимизда 68 та умумтаълим мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди, 921 та таълим муассасаси реконструкция қилинди ва 420 та мактаб капитал таъмирдан чиқарилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда соҳа ривожига ва муаллимларимизга бўлган беқиёс эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам ўқитувчи ва мураббийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, улар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш борасидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугунги кунда Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги 17 минг 981 та бошланғич касаба уюшма ташкилотининг қарийб 55 фоизи умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатмоқда. Мазкур муассасаларда касаба уюшма қўмиталари ва иш берувчилар ўртасида имзоланган Жамоа шартномалари орқали ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқлари ҳимояланмоқда.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2019 йилнинг 23 август куни “Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчи мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мавзуга бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда белгилаб берилган вазифаларнинг тўлақонли амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида” Республика танлови ўтказилди.

3 босқичда ўтказилган мазкур танловда Низомга мувофиқ умумтаълим мактабларида камида 20 йиллик педагогик стажга эга бўлган, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида эса камида 10 йилдан бери ишлаб келаётган 1 минг 135 нафар ўқитувчи иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, танлов Республикамизнинг энг чекка ва олис ҳудудларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва мураббийларни ҳам қамраб олди. Иштирокчиларни баҳолаш давомида уларнинг ёш авлодга сифатли таълим-тарбия бериш, ўғил-қизларнинг маънавий ва интеллектуал оламини бойитиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, касаба уюшма қўмиталари фаолиятини такомиллаштириш, соҳа ходимлари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги ишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман (шаҳар) кенгашларида тузилган комиссиялар томонидан танлов иштирокчиларининг фаолияти ошкора ва адолатли баҳоланиб, юқори натижа кўрсатган номзодларнинг ҳужжатлари танловнинг иккинчи босқичига ўтказилди.

Жорий йилнинг 16-19 сентябрь кунлари ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида ташкил этилган махсус комиссиялар томонидан низом талабларига мувофиқ сараланган номзодлар, яъни ҳар бир ҳудуддан 3 нафардан, жами 42 нафар номзод танловнинг Республика босқичига йўлланма олди.

Жорий йилнинг 20-24 сентябрь кунлари эса танловнинг Республика босқичи ғолибларини саралаш босқичи бўлиб ўтди. Унда ҳар бир ҳудуддан биттадан энг юқори балл тўплаган 14 нафар соҳа ходими аниқлаб олинди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида тузилган махсус комиссия томонидан улар орасидан энг муносиб финал босқичи ғолиблари аниқланди.

Тантанали тадбирда дастлаб таълим тизимида узоқ йиллардан бери меҳнат қилиб, соҳада юқори натижаларга эришиб келаётган фидоий устоз ва мураббийлардан бир гуруҳига касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлашлари учун йўлланмалар топширилди.

Шундан сўнг олий ва халқ таълими, мактабгача таълим ҳамда ихтисослаштирилган махсус таълим муассасаларида самарали меҳнат қилиб келаётган, соҳани ривожлантириш ҳамда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш билан бирга касаба уюшма ишини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган педагоглар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таъсис этилган “Энг фаол ёш ўқитувчи”, “Инновацион фаол ходим” ва “Энг маҳоратли ўқитувчи” номинацияларига сазовор бўлдилар ва “Ноотбук” билан тақдирландилар. Таъкидлаб ўтиш керак, “Энг фаол ёш ўқитувчи” номинацияси соҳиби бўлган Тошкент Давлат техника университети қошидаги Академик лицейнинг математика фани ўқитувчиси Жамшид Бўронов ўқувчилари энг кўп олий таълим муассасаларига кирган устоз сифатида эътирофга сазовор бўлди.

“Инновацион фаол ходим” номинациясига сазовор бўлган Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги 560-сонли кўп ихтисосли махсус мактабгача таълим муассасаси методисти Феруза Каримова эса янги педагогик технологиялар, интерфаол усулларни жорий этганлиги ва бир қатор инновацион тадқиқотлари билан юқори натижаларга эришган.

“Энг маҳоратли ўқитувчи” номинацияси совриндори бўлган Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманидаги 527-мактабгача таълим муассасасининг жисмоний тарбия йўриқчиси Азиза Юнусова спорт соҳасини ривожлантиришга қўшаётган салмоқли ҳиссаси, хусусан, шогирдларининг 100 дан зиёд мусобақаларда ғолиб бўлганлиги билан эътироф этилди.

Тадбир давомида таълим тизимида фидоийлик намуналарини кўрсатган ҳолда меҳнат қилиб, кўплаб шогирдлар етиштирган, соҳа ривожи йўлида барча имконият ва салоҳиятини намоён этиш билан бирга касаба уюшмалари ишида фаоллик кўрсатаётган, жамоа шартномалари орқали таълим муассасалари ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидоий устоз ва мураббийлар, шунингдек, меҳнат фахрийларидан бир гуруҳи Касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром нишони” билан тақдирланди. Булар:

Маъсудов Хайриддин Фатхуддинович – Меҳнат ва касаба уюшмаси фахрийси, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раёсат аъзоси
Очилов Шукрулло Нусратуллаевич – Бухоро муҳандислик технология институти ўқитувчиси, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси
Mатчанов Хурмат Ахмедович – Хоразм вилояти Хива шаҳар 121-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати бошланғич синф ўқитувчиси ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси
Джуманова Мамахол Саидовна – Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар 18-сонли кўриш буйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси
Малык Ольга Петровна – Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, 307-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби рус тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Маълумки, муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг август ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифлари давомида Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мазкур ҳудудда яшаётган аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва турмуш даражасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, қатор ташаббусларни илгари сурган эдилар. Мазкур йўналишларда белгилаб берилган вазифаларнинг амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тантанали тадбир доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш йўналишларида олиб борилаётган ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ёш авлод вакилларини маънавий, жисмоний ва интеллектуал ривожлантириш, шунингдек, ёзги мавсум давомида ўғил-қизларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган муассаса – “Оқ кема” болалар соғломлаштириш оромгоҳига Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Дамас” автомобили топширилди.

Тантанали тадбирнинг “Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида” Республика танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган қисми ниҳоятда ҳаяжонга бой бўлди. Танловнинг ғолиб ва совриндорларига диплом ва қимматбаҳо совғаларни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков топширди.

Хусусан, “Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида” Республика танловида совриндор бўлган 11 нафар ўқитувчи ва мураббийга диплом ҳамда “Ноотбук” топширилди.

Танловда III–ўринни қўлга киритган Деҳқонобод туманидаги 69-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси, мазкур мактабнинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Дилором Тошмурадовага Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 3-даражали диплом ҳамда қимматбаҳо совға – “Samsung” кир ювиш машинаси топширилди.

II–ўринга эга бўлган иштирокчи –– Конимех туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси, мазкур мактабнинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Нурия Тўрақулова 2-даражали диплом ва “Samsung” музлатгичи билан тақдирланди.

“Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида” Республика танловида муваффақиятли иштирок этиб, I–ўринга муносиб деб топилган Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, мазкур мактабнинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Лобархон Рустамова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 1-даражали дипломи ва “Спарк” автомобили билан тақдирланди.

Тантанали тадбир якунида устоз ва мураббийлар учун санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

фото УзА

Print Friendly, PDF & Email