ЎЗ КАСБИНИНГ УСТАСИ

Ҳаётда беғубор, беминнат хизмати билан эл-юрт назарига тушганлар кўп, ана шундай инсонлардан бири Мамаёқуб Исомиддиновдир. У 37 йилдирки ишчи ходимлар меҳнат хавфсизлигини таъминлашдек ҳайрли ишга ҳисса қўшиб келмоқда.

Мамаёқуб Исомиддинов 1959 йилда Пайариқ туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини Пайариқ “СЧИ Оққўрғон” бўлими бош механиклигидан бошлаган. Мамаёқуб ака ўз касбининг ҳақиқий билимдони бўлиши билан бирга, ниҳоятда адолатпарвар, қонунлар ва қарорларга доимо риоя қиладиган инсон. У киши янги келган ходимларга биринчи навбатда меҳнат мухофазаси бўйича йўриқларни ситқидилдан ўргатишга ҳаракат қилади. Мамаёқуб ака тиббиёт бирлашмасида меҳнат мухофазасини инсонлар хавфсизлиги билан боғлиқ машаққатли эканлигини чуқур ҳис этади. Кўриб чиқадиган ҳар бир масалани ўткир дид, ақл-фаросат билан, инсон тақдири ҳал бўлаётганини унутмасдан ёндашади. Бу эса чуқур билимни амалдаги қонун қоидаларни пухта ўзлаштиришни талаб этади.

Тажрибасини бойитиб изланишлари натижасида ҳар бир ходимлар меҳнат мухофазаси бўйича ўқитилиб, ҳар беш йилда ходимлар иш ўринларидаги меҳнат шароитлари, асбоб ускуналарни жарохатлаш хавфлилиги юзасидан ходимларни аттестациядан ўтказилиб иш жойларига рухсат этилмоқда, ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг “Иш берувчи ходимларни фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш” қарори асосида хар йили ходимларни суғурталаш ишлар қонунга мувофиқ амалга ошириб келмоқда.

Меҳнат мухофазаси юзасидан кўплаб семинарлар ташкил қилиб, ходимларни хавфсиз ишлашлари, касб касалликларига учрамасликларини тарғиб қилади. Мамаёқуб аканинг ташаббуси билан ҳар ойнинг охирги жума куни тиббиёт бирлашмасида “Меҳнат мухофазаси куни”, хафтанинг ҳар чоршанба куни “Ёнғин хавфсизлиги профилактикаси” куни деб белгиланган. Жамоат ишларининг фаол қатнашчиси, вилоятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ўтказилган саломатлик сари “Касаба-тур” веломарафонида “Энг ёши улуғ пойгачи” номинациясида ғолибликни, Меҳнатни мухофаза қилиш ва хавфсизлиги назоратини ташкил этиш бўйича 1-ўринни эагаллаган. Жорий йилнинг июн ойида ўтказилган Меҳнатни мухофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўйича республика кўрик танловида 3-ўринни эгаллаб, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг диплом ва совғаларини қўлга киритди.

Мамаёқуб ака меҳнат мухофазаси жонкуяри сифатида танилган. Бу соҳада тўплаган тажрибасини оммалаштиришга интилади. Мехнати билан жамоа оғирини енгил қилаётган хавфсизлик посбонига биз ҳам омад тилаймиз.

М.Саттаров, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши мехнатни мухофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email