Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқовнинг «Чинобод плаза» санаторийси очилишига бағишланган тантанали тадбирдаги табрик сўзи

Ассалому алайкум, азиз дўстлар!
Муҳтарам устозлар!
Қадрли меҳмонлар!
Авваламбор, барча-барчангизни кириб келган янги – 2021 йил билан чин қалбимдан муборакбод этишга ижозат бергайсизлар!
Бугунги тадбиримизда қимматли вақтларини аямасдан ташриф буюрган барча меҳмонларимизга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис палаталари, республика ҳукумати, Тошкент шаҳар ва Юнусобод тумани ҳокимликлари, барча вазирликлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тармоқ касаба уюшмалари кенгашлари, ҳудудий бирлашмалари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Ҳурматли дўстлар!
Бутун инсоният учун ўта синовли, оғир ташвишларга бой бўлган 2020 йил ҳам поёнига етди. Тарих зарварақларига улкан йўқотишлар йили сифатида ёзилиб қоладиган бу йилни халқимиз муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қатъий иродаси, узоқни кўра билиши, донолиги боис кам талафотлар билан ўтказди. Ўзбекистон аҳли ўз Йўлбошчиси атрофида жипслашиб, бу синовлардан мардонавор ўтиб олди, десак муболаға бўлмайди. Президентимизнинг халқни ўйлаб олиб борган сиё­сати туфайлигина шундай оғир шароитда ҳам юртимизда барча тармоқларнинг узлуксиз ишлашига эришилди, аҳолининг ижтимоий барқарорлиги сақлаб қолинди. Шу билан бирга, халқимизнинг муносиб турмуш кечириши, саломатлигини тиклаши учун қулай шароитлар яратиш бўйича бошланган ишларнинг давом эттирилгани ҳам таҳсинга лойиқдир.
Албатта, алғов-далғовли, «урҳо-ур» авжига чиққан бугунги нотинч ва бедор замонда ширин тилаклар айтиш, ёруғ орзулар рўёбини кўриш ҳар қачонгидан-да қимматлироқдир. Негаки, ҳар қандай оғир дамда ҳам одам қалби ёруғликка, эзгуликка ташна бўлади. Ўйлайманки, бугунги машаққатли ва синовли кунларимизда йўлимизни ёритадиган, дилларимизга умид ва собит ишонч бахш этадиган муваффақият ва ғалабаларимиз бисёр экани албатта қувонарлидир.
Қаранг, шундай оғир шароитга қарамай, 2020 йилда юртимизда қанча бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ер усти метроси, ўнлаб завод ва фабрикалар, касалхоналар, мактаб-у боғчалар, ишлаб чиқариш корхоналари, маҳалла гузарлари… Буларни санаб адоғига етиш қийин. Энди айтинг, булар ўз-ўзидан бўладими?
Қалбида Ватанига, миллатига ва шу мўътабар тупроққа муҳаббати қайнаб тошган, эл-юртини жонидан ортиқ севадиган инсонгина шундай улкан ишларга қодир бўлади.
Хусусан, бугун биз сизлар билан тантанали очилиш тадбирига йиғилганимиз «Чинобод плаза» санаторийси ҳам чин маънода муҳтарам Юртбошимизнинг шу заҳматкаш халқимизга янги йил совғасидир.
Халқимизнинг бахти ва иқболи ҳам шундаки, Яратган бизга шундай Йўлбошчини берди. Аллоҳдан дуо қилиб сўраймизки, Ўзбекистоннинг бу сардорига ҳеч қачон кўз тегмасин!
Ҳурматли тантанали тадбир иштирокчилари!
Бугун биз пок ниятлар билан Ўзбекис­тондаги яна бир эзгулик кошонасини ишга туширмоқдамиз. Юртимизда бу дам олиш масканининг бошқа аналоглари, яъни ўхшаши йўқ. Унда мужассам топган тиббий муолажалардан тортиб, хизмат кўрсатиш таркиби, тизими ҳам бутунлай янгича даражага олиб чиқилган.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишдаги топшириқлари, қабул қилинган Фармонларига биноан ушбу янги санаторийнинг биринчи дам олувчилари халқимизнинг энг ҳурматли фарзандлари – устоз ва мураббийлар, илм-фан, маданият соҳаларида узоқ йиллар она юртимизга сидқидилдан ҳалол меҳнат қилиб келаётган нуронийларимиз, бир сўз билан айтганда, дуолари Аллоҳга етиб борадиган инсонлар бўлишяпти. Биз бугун юз нафардан ортиқ ана шундай азиз инсонларни таклиф этдик. Уларнинг ҳар бирига муҳтарам Шавкат ­Миромоновичнинг қизғин саломлари ва ҳурматларини етказаётганимдан бағоят хурсандман.
Дарҳақиқат, элнинг улуғларидан дуо олсак, бошлаган ишларимиз унумли ва баракали бўлади
Азиз меҳмонлар!
Энди бу маскан ҳақида ҳам бир-икки оғиз гапирсам. Ушбу сиҳатгоҳ фаолияти асосан ошқозон-ичак касалликлари, ортиқча тана вазнининг ошиши (метоболик синдром), қандли диабет, ошқозон ости бези касалликлари, ўт қопи яраси ҳамда жигар касалликларини даволаш ва профилактика қилишга мўлжалланган. Афсуски, кейинги йилларда аҳоли орасида бу каби касалликларнинг ортиши ишчи ва хизматчилар орасида меҳнат унумдорлигининг пасайишига ҳамда вақтинчалик ва қатъий меҳнат лаёқатининг йўқотилишига сабаб бўлмоқда.
Республикамиздаги ушбу касаллик­ларни даволашга йўналтирилган биргина «Чинобод санаторийси» аҳолининг тобора ортиб бораётган эҳтиёжларини қондира олмай қолган эди. Шу боис, 2018 йилнинг иккинчи чорагида мазкур санаторийни қуришга қарор қилдик.
Мазкур дам олиш маскани энг замонавий диагностика даволаш ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, даволанувчиларга махсус тайёргарликдан ўтган 113 нафар юқори малакали мутахассис хизмат кўрсатади.
Фурсатдан фойдаланиб, шундай синовли йил бўлишига қарамай кунни тунга улаб меҳнат қилган қурувчиларимизга сизларнинг номларингиздан ўз миннатдорчилигимизни билдирсак.
Илоҳим, фидойи ва заҳматкаш бунёдкорларимиз ҳамиша соғ бўлишсин! Уларга бундан кейин ҳам халқимиз равнақи йўлида улкан ишларни рўёбга чиқаришда куч-қувват тилаб қоламиз.
Азиз дўстлар!
Қадрли меҳмонлар!
Юқорида айтганимиздек, бутун дунё аҳли учун оғир келган бугунги кунларда мана шундай давралар қуриб, дилдаги ёруғ тилак ва ниятларни бир-биримизга улашиб туришимизнинг ўзи ҳам катта бахтдир!
Қолаверса, қанчалик оғир бўлмасин, барча соҳаларда шахдам олға интилаётган Янги Ўзбекистонимизнинг шаъни ва шавкати дунё тоқида янги чиққан ойдек тобора ёрқин балқиб кўзга ташланаётгани саодатли кунларимизнинг нишонаси, дегим келади.
Мен шу фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир бор Янги – 2021 йил билан муборакбод этаман. Фаолиятини бош­лаётган бу шифо маскани элимизга узоқ йиллар хизмат қилсин. Бундай қурилиш-у бунёдкорликлар, хурсандчиликлар юртимизнинг ҳар бир ҳудудида давом этсин. Халқимизнинг азм-у шижоатига, гўзал ва бетакрор, азиз ва мўътабар Ўзбекистонимизга ҳеч қачон кўз тегмасин!
Шу азиз халқи учун жонини фидо қилиб юрган фидойиларимиз, энг аввало, муҳтарам Юртбошимизга Аллоҳнинг Ўзи мададкор бўлсин!
Эътиборларингиз учун раҳмат!

Print Friendly, PDF & Email