“Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлиғини сақлаш ва тиклашда санатор-курорт муассасаларининг ўрни ва аҳамияти” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Оқ тош” санаторийсида “Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлиғини сақлаш ва тиклашда санатор-курорт муассасаларининг ўрни ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Унда Белоруссия, Болгария, Озарбайжон, Греция, Малайзия, Қирғизистон, Тожикистон каби ҳорижий давлатларнинг соғлиқни сақлаш ва санатор-курорт муассасалари мутахассислари, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийлар мутасаддилари, тиббиёт муассасалари, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази (РИТ ва ТРИАТМ) ходимлари, тиббиёт соҳасида узоқ катта тажрибага эга бўлган олимлар иштирок этдилар.

Анжумандан кўзланган мақсад – санатор-курорт муассасаларида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги Ўзбекистон тажрибасини халқаро миқёсда намойиш этиш, шунингдек, касаба уюшмалари тизимидаги санатор-курорт муассасалари фаолияти самарадорлиги ва хизматлар сифатини янада ошириш, улардаги замонавий технологиялар базасини кенгайтириш ҳамда санатор-курорт муассасалари фаолиятининг туристик ташкилотлар билан интеграциясини кучайтиришдир. Шуни ҳам қайд этиш зарурки, халқаро илмий-амалий конференцияда Республикамизнинг санатор-курорт тизимидаги туристик ресурсларга ҳорижлик дам олувчиларни янада кенгроқ жалб этиш, бу орқали диёримиздаги бетакрор ва шифобахш иқлим шароитига ҳамда гўзал табиатга эга бўлган санаторийларни жаҳонга янада кўпроқ танитиш орқали тиббиёт туризми ривожига касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистонда охирги уч йилда жамият ҳаётинининг барча соҳаларида бирдек инсон манфаатларини таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан аҳоли соғлиғини сақлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди ҳамда бу борада кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларда аҳолини соғломлаштириш ва соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш масаласи муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш бўйича тизимли тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, касаба уюшмалари тизимида бугунги кунда 18 та санаторий ва 1 та дам олиш уйи аҳолига санатор-курорт хизматларини кўрсатмоқда. Уларда қарийб 3 мингга яқин малакали тиббиёт ва техник ходимлар меҳнат қилмоқда. Бугунги кунда тизимли равишда улар малакасини ошириш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан турли давлатлардаги санаторий ва курорт муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик ишларини ривожлантириш борасидаги самарали фаолият натижасида тизимдаги санаторийлар мутахассислари Россия Федерацияси, Озарбайжон, Грузия, Хитой Халқ Республикаси ва Украина давлатларида малака ошириб қайтдилар. Халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида Хитой Халқ Республикасининг телемедицина, халқ табобатини ривожлантириш ҳамда технологияларни тарқатиш маркази, Қозоғистон ва Қирғизистон санаторийлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Таъкидлаш жоизки, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар жойлашган ҳудуди, табиати, мўътадил иқлими, ер тубидан чиқаётган маъданли сувлари ва таркибидаги органик минерал тузларнинг шифобахш таъсирига кўра бир қатор касалликларни даволашга ихтисослашган бўлиб, дунёнинг машҳур сиҳатгохларидаги маъданли сувлар ва табиий омиллар билан тенг рақобатлаша олади. Ана шундай имкониятларга эга бўлган тизимдаги санаторийларда ҳар йили 140 минг нафардан ортиқ кишининг дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлаши таъминланмоқда. Уларнинг қарийб ярми имтиёзли соғломлаштириш билан қамраб олинмоқда. Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан санаторийларда соғломлаштириш ва тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш ишлари, шунингдек, шифо масканларининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётган катта кўламдаги қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишлари, сиҳатгоҳларнинг энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар ҳамда жиҳозлар билан таъминланиши натижасида тизимдаги санаторийларда нафақат Республикамиз аҳолиси, балки, ҳорижлик дам олувчилар сони ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, ўтган 2018 йил давомида касаба уюшмалари санаторийларида узоқ ҳориж ва МДҲ давлатларининг 5 минг нафар фуқароларига соғломлаштириш ва реабилитация хизматлари кўрсатилди. Бу кўрсатгич 2016 йилга нисбатан 2 ярим баробарга кўпдир.

Албатта охирги йилларда тизимдаги сиҳатгоҳларда жорий этилган даволашнинг янги технологиялари – азонотерапия, рефлексотерапия, психотерапия, спелиотерапия, СПА салонлар ҳам табиий шифобахш омиллар билан уйғунлашган ҳолда соғломлаштириш сифати ортишига хизмат қилмоқда.

Халқаро конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги санаторийлар фаолияти, улардаги даволаш омиллари, ихтисослашуви тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Ҳорижлик мутахассис ва экспертлар тизимдаги санаторийлар фаолиятига, уларда дам олиш билан бирга соғломлаштириш ишларининг уйғунлашган ҳолда олиб борилиши ҳамда сўнгги русумдаги тиббиёт жиҳозлари билан таъминланганлиги ҳамда технологик жиҳатдан янгиланиш жараёнлари сифатига юқори баҳо бердилар.

Халқаро анжуман доирасида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар мутахассислари ва ҳорижлик соҳа ходимлари ўзаро тажриба алмашиш имконига ҳам эга бўлдилар. Хусусан, Европа, Осиё, ва МДҲ давлатларидан ташриф буюрган мутахассислар инсон саломатлигини мустаҳкамлашда санатор-курорт хизматининг аҳамияти тўғрисида таҳлилий маълумотлар ҳамда фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Хусусан, конференцияда санатор-курорт муассасаларини бошқариш тизимини ташкил этиш, даволаш ишларида халқ табобатидан фойдаланиш, санаторийларда юқумли бўлмаган сурункали касалликларни даволаш, муассасаларда диагностика ва даволаш стандартларини татбиқ этиш, парҳез овқатланишни ташкил этишда замонавий ёндашув, шунингдек, соғломлаштириш туризмида қўлланувчи замонавий технологияларни қўллашда жаҳон тажрибаси каби мавзулар муҳокама қилинди.
Жумладан, беларуслик иштирокчилар тиббий реабилитация ва физиотерапиянинг ривожланиши, бу борада Белоруссияда тўп­ланган амалий тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Болгариянинг ФИЗ Евро-Ўртаерденгизи университети вакили Весела Кехаева Болгарияда санатор-курортлар хизматлари, курортлар фаолияти, уларнинг жойлашган ҳудуди ва ажралиб турувчи жиҳатлари ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашди. Ўзбекистонда физиотерапия хизмати тарихи, бугунги кундаги ҳолати ва эришилган натижалар, санатор-курорт муассасаларида соғломлаштириш сифатини ошириш борасидаги ишлар хусусида билдирилган фикрлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, конференцияда кўп кўринишли астмага ташхис қўйиш ва даволаш усуллари, сурункали касалликлар реабилитациясида иммунотерапиянинг аҳамияти, кекса ёшдаги инсонларга озиқ-овқат қўшимчаларини тавсия этишнинг муҳим жиҳатлари, юрак, қон-томир касаллиги бўлган беморлар реабилитацияси, мия­­да қон айланиш тизими бузилишида физиотерапиядан фойдаланиш каби мавзулардаги маърузаларда бугунги кунда тиббиёт соҳасидаги миллий ва халқаро тажрибалар, мавжуд муаммоли ҳолатлар бўйича фикр мулоҳазалар алмашинилди.

Ҳорижлик иштирокчилар халқаро конференция доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги “Оқ тош”, “Оқ тош – шаббода”, “Чинобод” санаторийлари фаолияти билан яқиндан танишиб, касаба уюшмалари тизимидаги сиҳатгоҳлар фаолияти ҳамда уларда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо бердилар. Меҳмонлар санатор-курорт муассасаларида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш асносида кўплаб янги маълумотлар ва келгуси фаолиятларида қўллаш мумкин бўлган амалий билимларга эга бўлганларини эътироф этдилар. Шунингдек, халқаро анжуманда ҳорижлик мутахассислар томонидан келгусида Ўзбекистондаги сиҳатгоҳлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истаги билдирилди.

Халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари пойтахтимизда барпо этилган Тошкент Сити мажмуи, Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор масканларда ҳам бўлдилар.

Давра суҳбати якунида тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Халқаро илмий-амалий конференцияда ҳорижлик мутахассислар интервьюларида билдирилган фикрлар

– Ўзбекистон республикаси Президенти томонидан охирги йилларда аҳоли фаровонлигини ошириш, саломатлигини сақлаш йўналишларида ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Авваллари ҳам Ўзбекистонда бўлганман. Аммо бу сафаоги ташрифимда юртингизда олиб борилаётган катта кўламдаги янгиланиш ва ислоҳотларнинг гувоҳи бўлдим. Хусусан, бу сафарги ташрифим давомида санатор-курорт муассасаларида даволашнинг янги усуллари яратилгани ва бу борада амалга оширилаётган ишларнинг юқори даражага кўтарилганлигини кўрдим, – деди Малайзиядан ташриф буюрган иммунолог олим Чонг Хвай Хое. – Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган мазкур халқаро конференция мавзунинг долзарблиги ва унга юқори даражада тайёргарлик кўрилгани билан янада аҳамиятлидир. Семинар давомида аҳолини санатор-курорт даволаш бўйича Ўзбекистонда, шу жумладан, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда олиб борилаётган тизимли ишлар ва бу борада эришилаётган самарали натижалар билан танишдик. Энг муҳими, санаторийларда бўлиб, бу жараёнларни ўз кўзимиз билан амалда кўриш имконига эга бўлганимиз биз учун жуда қизиқ бўлди. Биз ҳар соҳада жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон билан самарали ҳамкорликка доимо тайёрмиз.

***

– Тадбир доирасида мавзуга оид қимматли маълумотларни олиш ҳамда фикр-мулоҳазалар ва тажриба алмашиш билан бирга, Ўзбекистондек жаннатмакон диёр, унинг мўжизавий иқлим шароитларига эга бўлган сиҳатгоҳлари, дунёга машҳур афсонавий тарихий шаҳарлари билан танишиш имконига ҳам эга бўлдик, – деди болгариялик меҳмон, ФИЗ Евро-Ўртаерденгиз университети мутахассиси Весела Кехаева. – Мамлакатингиз касаба уюшмалари тизимидаги санатор-курорт муассасаларида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар диққатга сазовордир. Ўзбекистонда бу борада тўпланган тажриба бизда катта қизиқиш уйғотди ва биз ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилдик. Фойдали ахборот ва маълумотларга жуда бой бўлган бу каби тадбирлар мутахассислар учун катта тажриба алмашув мактаби вазифасини ҳам ўтади.

***

– Семинар мавзуси жуда долзарб. Ўзбекистонда ташкил этилган мазкур тадбир дунёнинг турли давлатларидан ташриф буюрган мутахассислар учун ўзаро тажриба алмашишга имконият яратиб берди, – деди Грециядан ташриф буюрган меҳмон Александрос Доунаус. – Менга Ўзбекистоннинг мусаффо ҳавоси, кенг, озода ва замонавий кўчалари, уларнинг ниҳоятда дарахтлар ва гулларга бой эканлиги, гўзал бинолари жуда ҳам манзур бўлди. Умуман, Ўзбекистонда амалга оширилган ўзгаришлар ва бунёдкорлик ишлари, аҳоли саломатлигини сақлаш борасидаги ислоҳотлар бизда катта таассурот ва қизиқиш уйғотди. Тадбир доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларга ташриф буюриб, бу масканларда дам олувчилар учун бекаму кўст, талаб даражасида яратилган шароитларнинг гувоҳи бўлдик. Санаторийларда даволашнинг халқаро стандартларга мос янги усуллари ташкил этилгани, уларда дам олиб, даволанаётган меҳнаткашлар ва улар оила аъзоларининг мазкур шароитлардан мамнун эканликлари эътиборимизни тортди. Айниқса, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларнинг изчил ривожланиб бораётгани бизда катта қизиқиш уйғотди. Бу албатта, мамлакатингизда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳангдир. Айниқса, санаторийларда диагностика ва даволаш стандартларини татбиқ этиш, парҳез овқатланишни ташкил этишда замонавий ёндашув йўналишида тўпланган тажриба таҳсинга лойиқ. “Оқ тош” санаторийсида бўлганимизда мусаффо тоғ ҳавоси, дарёлардан келадиган табиий гидроионланиш асосий даволаш омили эканлигини кўрдик. Бу нафас аъзоларининг носпецифик касалликларини даволашда самарали таъсири билан аҳамиятлидир. Бизда катта таассурот қолдирган яна бир муҳим жиҳат – Ўзбекистон санаторийларининг энг замонавий тиббий-асбоб ускуналар билан таъминланганидир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси веб-сайти (www.kasaba.uz)дан олинди.

Print Friendly, PDF & Email