Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишувнинг бажарилиши ҳақида ахборот

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика учтомонлама комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон   касаба   уюшмалари   Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат  палатаси  ўртасида  ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2017-2019 йиллар учун тузилган Бош келишувнинг (кейинги ўринларда – Бош келишув деб юритилади) 2019 йилдаги ижроси сўров йўли билан муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, республикамизда иқтисодиётни, миллий ишлаб чиқаришни ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, эркин рақобат муҳитини шакллантириш, барча соҳаларда давлат аралашувини камайтириш чоралари кўрилмоқда.

2019 йилда Ўзбекистон Республикасида Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 511, 8 трлн. сўмни ташкил этди ва  2018  йил билан таққослаганда 5,6 фоизга ўсди. Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ 15,2  млн. сўмни ташкил этди ва  бу  кўрсаткич 2018  йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 фоизга юқоридир.

Таркибий ўзгаришлар сиёсатини амалга ошириш, саноатни диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга доир ишларни ҳамкорликда бажарилиши натижасида 2019   йилда жами 331  трлн.сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва ўтган йилга нисбатан 95,7 трлн.сўмга ёки 6,6 фоизга ўсиш таъминланди.

Саноатнинг қўшилган қиймати ЯИМ таркибида 30 фоизга етди. Иқтисодиётнинг 13 та тармоқларида таркибий ўзгаришларни амалга оширишни таъминловчи дастурлар қабул қилинган бўлиб, улар доирасида 2019 йилда тайёр енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2018 йилга нисбатан 2 баробарга, заргарлик буюмлари 2,8 баробарга, пойабзал 1,6  баробарга, телевизор ва маиший техника воситалари 1,5 баробарга, керамик плиткалар 1,4  баробарга, енгил автомобиллар 1,2 баробарга, сут маҳсулотлари 1,1 баробарга ўсишга эришилди.

Кўрилган чоралар натижасида мавжуд хомашё ресурсларини жумладан, пахта толасини қайта ишлаш даражаси 2018 йилдаги 64,7 фоиздан 2019  йилда 82,3 фоизга, мис маҳсулотлари 24 фоиздан 33 фоизга, тери хом ашёси 64 фоиздан 90  фоизга, мева-сабзавот маҳсулотлари 13,5 фоиздан 16,9  фоизга, гўшт 19,5  фоиздан 26,3 фоизга, сут 14,2 фоиздан 17,4 фоизга етди.

Савдо-саноат палатаси томонидан 2019 йил давомида 338 та маҳаллий тадбиркорлик субъектларига жами 130,6 млн. АҚШ доллари миқдорида маҳсулотларни 36 та хорижий давлатларга экспорт қилишга кўмаклашилди.

Ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда Бош келишув ижроси доирасида норма ижодкорлиги ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясига доир тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ҳисобот даврида касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий-меҳнат соҳасига доир 288 та норматив ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва таклифлар берилди.

Савдо-саноат палатаси томонидан ишбилармонлик муҳитига таъсир қилувчи асосий фактор бўлган тегишли қонунлар ва меъёрий-хуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича жами 890 та қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва 518 та лойиҳалар бўйича тадбиркорлик фаолияти ривожига тўсқинлик қилувчи ёки чекловчи меъёрий-хуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни бекор қилиш зарурияти тўғрисида тавсиялар баён этилган ҳулоса тайёрланди ҳамда қонунчилик ва ижро этиш ҳокимияти органларига тақдим этилди.

Уч томонлама шериклар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунининг янги таҳрирларини ишлаб чиқишда фаол қатнашдилар.

Ҳисобот йилида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва  зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.

Хусусан, янги қабул қилинган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун меъёрлари касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, уларни рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш, касаба уюшмасига аъзо  бўлиш ҳуқуқи бериладиган ходимлар тоифалари сонини кўпайтириш учун ҳуқуқий асосни яратиб берди.

2019 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг Халқаро меҳнат меъёрларини қўллашга кўмаклашиш учун учтомонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-Конвенцияси, Саноат ва  савдода меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 81-Конвенцияси, Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги      129-Конвенцияси,      Мажбурий      меҳнат      тўғрисидаги 29-Конвенцияга Протокол ратификация қилинди.

Ҳалқаро мехнат ташкилотининг Ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги 132 –сонли, Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида 1952 йилги конвенцияни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги 183-сонли ва Меҳнат хавфсизлиги ва  гигиенасига кўмаклашадиган асослар тўғрисидаги 187-сонли конвенцияларини миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш имкониятлари ўрганилди.

Республикада мажбурий меҳнатни тўлиқ бартараф этиш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги Фармонига мувофиқ одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия ташкил этилди.

2019 йилги пахта йиғим-терими ишларида болалар меҳнати мавжуд эмаслигини, мажбурий меҳнатни тугатиш борасида катта ютуқларга эришилганини халқаро ташкилотлар ҳам тан олишди.

2019 йил мобайнида касаба уюшмаларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 7550 та, шундан 3517 та ёзма, 1125 та оғзаки ва 741 та интернет тармоғи орқали электрон шаклдаги мурожаатлар келиб тушган бўлса, “Ишонч телефонлари” орқали 2187 та мурожаат қайд этилган.

Барча мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра жами 3703 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 2 млрд. 085 млн. сўмга яқин зарар ундирилишига эришилган.

Шунингдек, 2019 йил давомида Тадбиркорлик субъектлари ҳамда бошқа жисмоний ва  юридик шахслар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ жами 70819 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг барчасига Савдо-саноат палатаси томонидан ваколат доирасида тегишли чоралар кўрилган ҳамда тадбиркорлар манфаатида судларга жами 48993 та 6,9 трлн. сўмлик даъво аризалари киритилди. Республика ва ҳудудий миқёсда ташкил этилган 15 та Ҳакамлик судлари фаолият кўрсатди.

Республика вазирликлари, идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг малака ошириш институтлари, марказлари ўқув дастурларига халқаро ва миллий меҳнат стандартлари бўйича таълим курслари киритилиб, улар билан 10400 нафардан ортиқ тингловчилар қамраб олинди.

Меҳнатга ҳақ тўлаш, аҳолининг реал даромадлари ва турмуш даражасини ошириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилди.

Пенсия таъминоти ва солиқ сиёсатида янгича ёндошувларни жорий этиш ҳисобига фуқаролар ва хўжалик субъектларининг даромадлари ошди.

Чунончи, 2019 йил 1 январдан бошлаб:

барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланмоқда, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори оширилди;

барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида жорий этилди;

фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинди;

меҳнатга ҳақ тўлаш Ягона тариф сеткасининг қуйи разрядлари тариф коэффициентлари    ўртача    10 фоизга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5723-сон Фармони билан иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига: меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори, базавий ҳисоблаш миқдори ва пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6  сентябрдаги “Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 743-сонли қарори билан илк бора меҳнатга ҳақ тўлашнинг туман коэффициентлари, шунингдек, Меҳнат кодекси билан 1996  йилда кўзда тутилган оғир ва  ноқулай табиий-иқлим ва маиший шароитли жойлардаги ишларда банд бўлган ходимларга йиллик қўшимча таътилларнинг минимал давомийлиги тасдиқланди.

Бундан ташқари алоҳида технологик турдаги ишлар, ишлаб чиқариш ва  иқтисодий фаолият турлари бўйича ишчилар тариф ставкаларининг янгиланган оширувчи тармоқ коэффициентлари амалга киритилди. Кўчма характерга эга ишлар билан боғлиқ қўшимча тўловларнинг янги миқдорлари тасдиқланди, хизмат сафарларига юборилувчи ходимлар учун кафолотлар кучайтирилди, автотранспорт ҳайдовчилари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари яхшиланди.

2019 йил давомида иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни ундириш мақсадида касаба уюшмалари томонидан иш берувчиларга, маҳаллий ижро ҳокимияти органларига, банкларга, ҳуқуқий инспекцияларга, прокуратура ва суд органларига 181  марта мурожаат қилиниб, 10448,1  млн. сўмдан ортиқ ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи ундирилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан энг кам меҳнат ҳақи стандартларига жавоб бермайдиган иш ўринлари рўйхатини шакллантириш амалиёти йўлга қўйилиб, жами 3360 та ташкилотларда мониторинг ўтқазилди.

Олиб борилган ишлар натижасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ, “Ипотека-Банк”, “Ўзпарранда” ассоциацияси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси тизимидаги ташкилотлар, қатор таълим муассасалари, фермер хужаликларида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори қонун ҳужжатларидаги даражагача кўтарилди.

Меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш масалаларида асосий эътибор барқарор иш ҳақи ва меҳнат хавфсизлигини таъминловчи, айниқса қишлоқ жойларидаги иш ўринларини ташкил этишга, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф қатламларини ишга жойлаштирилишига қаратилди.

2019 йилда амалга оширилган меҳнат бозорини тартибга солиш соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик ўзгаришлардан бири – янги иш ўринларини ташкил этишга давлат буюртмасининг жорий этилгани, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламидан бўлган шахслар учун субсидияланган бандликнинг амалга киритилгани, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ишсиз фуқароларга грантлар тақдим этилиши бўлди.

Аҳоли учун муносиб барқарор доимий янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида”ги ПҚ-4227-сон қарори қабул қилинди. Қарорга асосан 2019 йилда 370 мингта янги иш ўринлари ташкил этилиши белгиланган бўлиб, амалда 388,5 мингта янги иш ўринлари яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотларига кўра 2019 йилда 263,2 минг ишсиз аҳоли вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 62,5 минг аҳоли “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишларга жалб қилинди.

Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 36,7 минг ишсиз шахс меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди.

2019 йилда 17 892 та корхона ва ташкилотларда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун жами 123 мингта иш ўринлари (шу жумладан 19,1  мингта иш ўринлари ногиронлиги бўлган шахслар учун) банд қилинди. 93,6 минг банд бўлмаган аҳолининг, шу жумладан 2,8 минг ногиронлиги бўлган фуқароларнинг банд қилинган (квота) иш ўринларига жойлаштирилишига кўмаклашилган.

Илғор хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда аҳолига эркин иш топишда индивидуал хизматлар кўрсатиш мақсадида 2019 йилдан меҳнат органларида “Ягона ойна” тамойили асосида хизматлар кўрсатиш тизими  жорий қилинди.

2019 йилда меҳнат органлари томонидан назар 773,4 минг шахсларга иш танлаш, касбга ўқитиш ва малака ошириш, ишсизликдан ҳимоялаш бўйича моддий қўллаб-қувватлаш хизматлари кўрсатилган.

Меҳнат хавфсизлиги ва муҳофазаси ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири эканлигини инобатга олган томонлар эътиборни ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олишга, шунингдек, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга қаратдилар. Меҳнат шароитлари ва муҳофазаси ҳолатларини ўрганиш касаба уюшмаларининг давлат ва назорат органлари билан ҳамкорликдаги текшируви амалиётга давом эттирилди.

“Қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва ҳавфсизлигини таъминлаш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан 2018-2020 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури” ижросини таъминлаш мақсадида идоралараро ишчи гурухининг иши йўлга қўйилди.

Меҳнат шароитлари ва муҳофазаси, саноат ва экологик хавфсизлик ҳолати юзасидан давлат назорат органлари билан ҳамкорликда 1 286 та бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолияти ўрганилиб, 7 336 та камчиликлар аниқланган ва иш берувчиларга 886 та тақдимномалар киритилган.

Меҳнат муҳофазаси масалаларининг муҳим ўрин тутиши ҳақида жамоат фикрини шакллантириш мақсадида ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунини (янги таҳрири) ҳамда қонун ости ҳужжатларини тарғибот қилиш мақсадида 200 га яқин ўқув-семинар ўтказилиб, 146 маротаба оммавий ахборот воситаларида (телевидение, радио, газета, веб-сайт) юқорида қайд этилган масала ёритилган.

Кам таъминланган оилалар, ёш болали оилалар, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийларига жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ижтимоий қўллаб-қувватлов чоралари кўрилди.

2019 йил давомида жамоа шартномалари орқали 17 908 нафар пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишидан олдин моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш, 19 816 нафар ходимга юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо совғалар топшириш, 70 128 нафар ишламайдиган пенсионерлар (корхоналарнинг собиқ ходимлари)га моддий ёрдам кўрсатиш амаллари қўлланилди.

9 май Хотира ва Қадрлаш куни байрами арафасида 4 562 нафар уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига 503,0 млн. сўмлик, 315 нафар жангчи-фахрийлар (байналмилалчилар)га 43,7 млн. сўмлик совғалар берилди.

3 417 нафар кекса авлод вакилларининг тарихий шаҳарларга ва ўз ҳудудларидаги зиёратгоҳларга саёҳати, 4 896 нафарининг концерт ва  театрларга ташрифи ташкил этилди.

607 нафар ёлғиз кекса ва ногиронларга 228,7 млн. сўмлик коммунал хизматлар учун тўловлари қисман қоплаб берилди.

Умумхалқ хайрия ҳашарларидан келиб тушган маблағлар ҳисобидан кам таъминланган ижтимоий ҳимояга мухтож, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, вояга етмаган фарзандлари бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш, соғлиғини тиклаш ва якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳамда табиий офатдан жабр кўрган 40185 нафар фуқароларга жами 10 млрд. 227 млн сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Корхоналар ва ташкилотларнинг жамоа шартномалари орқали 2019  йилда жами 209 222 нафар фуқаро ва 79 550 та оилаларга 145  млрд.  709  млн. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Наврўз, Хотира ва Қадрлаш куни, Мустақиллик байрамларида республика ҳудудларидаги “Саховат” ва “Мурувват” уйларида, Тошкент шаҳридаги Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида маданий тадбирлар ташкил этилиб, у ерда истиқомат қилаётган қарияларга, ногирон ҳамда ёлғиз кексаларга касаба уюшмалари томонидан жами 106,0 млн. сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди.

Касаба уюшмалари ва иш берувчилар билан биргаликда меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари учун маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари ўтказилди, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун ҳар йили маданий дам олиш ҳамда туристик ва соғломлаштиришни ташкиллаштириш чоралари кўрилди.

Кам таъминланган ва кўп болали оила аъзолари, байналминалчи жангчи-фахрийлар, Чернобилдаги АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашганлар, меҳнат фаҳрийлари ва ногиронлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олдида хизмат кўрсатган шахсларга Санатор-курортларда даволаниш учун 1829 та бепул йўлланмалар тақдим этилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 356 450 нафар болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида соғломлаштирилди, улардан 1 950 нафари “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари, 4 640 нафари эса республикамизнинг экологик носоғлом ҳудудларидаги болалардир.

Бош келишув асосида аёллар ва ёшларга жамоа шартномалари орқали қўшимча ижтимоий кафолатлар бериш амалиёти давом эттирилди.

Жумладан, ҳисобот даври мобайнида жамоа шартномалари орқали:

икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 10 842  нафар оналарга моддий ёрдам кўрсатилди;

кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 64 593 нафар фарзандлари учун ўқув қуроллари харид қилинди;

нодавлат мулки шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 4 895 нафар болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда қисқартирилган иш вақти ўрнатилди;

75 404 нафар кам таъминланган ёш оилалар вакилларига 18  млрд.  585  млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди;

олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2 901 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга 9 млрд. 496 млн. сўмлик ўқув шартнома пуллари қисман тўлаб берилди;

4 146 та ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун фоизсиз cсудалар ажратилди;

3 569 нафар ёш ходимларга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз cсудалар берилди;

ногирон фарзандини парвариш қилаётган 2 145 нафар оналар ёки оталарга 853 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Бош келишув доирасида меҳнат соҳасида ижтимоий мулоқот ва  ижтимоий шерикликни ривожлантириш чоралари кўрилди.

Жумладан, Бош келишув асосида 107 та тармоқ, 14 та ҳудудий (минтақавий) келишувлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда 158 мингдан зиёд жамоа шартномалари қабул қилинди.

Миллий учтомонлама ижтимоий мулоқотни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар  Маҳкамасининг  2019 йил  3 июлдаги 553-сонли қарорига мувофиқ ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика ва ҳудудий учтомонлама  комиссиялар ташкил этилди.

Барча шаҳар ва туманларда, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида жамоатчилик эшитувлари шаклида давра суҳбатлари уюштирилиб уларда кўтарилган муаммоларнинг асосий қисми жойида ҳал этилди. Қолганлари эса вазирликлар, идоралар ва ННТлар вакиллари иштирокида ўтказилган республика давра суҳбатида кўриб чиқилди.

Бош келишувни амалиётга татбиқ этиш жараёнида қатор масалалар ва ечимини топмаган муаммолар ҳам аниқланди.

Хусусан, Ҳукумат, иш берувчилар ташкилотлари ва касаба уюшмалари ўртасида энг кам иш ҳақи миқдорини белгилаш бўйича уч томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш чоралари кўрилмади.

2019 йилда аҳолининг меҳнат фаолиятидан олинган даромадлари 238,2  трлн сўмни, шу жумладан ёлланма ходимларнинг даромадлари 138,1  трлн сўмни, мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар 100,1  трлн сўмни ташкил этди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ЯИМга нисбатан ёлланма ходимларнинг даромади 27 фоизга тенг бўлди. Бу  кўрсаткич 2018 йилдагига нисбатан анча кўп бўлсада Бош келишув билан белгилаб қўйилган параметр (30%)дан камдир.

Кам иш ҳақи олувчилар сони ҳам юқорилигича қолмоқда: Молия вазирлигининг маълумотларига кўра 2019 йилда республикада ходимларнинг 1,7 млн. нафарга яқини (яъни 47 фоизи) 1 млн. сўмгача бўлган ойлик иш ҳақи эвазига меҳнат қилишган.

Кўрилган чораларга қарамасдан, 2020 йилнинг 1 январи ҳолатига республика бўйича иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик 13 млрд. 410 млн. сўмни ташкил этди.

2019 йилда инфляция даражаси 15,2 фоизни ташкил этди, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 18,6 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 10,9  фоизга, хизматлар 15,2 фоизга қимматлади.

Аҳолини иш билан таъминлаш масалаларида ҳам қатор муаммолар мавжудлиги оқибатида республика бўйича ишсизлик даражаси 9  фоиз даражасида қайд этилди.  Шу билан бир қаторда, иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлганлар сони (меҳнат мигрантларини ҳисобга олмаганда) 5,37 миллионга тенг бўлди.

Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги соҳасида ҳам қатор камчиликлар мавжудлиги таъкидланди.

Касаба уюшмаларига аъзо корхона, ташкилот ва муассасаларда 2019 йилда аниқланган ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ходисалар 214 тани ташкил этган, улардан 75 таси оқибати ўлим билан тугаган, 1122 таси оқибати оғир ҳамда 17 таси оқибати енгил бахтсиз ходисалар бўлиб, шулардан 19 таси гуруҳий. 242 нафар ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ходисалар оқибатида жабрланган ходимларнинг 80 таси халок бўлган, 141 таси оғир, 21 таси енгил жароҳатланган бўлиб, 19 та гуруҳий ходисада 47 таси жароҳатланган. Ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларни қўшган ҳолда бахтсиз ҳодисаларнинг моддий оқибатлари деярли 4,2 млрд сўмни ташкил қилган.

Муҳокама этилган масала бўйича тегишли қарор  қабул қилиниб, унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон  касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон  Иш  берувчилари Конфедерацияси   ўртасида    ижтимоий-иқтисодий    масалалар    бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган янги Бош  келишувни жорий йилдаги ижросига оид вазифалар ҳам белгилаб олинди.

М.Исаев

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши аппаратининг меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси веб-сайти (www.kasaba.uz)дан олинди.

Print Friendly, PDF & Email