ЮҚОРИ ИССИҚ ҲАРОРАТЛИ ОБ-ҲАВОДА МЕҲНАТ ШАРОИТЛАРИ ҚАНДАЙ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ?

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида кузатилаётган юқори ҳароратли об-хаво шароитларида корхоналарда ишлалаётган ходимлар ва иш берувчилар томонидан белгиланган тартибдаги микроиқлим бўйича санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда меҳнат фаолиятларини амалга оширишлари талаб этилади. Хусусан, Корхоналарда йилнинг иссиқ даврида ишлаб чиқариш хоналари, цехлар бўлимлар ва бошқа ёпиқ ҳудудларда микроиқлимнинг меъёрлари СанҚваМ 0324-16 талаблари асосида бўлиши лозим.
Яъни, енгил I-категорияли ишларда ҳаво ҳарорати 24-27 0С, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60% ва ҳаво ҳаракати тезлиги 0,1-0,2 м/сдан ошмаслиги, ўрта оғирликдаги II-категорияли ишларда ҳаво ҳарорати 22-25 0С, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60% ва ҳаво ҳаракати тезлиги 0,3 м/сдан ошмаслиги, оғир III-категорияли ишларда ҳаво ҳарорати 21-23 0С, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60% ва ҳаво ҳаракати тезлиги 0,4 м/сдан ошмаслиги лозим (Иш категорияси — организмнинг умумий энергия сарфи асосида ишларнинг оғирлик даражасини фарқлаш).

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 211-моддаси ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
23-моддасига мувофиқ, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради.

Иш берувчи томонидан хавонинг иссиқ ҳарорати юқори даражаси вақтида биноларда миқроиқлим шароитини яхшилайдиган ускуналарнинг (кондиционер, вентиляция, ишлаб чиқариш майдонларга ўрнатилган қуруқ ҳавони намлаштириш ускуналари ва бошқалар) фаолиятини таъминлаши ва назорат қилиш, техник жихатдан бундай ускуналарни ўрнатиш ва ишлатиш имкони бўлмаган тақдирда ходимларнинг иш режимини ўзгартириш ва дам олиш вақтларини кўпайтириш ёки иш вақтини қисқартирилиши, ходимларни бепул тоза ичимлик (минералланган) сув билан таъминлаш чоралари кўрилиши лозим.

Меҳнат шароитлари бўйича йилнинг иссиқ даврида очиқ майдонларда бажариладиган ишлар иш категориясига (Iа-III) мувофиқ ҳаво ҳарорати 34,2°C-36,0°C дан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланиб (0141-03-сон СанҚваМ), мазкур ҳолатда иш режимини ўзгартирган ҳолда, яъни иш вақтини куннинг салқин вақтларига кўчирган ҳолда ишни ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Агарда ходим очиқ майдонда (қурилиш майдонларда, далаларда) фаолиятини амалга ошириётган бўлса, иш берувчи томонидан мавсумга мос бўлган ҳимоя воситалари ажратилиши, иш режимини ўзгартирилиши (дам олиш вақтларини узайтириш ёки ишлаш соатларини ўзгартириши ёки вақтинча ишни тўхтатиши, иш вақтнинг қисқартирилиши), шунингдек ходимларни бепул тоза ичимлик (минерал) сув билан таъминланиши лозим.
Шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолинади.

Корхонадаги бундай ишларнинг рўйхати ва уларни бажаришда иш вақтининг муайян муддати тармоқ (тариф) келишувларида, жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади, агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб олинган ҳолда амалга оширилади.

Меҳнат кодексининг 219-моддасига мувофиқ ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриши, агар зарур чоралар кўрилмаса, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар бартараф этилгунга қадар тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақлидир. Ана шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолиши бўйича талаблар белгиланган.

Об-ҳаво харорати даражаси юқори бўлган вақтларда Ўзбекистон фуқароларига бериладиган тавсиялар қуйидагича:
— тўғридан-тўғри қуёш нурларидан сақланиш, кўпроқ сояда бўлиш;
— имкон қадар қўчада ўтказиш вақтини чеклаш;
— ёрқин рангли, енгил, табиий матолардан тикилган кийим кийиш;
— иссиқдан ҳимояланиш учун, айниқса, ёши 55-дан юқори бўлган одамлар учун бу жуда зарур, бош қийим ёки соябон билан юриш;
— жисмоний фаолиятни камайтириш;
— автомашинани бошқариш вақтини қисқартириш;
— кўпроқ сув ичиш, илиқ чой ёки газланмаган минерал сув;
— спиртли (алкоголь) ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилмаслик ва бошқалар.

Усмон Каримов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнат инспекциясининг Самарқанд вилояти бўйича меҳнат техник инспектори

Print Friendly, PDF & Email