ДИҚҚАТ ТАНЛОВ!

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир таълим-тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш ва фаоллаштириш, уларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Менинг Президентим” ижодий ишлар танлови ўтказилмоқда.

Ўқувчиларда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларни теран идрок этиш ва улар тўғрисида мулоҳаза юритиш, нотиқлик, ўз фикрини ижодкорона етказиб бера олиш кўникмаларини, Ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривожлантиришга йўналтирилган мазкур танлов умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида, тўрт босқичда – мактаб, туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсида ўтказилади.

  • Биринчи (мактаб) босқичда – танловда қатнашиш истагини билдирган 10-11-синф ўқувчилари “Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда” мавзусида ҳажми 2 варақдан ошмаган эссе ёзадилар.
  • Иккинчи (туман-шаҳар) босқичда – барча умумий ўрта таълим муассасаларидан аниқланган ғолиблар “Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар” мавзусида ҳажми 5 варақдан ошмаган иншо ёзадилар.
  • Учинчи (ҳудудий) босқичда – барча туман (шаҳар)лардан аниқланган ғолиб ўқувчилар дастлаб “Менинг Президентим” мавзусида (Power point дастурида) тақдимот тайёрлайдилар, сўнгра ишчи гуруҳ ҳузурида 15 дақиқа давомида ўз ишлари тақдимотини амалга оширадилар.
  • Тўртинчи (республика) босқичда – ҳар бир ҳудуддан 3 нафардан ғолиб ўқувчи, жами 42 нафар ўқувчи дастлаб “Менинг Президентим” мавзусида (Power point дастурида) тақдимот тайёрлайди, сўнгра ишчи гуруҳ ҳузурида 15 дақиқа давомида ўз ишлари тақдимотини ўтказадилар.

Танловнинг Республика босқичи жорий йилнинг 21-25 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Республика босқичи иштирокчиларининг барчасига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 1 тадан ноутбук топширилади.

Танловнинг Республика босқичида ғолибликни қўлга киритган 1-,2-,3-ўрин эгаларига 2022-2023 ёки 2023-2024-ўқув йилида республикадаги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда, 1-ўрин соҳибига 3 йиллик тўлов-шартнома маблағлари, 2-ўрин соҳибига 2 йиллик тўлов-шартнома маблағлари, 3-ўрин соҳибига 1 йиллик тўлов-шартнома маблағлари тўлаб берилади.

Танловнинг Республика босқичида 1-, 2-, 3-ўринни қўлга киритган ғолиб ўқувчилар грант асосида талабаликка қабул қилинса 1-ўрин соҳиби 3 йиллик тўлов-шартнома маблағи, 2-ўрин соҳиби 2 йиллик тўлов-шартнома маблағи, 3-ўрин соҳиби 1 йиллик тўлов-шартнома маблари миқдорида мукофотланади.

Шунингдек, танловнинг Республика босқичида 1-,2-,3-ўринни эгаллаган ғолибларнинг умумтаълим муассасасидаги устозлари мос равишда 30,0 млн., 20,0 млн. ва 10,0 млн. сўм пул маблағлари билан мукофотланади.

Танловнинг республика босқичи ғолиблари (1-, 2-, 3-ўрин) таълим олаётган умумтаълим мактаблари директорлари эса ноутбук билан тақдирланади.

Print Friendly, PDF & Email