Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини тизимли ташкил этиш

 

Жорий йил 2 декабрь куни Давлат хизматлари агентлигининг Самарқанд вилоят бошқармаси мажлислар залида Ўзбекистон Республикасининг Меҳнатни муҳофаза қилиш қонуни мазмун ва моҳияти юзасидан семинар ўтказилди.

Тадбирда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори У.Каримов, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича етакчи мутахассиси О.Мизамов, Давлат хизматлари агентлигининг Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари, туман ва шаҳар марказлари раҳбарлари, Фуқаролик ҳолатини далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимлари раҳбарлари иштирок этишди.

Маърузачилар томонидан иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг Меҳнатни муҳофаза қилиш, Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунлар ва шунга оид ҳуқуқий – меъёрий ҳужжатлар бўйича батафсил тушунчалар беришди.

Жумладан, Меҳнат муҳофазаси — инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат саломатлиги ва иш қобилиятининг сақланишига қаратилган тадбирлар. Қонун ҳужжатларида меҳнат жараёнида кўлланиладиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техник, санитария-гигиена, даволаш-профилактика чора-тадбирлари белгилаб қўйилади. Меҳнат қилувчи шахс хавфсизлиги, саломатлиги, меҳнат қилиш қобилиятини ҳимоялаш, соғлом меҳнат шароитлари яратиш, касб касалликлари юз бериш хавфини олдини олиш, ишлаб чиқаришда жароҳатланишларга йўл кўймаслик кабилар Меҳнат муҳофазаси олдидаги вазифалар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида хавфсиз ва қулай меҳнат шароитида ишлаш юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари Конституция (37-модда)да мустаҳкамланиб қўйилган. Ушбу конституциявий кафолатни амалда рўёбга чиқарилишига қаратилган аниқ чора тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунда, бошқа бир қатор қонунлар ва қонун ости норматив ҳужжатларида белгиланган.

Мулкчилик шакли ва хўжалик юритиш усулидан қатъи назар барча корхона, муассаса, ташкилотлар ўз ходимлари учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитини яратиши, хавфсизлик техникаси чораларини кўриши, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларини ташкил этиши, бошқа ташкилий техник тадбирларни амалга ошириши шарт.

Xодимларга хавфсизлик техникаси, ишлаб чиқариш санитарияси, ёнғин чиқишдан сақланиш ва меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидалари ҳақида йўл-йўриқлар бериш ҳамда ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳамма талабларига риоя этишларини доимий равишда текшириб бориш вазифаси иш берувчи зиммасига юклатилади.

Мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимларга йўриқнома бериш, ўқитиш ва уларнинг билимларини текшириш ишларини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 1996 йил 14 августда 272-рақам билан рўйхатдан ўтган “Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисида”ги Намунавий низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тартибда ўқитиш, йўл-йўриқлар бериш ва билимлари текширишдан ўтмаган ходимларни ишга қўйиш тақиқланади.
Ходимларни хавфсиз меҳнат усулларига ўқитишни ташкил қилиш ва амалга ошириш бўйича умумий рахбарлик ва жавобгарлик корхона рахбарига юклатилади.

Ходимларни йўриқномадан ўтказиш турлари иккига яъни, кириш ва иш жойида ўтказиладиган йўриқномага бўлинади.

Иш жойидаги йўриқнома ўз навбатида бирламчи, даврий ва навбатдан ташқари йўриқномаларга бўлинади.

Корхонага ишга кирган ходимлар, бошқа ташкилотлардан шу корхонага ишлаш учун хизмат сафарига йулланганлар ва амалиётни уташ учун келган ўқувчилар кириш йўриқномасидан ўтишлари лозим.
Ходимларни кириш йўриқномасидан ўтказишни меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходими ёки ушбу вазифа юклатилган бошқа бир ходим амалга оширади.

Кириш йўриқномасидан тегишли меъёрий хужжатлар, китоблар ва кўргазмали қуроллар билан жихозланган Меҳнат муҳофазаси хонасида ўтказилади. Кириш йўриқномасидан ўтган ходимлар махсус кириш хавфсизлик техникаси журналга қайд этилиб борилади.

Ходимларни иш жойида йўриқномадан ўтказишдан тартиби:
Бунда,
-барча ходимлар кириш йўриқномасидан ташқари иш жойида ҳам йўриқномадан ўтишлари шарт;
-иш жойида йўриқномадан ўтказишнинг мақсади ҳар бир ходимни хавфсиз ва тўғри иш олиб бориш усулларига ўргатиш;
-иш жойида йўриқномадан ўтказишда ходимни механизмлар, дастгохлар ва ускуналарнинг тузилиши, хавфли ва хавфсиз жойлари хамда иш жойини ишга тайёрлаш жараёни билан таништирилади;
-иш жойида йўриқномадан ўтказиш ходимга бевосита рахбарлик қилувчи бригадир (бўлинма) зиммасига юклатилади;
-йўриқномаларни ишлаб чиқиш ва йўриқномалар билан ишловчилар ҳамда иш жойларини таъминлаш меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ёки уни вазифасини бажарувчи раҳбарлардан бирига юклатилади;
-йўриқномадан ўтган ходимлар иш жойида йўриқномадан ўтказиш журналига қайд этилиб, тегишли имзолар қуйилиши билан расмийлаштирилади;
-ходимлар иш стажи ва малакасидан қатъий назар узоғи билан 6 ойда навбатдаги йўриқномадан ўтказилиши шарт;
-ишлаб чиқариш техналогияларида ўзгаришлар бўлганда, дастгоҳлар алмашганда ва бошқа холатлар натижасида меҳнат шароитларида ўзгаришлар бўлганда, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар содир бўлганда, хавфсиз меҳнат олиб бориш бўйича йўриқномаларга ўзгартиришлар киритилганда ва бошқа холатларда навбатдан ташқари йўриқномадан ўтказилади;
-навбатдан ташқари йўриқномадан ўтказиш ҳам иш жойида йўриқномадан ўтказиш каби сабаблари кўрсатилган ҳолда белгиланган журналга қайд қилинади.


Усмон Каримов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
Самарқанд вилоят кенгаши бўйича меҳнат техник
инспектори

Print Friendly, PDF & Email