Мақсад – меҳнаткашлар учун хавфсиз ва соғлом муносиб меҳнат шароитларини яратиш.

Мехнат мухофазаси        2016 йил 30 май куни Ургут туманидаги 121-сон умумтаълим мактабининг мажлислар залида Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ургут тумани кенгашига қарашли бошланғич ташкилотлари меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси мухандиси вазифасини бажараувчи ходимлар ва  меҳнат муҳофазаси вакиллари иштирокида  – меҳнаткашларнинг меҳнати муҳофаза қилинишга доир ҳуқуқни ҳимоя этиш борасидаги ҳуқуқларини амалга ошириш ва бу борада уларнинг вазифалари ва мажбуриятлари ҳақида вакилларнинг билимларини янада мутаҳкамлаш мақсадида Ўқув-машғулот ўтказилди.

Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси М.Саттаров, вилоят Меҳнат бошқармасининг меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экспертизаси давлат инспекцияси давлат меҳнат техник инспектори Ж.Азимов, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ургут туман кенгаши раиси М.Баратовалар кун тартибидаги масалалар юзасидан маъруза қилишди ва иштирокчиларга меҳнатни муҳофаза қилишга оид қоида ва меъёрлар талаблари юзасидан тушунтириш беришди.

Жумладан,

Меҳнатни муҳофаза қилиш – бу тегишли қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида амал қилувчи, инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сихат-саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена ва даволаш-профилактика тадбирлари ҳамда воситалари тизимидан иборат.

Ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати тузилади ёки лавозим жорий этилади. Ходимлар сони камроқ корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юкланади.

Ишчиларни ўқитиш ва билимларини текшириш

Ишчиларнинг йўриғи кириш йўриғи  ва иш жойидаги йўриққа бўлинади. Иш жойидаги йўриқ ўз навбатида бирламчи, даврий ва навбатдан ташқари йўриққа бўлинади.

Кириш йўриғи.

Корхонага ишга кирган барча ишчилар, бошқа ташкилотларнинг шу корхонада ишлаш учун сафарбар қилинган ходимлари (малакаси, иш стажи ва тажрибасидан қатъи назар), шунингдек амалиётчилар ва шогирдлар мустақил ишни ёки стажировкани бошлагунга қадар кириш йўриғидан  ўтишади.

Ишчиларни кириш йўриғидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг ходими ёки унинг вазифалари юклатилган бошқа ходим ўтказиши лозим.

Кириш йўриғи  бир гуруҳ ишчилар билан ҳам, алоҳида-алохида ишчилар билан ҳам ўтказилиши мумкин. Гуруҳ таркиби, одатда, 10 кишидан ошмаслиги керак.

Кириш йўриғини ўтказганлик тўғрисида кириш йўриғини рўйхатга олиш дафтарига ёзиб қўйиш ва ишчини қабул қилиш хатида тегишли белгиларни қўйиш лозим.

Иш жойидаги йўриқ.

Кириш йўриғидан ташқари барча ишчилар иш жойидаги йўриқдан ўтиш-лари лозим.

Иш жойидаги йўриқдан мақсад – ҳар бир ишчини ишлашнинг тўғри ва хавфсиз усуллари ҳамда услубларига ўқитишдир. Йўриқ жараёнида ишчини асбоб-уску-налар механизмлар, мосламалар, уларнинг тавсифи ва тузилиш хусусиятлари, юз бериши мумкин бўлган хавфлар, ишлашнинг хавфсиз услублари ва усуллари ҳамда иш жойини тайёрлаш тартиби билан таништириш керак.

Иш жойидаги йўриқни ўтказиш ишчи бевосита бўйсунадиган устага юклатилади. Зарур ҳолларда йўриқ тегишли мутахассислар (механиклар, энергетиклар ва бошқа мутахассислар) иштирокида ўтказилади.

Электротехник бўлмаган ходимларга электр хавфсизлигига доир йўриқ ўтказиш ва малака гуруҳини бериш ишларини бош энергетик хизмати ходими амалга оширади.

Бевосита иш жойидаги йўриқ ишларни хавфсиз юритиш қоидалари ва йўриқномалари асосида цех, участка бошлиқлари томонидан ишлаб чиқилган ва корхона бош муҳандиси томонидан тасдиқланган дастурлар бўйича ўтказилади. Бундай йўриқно-малар ва уларнинг рўйхати корхона бош муҳандиси томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Ишларни хавфсиз юритиш йўриқномаларини ишлаб чиқиш ва ишлаётганлар ҳамда иш жойларини улар билан таъминлаш участкалар, цехларнинг раҳбарларига юклатилади.

Дастлабки йўриқ.

Дастлабки йўриқ бевосита иш жойида амалий ўқитиш (стажировка) билан биргаликда ишчиларни мустақил ишлашга қўйишдан олдин, бошқа ишга ёки бошқа турдаги иш участкасига ўтказишда (ишлаб чиқариш шартлари ўзгарганда) ўтказилиши лозим.

Корхонага ишга кираётган киши амалий ўқитиш (стажировка)ни тажрибали ва малакали ишчи қўлида ўтиши керак. Стажировка учун ишчини кимга бириктириш корхона раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади, бунда ўқитиш муддати ва доимий назоратни олиб бориши керак бўлган масъул шахс (уста) кўрсатилади.

Дастлабки йўриқни ўтказганлик тўғрисида иш жойидаги йўриқларни рўйхатга олиш дафтарига ёзиб қўйилади. Дафтарнинг шакли 2-иловада берилган.

 

 

Даврий йўриқ.

Касби бўйича иш стажи ва малакасидан қатъий назар ишчилар камида ҳар 3 ойда бир марта ишларни хавфсиз юритиш бўйича даврий йўриқдан ўтишлари керак.

Даврий йўриқдан мақсад – ишчилар томонидан бажариладиган асосий ва бошқа ишларни хавфсиз бажариш бўйича ишчиларнинг билимини кўрсатилган бирон вақт ўтгандан сўнг янгилаб ва тўлдириб туриш.

Даврий йўриқ алоҳида ёки гуруҳ билан (бир турдаги касблар ва айрим иш турлари бўйича) бўлиши мумкин ва цех, участка ёки корхона амалиётидан олинган  мисолларни суҳбат тарзида батафсил муҳокама қилиб ўтказилиши керак.

Бирон-бир сабабга кўра (таътил, касаллик, хизмат сафари ва ҳоказо) белгиланган вақтда йўриқдан ўтмаган ишчилар ишга чиққан куни йўриқдан ўтишлари керак.

Даврий йўриқ ўтказилганлиги тўғрисида иш жойидаги йўриқларни рўйхатга олиш дафтарига ёзиб қўйилиши лозим.

Навбатдан ташқари йўриқ.

Ишларни хавфсиз юритиш бўйича ишчиларни қуйидаги ҳолларда навбатдан ташқари йўриқдан ўтказиш керак:

– ишлаб чиқариш жараёни ўзгариш, бир асбоб бошқа турдаги асбоб билан ўзгартирилиши ва ҳоказолар натижасида меҳнат қилиш шароитлари ўзгарган ҳолларда;

– цехда, участкада, бригадада бахтсиз ҳодиса ёки авария рўй берганда;

– ишларни хавфсиз юритиш бўйича янги қоидалар ва йўриқномалар киритилишидан келиб чиқадиган қўшимча талабларни ишчиларга етказиш зарур бўлганда;

– кўрилган чора-тадбирлардан қатъий назар меҳнатни муҳофаза қилиш ёнғин хавфсизлиги ва санитария қоидалари ва йўриқномалари, ишлаб чиқариш интизоми бузилган ҳолларда;

– меҳнат хавфсизлиги  бўйича қўшимча (юқори) талаблар қўйиладиган ишларда 30 календар куни ва ундан ортик; қолган ишларда – 60 кун ва ундан ортиқ танаффус вужудга келганида.

Навбатдан ташқари ўтказилган йўриқ худди дастлабки ва даврий йўриқлар каби, фақат сабаби ва кўрилган хавфсизлик чора-тадбирлари кўрсатилган ҳолда йўриқларни рўйхатга олиш дафтарида расмийлаштирилади.

Ишчиларнинг билимини текшириш.

Дастлабки йўриқ ва стажировкадан сўнг (мустақил ишга қўйилишидан ол-дин ёки бир ишдан бошқасига ўтказилганда) ишчилар ишларни хавфсиз юритиш бўйича қоидалар ва йўриқномаларни билишлари текширилиши керак.

Билимларни текшириш дастлабки, даврий ва навбатдан ташқари текширишларга бўлинади.

Билимларни текширишн корхона раҳбарининг буйруғи билан тайинланадиган ва, одатда, бош муҳандис раислигидаги комиссия амалга оширади. Маълум бир шароитдан келиб чиққан ҳолда, комиссия таркибига механиклар, энергетиклар ёки бошқа мутахассислар киритилиши мумкин.

Раҳбарлар ва мутахассисларни ўқитиш ҳамда билимларини текшириш

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича раҳбарлар ва мутахассисларнинг билим савиясини ошириш учун бошқарув идоралари ва корхоналарда давлат назорат идоралари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг давлат меҳнат техника инспекцияси,  олий ўқув даргоҳлари ва бошқа мутахассисларини жалб этган ҳолда курслар, семинарлар, лекциялар, маслаҳат бериш ишлари ташкил қилинади.

Имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш бошқарув идоралари, корхоналарнинг раҳбарлари ва имтиҳон комиссияси раисларига юклатилади. Имтиҳонлар тасдиқланган жадвалга кўра қабул қилинади. Бу жадвал имтиҳонлар бошланишидан бир ой олдин барча имтиҳон комиссияларининг аъзоларига юборилган бўлиши лозим.

Имтиҳонларнинг ўтказилиш куни ва жойи тўғрисида имтиҳон топширувчи камида 15 кун олдин огоҳлантирилиши керак.

Комиссия таркиби уч кишидан кам бўлган ҳолларда имтиҳонларни ўтказиш мумкин эмас.

Имтиҳон комиссияларининг таркибига киритилган корхона раҳбарлари ва мутахассислари бошқарув идораларининг комиссияларида ёки давлат меҳнат техника инс-пекциясининг худудий комиссиясида имтиҳонлардан ўтганларидан сўнг ўзларининг комиссиялари ишида иштирок этишлари мумкин.

Имтиҳон комиссиялари раҳбарлар ва мутахассисларнинг қуйидагилар борасидаги билимларини текширишади:

-Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг меҳнат кодекси ва меҳнат муҳофазаси бўйича бошқа қонун ҳамда меъёрий ҳужжатлар;

– меҳнат хавфсизлиги стандартларининг тизими;

– аварияларнинг олдини олиш ва чеклашнинг тизимлари;

– электр билан жароҳатланишнинг олдини олишга доир асосий талаблар;

– ёнғин хавфсизлиги, ёнғинлар, портлашлар, аварияларни бартараф этиш усуллари ва воситалари, табиий офатлар юз берганда ходимларнинг ҳатти-ҳаракатлари;

– ишлаб чиқариш санитарияси ва шахсий гигиенанинг асосий талаблари;

– меҳнат муҳофазаси ҳолатининг давлат, муассасавий назорати ва жамоат назорати тўғрисидаги низомлар;

– ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг  бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низом;

– технология тартибига риоя қилиниши ва ишлаб чиқариш жараёнларини хавфсиз юритишни таъминлайдиган лавозим йўриқномалари, паспортлар, схемалар ва технологик иш тартиблари;

– шахсий ҳимоя воситалари (ШҲВ) ни тайинлаш ва қўллаш, ШҲВ ни бериш тартиби ва меъёрлари, улардан фойдаланиш муддати;

– меҳнат шартномаси, иш вақти ва дам олиш вақтининг тартиби, аёллар ва 18 ёшга тўлмаган шахслар меҳнатини муҳофаза қилиш билан боғлиқ имтиёзлар ва тўловлар;

– жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш усуллари.

Имтиҳон билетлари ишлаб чиқариш хусусиятлари раҳбарлар ва мутахассисларга қўйиладиган малакавий талаблар, маҳаллий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади ва доимий ишлайдиган имтиҳон комиссияларининг раислари томонидан тасдиқланади.

Меҳнатни муҳофаза қилишга доир билимларни текширишнинг қуйидаги турлари белгиланади:

дастлабки, даврий ва  навбатдан ташқари.

Дастлабки билимлар текшируви раҳбар ва мутахассис лавозимига ишга тайинлангандан сўнг камида бир ой муддат ичида улар тегишли имтиҳон комиссиясида меҳнат муҳофазасига доир билимларининг дастлабки текширувидан ўтишлари керак.

Даврий билимлар текшируви  усталар (механиклар)да бир йилда камида бир марта ва раҳбарлар ҳамда бошқа мутахассислар (бош механик, энергетик, цех (участка бошлиқлари) учун уч йилда камида бир марта ўтказилиши керак.

Навбатдан ташқари билимлар текшируви.

– меҳнат муҳофазасига доир янги ёки қайта ишланган меъёрий ҳужжатлар кучга кирганда;

– янги асбоб-ускуналар ишга туширилганда ёки янги технологик жараёнлар тадбиқ қилинганда;

– ходим меҳнат муҳофазаси бўйича қўшимча билимга эга бўлиши кераклиги талаб қилинадиган бошқа ишга ўтказилганда ёки бошқа лавозимга тайинланганда;

– гуруҳли, ўлим билан тугаган ёки оқибати оғир бахтсиз ҳодисаларга йўл қўйил-ганда, шунингдек авариялар, портлашлар, ёнғин ёки заҳарланиш ҳоллари юз берганда;

– давлат назорат идораларининг талабига кўра;

– ишда бир йилдан ортиқ танаффус бўлганда меҳнат муҳофазаси бўйича навбат-дан ташқари билимлар текширувидан ўтишлари керак.

Навбатдан ташқари билимлар текшируви ушбу текширувни ўтказиш учун кўрсатма берадиган инстанция томонидан белгиланадиган айрим ҳужжатларнинг талаблари доирасида ўтказилади.

Билимлар текширувининг натижалари баённомаларда расмийлаштирилади, имтиҳон комиссиясининг раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.

Билимлар текширувининг баённомалари меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ёки кадрлар бўлимида камида 6 йил сақланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни 23-моддаси талабларига кўра, касаба уюшмалари меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини ўзлари сайлайдиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар орқали амалга оширадилар.

Қуйидагилар жамоатчилик назоратининг асосий предмети ҳисобланади:

хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилганлиги;

ходим олинган шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиши, инсонлар ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф соладиган ҳар қандай ҳолат, шунингдек иш жараёнида ёки у билан боғлиқ ҳолда содир бўлган ҳар қандай бахтсиз ҳодисанинг олди олиниши;

иш берувчи меҳнат шартномасини тузишда ва бошқа ишга ўтказишда ходимни меҳнат шароитлари тўғрисида, шу жумладан касб касалликлари ва бошқа касалликларга чалиниш эҳтимоли, шу билан боғлиқ ҳолда унга бериладиган имтиёз ва компенсациялар, шунингдек шахсий ҳимоя воситалари ҳақида хабардор қилиши;

иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиши;

ходимларга хавфсизлик нормалари, ишлаб чиқариш санитарияси, ёнғин чиқишдан сақланиш ва меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидалари ҳақида йўл-йўриқлар берилиши ҳамда ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳамма талабларига риоя этишларини доимий равишда текшириб бориш;

ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқишларини таъминланиши ва уларнинг билимларини текшириб турилиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиш учун белгиланган тартибда маблағлар ва зарур материаллар ажратилиши;

меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газли шўр сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланганлиги;

соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказиш, муҳтож ходимларни, уларнинг розилиги билан, тиббий хулосага мувофиқ вақтинча ёки муддатини чекламай, ана шундай ишларга ўтказиш;

меҳнатда майиб бўлганлиги ёки соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганлиги муносабати билан вақтинча камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган ходимларга уларнинг соғлиғи шикастланганлиги учун жавобгар бўлган иш берувчи аввалги иш ҳақи билан янги ишда оладиган иш ҳақи ўртасидаги фарқни тўлаётганлиги, нафақа тўлаб туришнинг бошқача ҳоллари бажарилиши;

ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар.

Ўқув – машғулот жараёнида иштирокчиларга меҳнатни муҳофаза қилишга оид тавсиялар тарқатилди.

Мехнат мухофазаси бўлими

Print Friendly, PDF & Email