Оммавий маданият ёт иллат

Ҳар бир миллатнинг маданияти ўзининг аждодларидан авлодларига ўтиб келаётган миллий қадриятлари, урф-одатлари, анъаналари орқали ёш авлод тарбияси билан шуғулланади, уни бойитиб боради, асраб-авайлайди. Миллий маданият халқнинг зукко инсонлари донишмандлигининг маҳсулидир. Миллат тараққиёти маданият соҳасидаги қадриятларга қанчалик эътибор, улардан самарали фойдаланишга ҳам боғлиқ.
Маълумки, ўзбек миллатининг ўзига хос миллий қадриятлари, анъаналари, урф-одатлари бўлиб, уларга мустақиллик йилларида эътибор янада кучайди. Оила тарбияси, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, аёлларга ва болаларга алоҳида эътибор, меҳр-шафқатли бўлиш, ҳамдардлик, ҳамжиҳатлик, саховат, андиша, ҳаё, бағрикенглик каби фазилатлар руҳида инсони тарбиялаш миллий маданиятимизнинг негизи ҳисобланади. Турли санъат асарлари, халқ миллий ўйинлари, халқ мақол ва иборалари ёшларни комил инсон қилиб тарбиялашга қаратилган.
Наврўз байрами, Хотира ва қадрлаш куни, Мустақиллик куни, Устоз ва мураббийлар куни каби бошқа кўплаб умумий ҳамда касб байрамлари миллий маданиятимизнинг ўзига хос анъаналарига асосланган, уларни кўз-кўз қиладиган қадриятларга айланиб бормоқда ва ёшлар тарбиясида муҳим восита ролини бажармоқда.
Шукроналик билан қайд этиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллиги эълон қилиниши билан тараққиётимизнинг «ўзбек модели» яратилди ва миллий маданиятимизга муносабат тубдан ўзгарди. Наврўз каби миллий байрамлар, урф-одалар, анъаналар ҳаётимизнинг муҳим бир қисмига айланди. Оила, таълим муассасалари, жамоат жойларида таълим ва тарбия янгича мазмунга эга бўла бошлади.
Юртимизда Мустақиллик йилларида ташкил этилаётган кўрик-танловлар, таъсис қилинаётган мукофотлар замирида ёш авлодни миллий ва замонавий қадриятлар руҳида тарбиялаш, жаҳон андозаларига мос рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш, ахборот технологиялари ва бошқа замонавий фан ютуқларини ўз соҳасида қўллай оладиган ҳамда турли кашфиётлар қилишга қодир кадрлар етиштириш мақсади кўзланган.
Бугунги кунда «оила – маҳалла – таълим маскани», «оила – маҳалла – корхона» тизимлари ягона мақсад, яъни комил инсон тарбияси билан шуғулланмоқда.
ХХI аср ўзгача тараққиёт асри – ахборот асри, глобаллашув асри каби номлар билан атала бошлади. Албатта, ахборот алмашув жараёни кучайиши интеграция ва глобаллашув жараёнларининг тобора авж олишига сабаб бўлмоқда. Ёшлар интернет орқали дунёнинг турли бурчакларида юз бераётган воқеа-ҳодисалар, кашфиётлар, турли халқларнинг урф-одатлари, турмуш тарзидан бир зумда хабардор бўлиб, истаган маълумотга эга бўлмоқдалар. Албатта, буларнинг барчаси тараққиёт учун жуда муҳим.
Ҳозирги кунда айрим давлатларда диний экстремизм, миссионерлик, гиёҳвандлик, жиноятчилик, терроризм каби иллатлар тобора шитоб билан гоҳ ошкора, гоҳ яширин кириб бормоқда. Турли маънавий таҳдидлар ҳам оддий ҳолга айланмоқда. Бундай таҳдидлардан бири «оммавий маданият»нинг кириб келишидир.
“Оммавий маънавият” умуминсоний маънавиятдан тубдан фарқ қилиб, унинг замирида, иқтисодий, сиёсий, ҳарбий қудратга эга бўлган, ўз таъсирини жаҳонга ўтказишга қурби етадиган миллат ва халқларнинг маънавияти туради. Унинг таъсири ҳеч қачон табиий кечмайди, балки аниқ мақсад ва манфаатларни кўзлаб олиб бориладиган фаолият натижасида юзага келади. У катта имконият ва қудратга эга бўлган мамлакатлар ва уларда яшаётган халкларнинг ҳам ўз имкониятини тўла юзага чиқаришга улгурмаган ёки унда тараққиёт йўлига кираётган мамлакатлар ва уларда яшаётган халқларга нисбатан ўтказадиган таъсири, тазйиқи, керак бўлса маъна¬вий зўравонлигининг натижасида юзага келади.
Четдан ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётган миллатимиз учун ёт бўлган ғоялардан ҳимояланишнинг муҳим имкониятлардан бири мил¬лий тарбиядир.
Миллий тарбия миллат вакилларига, айниқса, унинг ёшларига миллий мерос, урф-одат, анъана ва ахлоқдаги энг илғор хусусиятларни, қадриятларни сингдириш орқали миллий онг, дунёқараш, руҳиятни шакллантириш, ўзлигини англатиш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлаш, миллий манфаат, миллат истиқболи учун масъулликни онги ва қалбига сингдириш, миллий заминлардаги бой мерос асосида маънавий бойитиш борасида олиб бориладиган амалий фаолият йўналишидир.
Ҳар қандай тарбияда бўлганидек, миллий тарбияда ҳам аниқ мақсадлар кўзланади. Глобаллашув авж олаётган бугунги кунда мил¬лий тарбиянинг стратегик йўналишини кенг маънодаги маънавиятимиз-ни миллатимизга ёт бўлган турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, уни ёшларимиз онги, қалби, дунёқарашининг ажралмас қисмига айлантириш ташкил қилади.
Маънавий-маърифий тарбиянинг асосини ёшларга бўлган муносабат ва уларга ишонч ташкил этади.
Юқорида қайд этилган салбий ҳолатларнинг барчасига қарши курашни ташкил қилиш, ёшлар онгида маънавий бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик маънавий-маърифий тарбиянинг асосини ташкил этаётгани барчамизга маълум. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида баён қилинган тавсиялар маънавий таҳдиднинг олдини олишда дастуриламал ҳисобланади. Тарғибот-ташвиқот ишларининг негизида эса тил омили, нутқдан аниқ, мазмунли, таъсирчан тарбия учун фойдаланиш ётади. Ёшлар билан ўтказиладиган тадбирларда, таълим-тарбия жараёнларида юқори нутқ маданиятини тарғиб этиш лозим.
«Оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан ёшларни, умуман, кенг жамоатчиликни асрашнинг йўлларидан бири холис, ҳаққоний ахборотни кўпроқ, мазмунли, таъсирчан шаклларда тарқатиш, ахборотни таҳлил қилиш, саралаш, ижобий жиҳатларидан фойдаланиш маданиятини улар онгига сингдиришдан иборатдир.

Акбар Абдусаидов,
Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши маданий- маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири.

Print Friendly, PDF & Email