МЕҲНАТ ШАРОИТИ МУНОСИБ БЎЛСИН

Самарқандда бўлиб ўтган “Меҳнат муҳофазаси: Ёш ходимларни қўллаб-қувватлаймиз” мавзуидаги “Давра суҳбати” кўлами жиҳатидан муҳим аҳамият касб этди. Давра суҳбатини Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Сухроб Рафиков бошқариб борди. Муносиб, кафолатланган меҳнат шароити яратиш шунчаки гап эмас. Бу жараёнда қатор қонун ва халқаро меъёрларга амал қилиш тақозо этилади. Анъанага кўра, “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”да меҳнат фаоллигига бир қур назар ташланади. Бу галги тадбирда, вилоят касаба уюшмалари, ҳамкор ташкилотлар мутахассислари, Сирдарё ва Жиззах вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси касаба уюшмалари вакиллари иштирок этишди. Тадбир иштирокчилари, меҳнат фаолиятида ходимлар руҳияти, саломатлигига хавф солувчи унсурларнинг олдини олиш, иш жараёнида соғлом муҳит яратиш йўл йўриқлари хусусида фикрлашдилар. Қирғизистон Республикасининг Ўш вилояти касаба уюшмалари кенгаши раиси ўринбосари, бош меҳнат техника инспектори Толкунбек Тожиев, қўшни давлат корхоналаридаги меҳнат муҳофазаси меъёрлари назорати, меҳнат соҳасидаги муносабатлар барқарорлиги хусусида ўз мулоҳазаларини сўзлаб берди “Жиззахавтойўл” АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Бектемир Худойбердиев, Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Шавкат Мирзабековлар ёш ходимлар меҳнатини муҳофазалаш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритишди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримова, “Саноатгеоконтехназорат” ҳудудий давлат инспекцияси инспектори Сардор Қодиров, Самарқанд вилоят давлат санитария-эпедемиология назорати маркази бўлим мудири Асолат Эргашевалар жойларда содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ва касб-касалликларига чалининишнинг олдини олиш, ёш ходимларнинг касб маҳоратини ошириш, билимларини синаш, касб кўникмасини ошириш хусусида ўз мулоҳазаларини билдиришди. “Давра суҳбати” иштирокчилари, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ишини ташкил этиш, ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, ўқитиш, билимларини синаш, давлат экспертизаси ўтказиш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш аудити тартиблари бўйича қабул қилинаётган ҳужжатлар хусусида мулоқот олиб боришди. Тадбир доирасида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик–танловининг вилоят биринчи босқичи ғолиблари тақдирланди.
Куннинг иккинчи ярмида Қирғизистон касаба уюшмалари делегацияси масъулияти чекланган жамият шаклидаги “JV MAN AUTO – UZBEKISTAN” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Ўзбек автосаноатида дадил одимлаётган мазкур корхонада асосий иш жараёнлари техника зиммасига юклатилган. Йилига 3 минг донагача оғир ва ўртача юк кўтаришга мўлжалланган машиналар, замонавий автобуслар ишлаб чиқариб келаётган корхонада 450 киши меҳнат қилади. Мутасаддилар эътирофича бу ерда бир йил давомида 8 мингтагача автотранспорт воситалари ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.
Автотранспорт воситалари ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи ўрин тутишини биламиз, – дейди Қирғизистон Республикаси Ўш вилоят тиббиё ходимлари касаба уюшма қўмитаси раиси Сиддиқ Ашимов. Ўзининг залворли одими билан танилган бундай йирик корхона билан танишдик. Бу ерда ходимлар ва уларнинг унимли ишлашлари учун етарлича шарт-шароит яратилган. Президентларимиз учрашувидан сўнг, давлатингиз кўмагида бизнинг юртимизда ҳам ана шундай автомабиллар ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётганлиги эътиборга молик воқеа. Қардошларимизнинг бу ютуқлари бизда нафақат ҳавас балки ғурур ҳам уйғотди.
Зовод маъмурияти, бошланғич ксаба уюшма ташкилоти томонидан ижтимоий шерикчилик асосида ходимларни ижтимоий, иқтисодий – меҳнат ҳимоясини ташкил этиш йўналишидаги ишлар билан танишилди.Кўхна ва ҳамиша навқирон Самарқанд дунё аҳли меҳри, эътиборини тортиб келган. Бу ўлкада бўлган ҳар бир киши сеҳирли диёр мўжизалари, аждодларимизнинг ўлмас меъросидан баҳраманд бўлишига интилади. Қирғизистон касаба уюшмалари делегатцияси ҳам қадим юртнинг барҳаёт асори атиқаларидан баҳраманд бўлишди.
Бундан роппа роса 36 йил илгари Самарқандда бўлганман, – дейди таълим, фан ходимлари касаба уюшмаси Жалолобод вилоят қўмитаси ҳуқуқ ва меҳнат инспектори Абдурахим Айдаров. – Гапнинг рости бу диёр тароватини ўз ютдошларимга қай тариқа сўзлаб беришни ўйлаб турибман. Самарқанднинг бугунги камолини, жамолини ифодалашга сўз ожиз. Регистондан Тошкент кўчаси бўйлаб пиёда кесиб ўтдим. Илгарги юрган йўлларимни сира пайқас қилолмадим. Бу мўжизалардан, бунёдкорликдан бошим айланди.
Душанали Мойулов, Ўш вилоят касаба уюшмалари ҳисоб комиссияси раиси: – 1982 йилда Самарқандга келганман. Ўша даврларда нурай бошлаган Регистон манзаралари кўз олдимда қотиб қолган экан. Бугун бу манзилда бўлиб кўзларимга ишонмадим. Бу ерда аждодлар мероси нафақат сақлаб қолинган балки ўта нозик дид, юксак салоҳият билан бойитилган. Бу мўтабар гўшага минг – минглаб сайёҳларнинг оқиб келишини англагандек бўлдим. Алмазбек Мамажунусов, Жалолобод вилоят касаба уюшмалари бош мехнат техника инспектори: – Авлиё Даниел зиёратгоҳи сиру – синоати бизни чулғаб олди. Буюк Темур бобомизнинг юртни, ўз халқини юракдан ардоқлаганлигини бу ерда яна бир карра ҳис қилдик. Очиқ гап, биз бу мўжизакор маскандан мутлоқа бехабар эдик. Ўша, йиллар давомида қовжираб – қақшаб ётган дарахтнинг яна куртак ёзганлиги, бу ўлкага оллоҳнинг назаридан далолат. Юртларимизга кўз тегмасин, аҳил иноқлигимиз, қон – қардошлигимиз барҳаёт бўлсин. Меҳмонлар фалаккиёт илми султони Мирзо Улуғбек расадхонаси билан ҳам яқиндан танишишди.Бу қадим юрт дунёга олиму – фузалолари билан маълум ва машҳурдир, – дейди Қирғизистон республикаси касаба уюшмалари делегатцияси раҳбари Толкунбек Тажиев. – Неча – неча асрлар ўтса ҳамки уларнинг ўлмас изланишлари, илму – фан тараққиётига хизмат қилиб келаётир.
Давлатимиз раҳбарлари азалий қардошлик ришталарини янада мустаҳкам боғлашга астойдил интилмоқда. Анжуман баҳонасида бизга Самарқанддек мўътабар гўша билан танишиш имкониятини яратиб берган ҳамкасбларимиздан ҳам беҳад мамнунмиз. Бугун қайтиш арафасида яна қалбда ҳаяжон. Бизни йўлнинг заҳматини ҳеч чектирмасдан олиб келган аср мўжизаси, “Афрсиёб” тез юрар поезди кутиб турибди. У саёҳатимизга ўзгача жозиба касб этамоқда.

У.Каримов

Print Friendly, PDF & Email