
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг 2019 йил 28 февралдаги № 12-33 “с”-сонли “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида “Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” шиори остида ўтказиладиган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги Раёсат қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳафталик тадбирлар жараёни бошланди.
Тадбир жараёнлари ҳамкор ташкилотлар вакиллари, йирик саноат корхоналарининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассислари, турли касбларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар, ёшлар иттифоқи фаоллари, олий ўқув юртлари талабалари ҳамда тармоқ касаба уюшмалари фаоллари иштирокида ташкил этилди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад: меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини олдини олишга иш берувчилар ва ходимлар эътиборини кучайтириш, меҳнатга оид норматив ҳужжатларга амал қилиниши устидан жамоат назоратини олиб борилишида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаб, муаммоларни ўрганган ҳолда, ҳамкорликда ечимини топиш.
Мазкур ҳафталик тадбирлар доирасида касаба уюшмалари томонидан олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари талабалари, битирувчилари билан учрашувларда “Меҳнатни муҳофаза қилиш – бу”, “Сиз меҳнатга оид муносабатлар деганда нимани тушунасиз”, “Сиз меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқингиз ва кафолатларингизни биласизми”, “Муносиб меҳнат деганда нимани тушунасиз” каби мавзуларда савол-жавоблар, зукколар уйинлари ташкил этилмоқда.
Шунингдек, корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ногиронлар, аёллар ва ёшлар меҳнатида “Тенг ҳуқуқлар – тенг имкониятлар”, тиббиёт соҳасида “Ходимларга хавфсиз меҳнат шароитларини яратилишида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш” мавзуларида семинарлар ўтказилмоқда.
Тадбирлар доирасида, иш берувчилар ва касаба уюшмалари томонидан меҳнатда майибланган, касб касаллиги бўйича ногиронлар, боқувчисини йўқотган оилалар аҳволидан хабар олинмоқда.
Шу жумладан, 2019 йил 19 апрель куни Пастдарғом туманида “Нуронийлар” кенгашининг фаоллар залида, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Пастдарғом туман кенгаши раиси А.Насимов раҳбарлигида тармоқ касаба уюшмалари туман кенгашлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассислари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди.
2019 йил 22 апрель куни Самарқанд чет тиллар институтида ректор И.Тухтасинов раҳбарлигида, ёшлар билан ишлаш бўйича проректор О.Ғайбуллаев, факультет декантлари, кафедра мудирлари, фавқулотда вазиятлар ва фуқаро муҳофазаси бўлим ходими, касаба уюшмаси қўмитаси раиси И.Саломов ва институт талабалари иштирокида “Сиз меҳнатга оид муносабатлар деганда нимани тушунасиз”, “Сиз меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқингиз ва кафолатларингизни биласизми” мавзуларида учрашувлар ўтказилди.
2019 йил 22 апрель куни Булунғур туманида 9-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг мажлислар залида, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Булунғур туман кенгаши раиси Д.Умматов раҳбарлигида, туман депутати Б.Турапов, тармоқ касаба уюшмалари туман кенгашлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассислари иштирокида Давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари иш берувчилар ва ходимлар ўртасида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилиб, долзарб таклифлар билдирилди.
У.Каримов
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: