
Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Янгиер” санаторийси барпо этилди.
Янги сиҳатгоҳ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қурилиб, янги йил байрами арафасида фойдаланишга топширилди. Ўзига хос меъморий услуби, дам олувчиларга яратилган шарт-шароитлари билан янги сиҳатгоҳ, дунёга машҳур ҳорижий санатор-курорт муассасаларидан қолишмайди. “Янгиер” санаторийси жаҳон стандартларига мос келувчи сўнгги русумдаги тиббий ташҳислаш ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. Биргина тиббий ускуналар учун касаба уюшмалари томонидан 84 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Амалга оширилаётган ислоҳатлар замирида инсон манфаатлари устуворлик касб этмоқда. Фуқаролар манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилиб, аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш каби йўналишлардаги ишлар сифати ошиб бормоқда, -дейди Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – “Янгиер” санаторийсининг очилиши нафақат Сирдарё вилояти аҳолисига балки бутун мамлакатимиз фуқаролари учун давлатимиз раҳбарининг янги йил совғаси бўлди.
Бирваракайига 250 кишини дам олдириб, даволашга мўлжалланган мазкур сиҳатгоҳнинг фойдаланишга топширилиши натижасида 200 дан ортиқ иш ўрни ҳам яратилди. Ушбу масканда йил давомида 4,5 минг нафардан ортиқ аҳоли вакилларини соғломлаштириш имконияти бор.
“Янгиер” санаторийси жойлашиш ҳудуди, табиати, маъданли қудуғи тубидан қалқиб чиқаётган шифобахш суви ва унинг таркибидаги органик минерал тузларнинг даволаш таъсирига кўра кардиологик, неврологик, гинекологик, урологик, ҳаракат-таянч касалликларни даволаш учун ихтисослаштирилган. Унинг маъданли сувлари йод ва бром минералларига бойдир. Ҳамюртларимизни янги сиҳатгоҳда дам олиб, саломатликларни тиклаб олишга чорлаб қоламиз.
Бекзод Ўролбоев, Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши молия бўлими мудири.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: