ХАЛҚАРО МЕЪЁРЛАРГА МОС

“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш имконияти кенгаймоқда. Амалдаги қонунда “ходимлар касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқига эга” дейилган бўлса, лойиҳада бу конституциявий ҳуқуқ даражасида кенгайтирилиб, Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқароларининг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи кўзда тутилган. Бу халқаро ҳуқуқ тамойилларига мос келадиган меъёр. Шунингдек, амалдаги қонунга биноан касаба уюшмалари корхона ва ташкилотларда тузилиши белгиланган бўлса, янги таҳрирдаги қонунда эса барча иш ўринларида касаба уюшмалари тузиш мумкин бўлади.
ХМТнинг 98-сонли конвенциясига кўра, касаба уюшмалари мустақиллигини таъминлаш учун иш берувчилар касаба уюшмаси таъсисчиси ва сайлаб қўйиладиган органи аъзоси бўла олмайди. Шунингдек, касаба уюшмаларига иш берувчилар ташкилотлари ва сиёсий партияларга молиявий кўмак бериш тақиқланади. Бу назарда тутаётган ҳужжатда бу жиҳатлар этиборга олинган бўлиб, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилотларининг бир-биридан мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Касаба уюшмалари бирлашмаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги иштироки кафолатлари кучайтирилишини ҳам муҳим янгиликлар сирасига қўйиш мумкин. Айни пайтда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бундай ваколатга эга бўлса, эндиликда республика миқиёсидаги касаба уюшмалари бирлашмаларининг барчаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин. Шунингдек, касаба уюшмалари ўз аъзолари олдида ҳисобот бериш мажбурияти қонун билан мустаҳкамлаб қуйилади.

О.Мизамов

Print Friendly, PDF & Email