Машҳур ҳофиз ва бастакор Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов хотирасини эслаб

Ўзбек халқ мусиқа меъроси бой ва улкан уммон кабидир. Мусиқий меросимиздан жой олган мусиқа намуналари асрлар оша ижро этилиб, авлоддан- авлодга ўтиб, сайқалланиб келган. Халқимизнинг бу бой ва мураккаб мусиқий мероси азалдан устоз санъаткорлар томонидан оғзаки услубда яратилиб, устоздан шогирдга утиб, анъана тарзда ижро этилиб бизгача етиб келган.
Халқ мусиқа санъати бой ва серкирра дейилди. Албатта, халқона урф-одатларга асосланган мусиқий маданият ўз-ўзидан турмуш тарзига айланган ва муттасил давом этиб келган. Маънавият даражаси ва унинг равнақи ижодиёт махсули билан улчанади. Қаерда ижодиёт керакли меъёрда мавжуд экан, бу жараён миллий анъаналарга асосланар экан, у ерда ҳаётимизга хос ва замонага мос ривож бор.
Мумтоз мусиқамиз амалиёти ва равнақига назар солар эканмиз, биз буюк маданият сохиблари авлоди эканлигимизни курамиз. Ёш авлод вакиллари ўтмишда яратилган меросни ўқиб, ардоқлаб, ижро этиб, идрок қилиб ўзлаштирсалар, замонага муносиб санъаткор булиб етишишлари мумкин.
Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов машҳур ҳофиз ва бастакор сифатида шуҳрат қозонган бўлиб, Самарқанд, шаҳрида “Кўк масжид” маҳалласида тўқувчи оиласида таваллуд топган (1854-1936). Унинг мусиқага бўлган ҳаваси ёшликдан бошланиб, танбурчи Ҳожи Раҳим¬қулга шогирд бўлиб тушади ва мақом йўл¬ла-рини ижрочиси Боруҳ ҳофиздан ашулалар ўрганади ва бирга куйлай бошлайди. Кейин¬чалик “Шашмақом”ни мукаммал ўрганиш мақсадида Бухорога бориб, машҳур мақомдон устоз Ота Жалол Носировдан сабоқ олади.
Абдулазиз икки марта Маккага ҳаж сафарига боради, Сафар давомида турли миллат куй ва қўшиқлари билан танишади. Ҳожи Абдулазиз танбурни жуда яхши чертсада, ашулаларни кўпроқ дуэтлар жўрлигида ижро этарди. Унинг дастурларидан юзлаб ашулалар ўрин олган бўлиб, ҳофизликдан ташқари бастакорлик билан ҳам шуғулланарди. У яратган «Гулзорим» «Бозургоний», “Бебокча” “Қурбон ўлам” ашулалари эл орасида машҳур ижро саналади. 1909 йилда унинг ижросида Рига «Грамафон» фирмаси “Ироқ”, “Насруллойи”, “Ушшоқлар”¬ни ёзиб олган.
1928 йилда Самарқанд мусиқа ва хареография институтига ишга олинади ва у ерда бўлғуси машҳур санъаткорлар М.Ашрафий, Т.Содиқов, М.Бурхонов, Д.Зокиров ва бошқалар унинг ижодидан баҳраманд бўладилар. Устоз санҳаткор мақом ижроларини бойитиб, жумладан «Ушшоқ»ни “Самарқанд ушшоқи”, “Қашқарчаи ушшоқ” йўлларини ва яна бир неча ижроларини яратади. Устоз жуда кўп шогирдлар етиштиради.
Машҳур санъаткор Юнус Ражабий шундай эслайди: «Пойтахт Cамарқанд шаҳридаги пайтларда, Ризқи Ражабий, Имомжон Икромов, яна бир қанча санъаткорлар Ҳожи аканинг уйларида яшаб қўшиқ ўрганардик. Мен Ҳожи ака айтган қўшиқлардан таъсирланиб эрталабгача ухлай олмасдим. Ва бирорта куйни дилимга жойлаш учун секин хиргойи қилиб такрорлардим. Борди-ю, бирор жойни хато қилсам борми, Ҳожи ака ётган жойида менга қайрилиб, “Ҳой Юнусвой, ундоқ эмас мана бундоқ бўлади” деб ўзлари айтиб берар¬дилар”.
Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов ижросида қатор қўшиқлар грампластинкаларга, радио тасмаларига ёзиб олинган. Устоз ҳофиз саксон ёшда ҳам 1933 йил феврал ойида бўлган Ўзбекистон санъаткорларини биринчи слётида қўшиқ айтиш бахтига муяссар бўлган. Шу куни ҳожи Абдулазиз Абдурасулов ва домла Ҳалим Ибодовга “Ўзбекистон халқ ҳофизи” фахрий унвони берилди. Мустақиллик йилларида “Буюк хизматлари учун” ордени берилган.
Самарқанд вилояти Маданият бошқармаси қошидаги “Мақом” ансамбли томонидан тайёрланган илк концерт дастури Самарқанд шаҳридаги Концерт залида кенг жамоатчиликка тақдим этилиб, концертда устоз санъаткор Хожи Абдулазиз Абдурасулов тамал тоши қўйган Самарқанд мақом дурдоналаридан намуналар талқин этилди. Концертда, шунингдек, Ўзбекистон халқ ҳофизи Маҳмуд Тожибоев ва Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева иштирок этдилар.
Машҳур ҳофиз ва бастакор Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов яшаб утган хонаданида яъни, Самарқанд шаҳридаги “Кўк масчид” маҳалласида Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловнинг музейи ташкил этилди ва Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллик байрами олдидан музейнинг очилиш маросими ўтказиш режалаштирилди.

У.Каримов Мехнат мухофазаси бўлими мудири

Print Friendly, PDF & Email