Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови

Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови юзасидан саволларга Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Усмон Каримов жавоб беради.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2017 йил 20 ноябрдаги 8-108 “с”-сон қарори билан тасдиқланган “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови тўғрисида”ги Низомга мувофиқ ихтиёрийлик асосида, ташкилий-ҳуқуқий, мулк шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, барча корхона, ташкилот, муассасалар, жамоат бирлашмалари ва хусусий тадбиркорлар, шунингдек Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида барча даражадаги касаба уюшмалари ташкилотлари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар ва меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассислар ўртасида жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан ҳар йили кўрик-танлов ўтказилади.

Савол: Мазкур кўрик-танловнинг ўтказишдан мақсад ва вазифалар нимада.
Жавоб: Кўрик-танлов давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, иш берувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг эътиборини меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этишга қаратиш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, иш берувчи томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши, шунингдек меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар йили ўтказилади.
Кўрик-танловнинг вазифаларига қуйидагилар киради:
меҳнатни муҳофаза қилишда энг яхши натижаларга эришган корхоналарни тармоқлар кесимида аниқлаш;
ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, ходимларнинг меҳнат муҳофазасига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда энг яхши касаба уюшма ташкилотини аниқлаш;
меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда энг яхши меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакилни аниқлаш;
ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, ходимларнинг меҳнат муҳофазасига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда энг фаол иштирок этган меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассисларни аниқлаш;
корхона ва ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олишга доир ишларни кучайтириш;
меҳнат муҳофазаси борасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари кўламини кенгайтириш;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан ижобий тажрибаларни ва бу борадаги илғор шакл ва усулларни кенг ёйиш.

Савол: Кўрик-танловни ўтказиш жараёнида асосан комиссия нималарга эътибор қаратади.
Жавоб: Кўрик-танлов ўтказиш давомида комиссия томонидан қуйидагилар кўриб чиқилади:
ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг мавжудлиги ҳамда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги тизимини қонун ҳужжатларига мувофиқлиги;
ходимларга меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда ишларни хавфсиз олиб боришга доир нормалар, қоидалар ва йўриқномалар талаблари бўйича йўл-йўриқлар берилгани, уларнинг ўқитилгани ва билимлари синалгани;
меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимларнинг белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланиши;
иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилганлиги;
меҳнат шароити оғир, зарарли ва хавфли ишларда банд бўлган ходимлар, шунингдек ходимларнинг айрим тоифалари (аёллар, ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахслар, меҳнат қобилияти чекланган шахслар) учун меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши;
ходимларнинг дастлабки тарзда (ишга кираётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) тиббий кўриклардан ўтказилиши;
ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирларнинг амалга оширилиши;
иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинганлиги;
ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари туфайли ходимларга етказилган зарарнинг иш берувчилар ёки суғурта компаниялари томонидан ўз вақтида ва тўғри тўланиши;
меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар томонидан жамоатчилик назорати бўйича олиб борилаётган ишлар;
меҳнат муҳофазаси бўйича комиссиялар фаолияти;
жамоа шартномаларида белгиланган меҳнатни муҳофаза қилишга оид талаблар.

Савол: Кўрик-танловни ташкил этиш ва якун ясаш ким томонидан амалга оширилади.
Жавоб: Кўрик-танловни ташкил этиш ва якунини кўриб чиқиш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашларининг комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Савол: Кўрик-танлов неча босқичда ўтказилади.
Жавоб: Кўрик-танлов ҳар йили уч босқичда ўтказилади.
Биринчи босқич – ҳудудларда фаолият кўрсатаётган ташкилотлар, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари, меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича 35 ёшдан ошмаган ёш мутахассислар ўртасида ўтказилади. Биринчи босқичга ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши комиссияси якун ясайди.

Иккинчи босқич – тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгаши тизимига қарашли ташкилотлар ўртасида ўтказилиб, унда ҳар бир ҳудудда тармоқ бўйича энг яхши деб топилган ташкилот, бошланғич касаба уюшмалари ташкилоти, меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассислар қатнашади. Иккинчи босқичга тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгаши комиссияси якун ясайди.

Учинчи босқичда – тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва худудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари иштирок этадилар. Учинчи босқичга Федерациянинг кўрик-танлов якунларини умумлаштириш комиссияси якун ясайди.

Савол: Кўрик-танлов иштирокчилари комиссияга қандай ҳужжатларни тақдим этади.
Жавоб: Кўрик-танловда қатнашиш учун ташкилотлар томонидан ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши комиссиясига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
– кўрик-танловда қатнашиш тўғрисидаги қарор нусхаси;
– корхонадаги меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги ҳолати ва меҳнат шароитларини акс эттирувчи кўрсаткичлар;
– касаба уюшма қўмитасининг меҳнат муҳофазаси соҳасидаги фаолиятини акс эттирувчи кўрсаткичлар;
– меҳнат муҳофазаси бўйича вакилнинг фаолиятини акс эттирувчи кўрсаткичлар;
– меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис фаолиятини акс эттирувчи кўрсаткичлар;
– меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар, жамоа шартномаси бўйича тадбирларнинг бажарилиши, меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича сарфланган маблағлар ҳақида таҳлилий маълумотлар ҳамда тегишли ҳужжатлар.

Кўрик-танлов қатнашчиси тақдим этган ҳужжатларга онгли равишда нотўғри маълумотлар киритганлиги аниқланган тақдирда, ташкилот, касаба уюшма қўмитаси, меҳнат муҳофазаси бўйича вакил, меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис кўрик-танловга қўйилмайди.

Савол: Кўрик-танловнинг якунини кўриб чиқишига тўхталиб ўтсангиз.
Жавоб: Кўрик-танловнинг 1-босқичида ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг комиссияси худуд бўйича олинган энг яхши ташкилот, касаба уюшма қўмитаси, меҳнат муҳофазаси бўйича вакил ва меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассиснинг ҳужжатларини 25 февралга қадар баҳолаш мезонларига асосан (1-, 2-, 3-, 4-иловалар) кўриб чиқиб, ҳар бир номинация бўйича учтадан энг юқори бал тўплаган 1-, 2- ва 3-ўринларга номзодларни аниқлайди.
Баҳолашда ўтган йил якуни бўйича маълумотлар таҳлили олинади.
Фаолият баҳоланаётган йил давомида ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса юз берган бўлса:
– кўрик-танлов қатнашчиси энг яхши ташкилот номинацияси бўйича кўрик-танловга қўйилмайди;
– энг яхши касаба уюшма қўмитаси, энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил ва меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис номинациялари бўйича кўрик-танлов қатнашчиси кўрсаткичларини баҳолашда, олган баллари гуруҳий ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса учун 50 фоизга, оқибати оғир бахтсиз ҳодиса юз бергани учун 30 фоизга камайтирилади.

Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг қарорига асосан ҳар бир тармоқ бўйича аниқланган энг яхши ташкилот, касаба уюшма қўмитаси, меҳнат муҳофазаси бўйича вакил ва меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис номинациялари бўйича 1-, 2- ва 3- ўринни эгаллаганлар ғолиб деб ҳисобланади.

Кўрик-танловнинг 1-босқичи ғолибларини тақдирлаш 28 апрель – “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунида тантанали тарзда ўтказилади.

Самарқанд вилоятидаги барча корхона, ташкилот ва муассасаларга мазкур кўрик-танловнинг вилоят биринчи босқичида фаол иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллаб, кўрик-танловнинг республика миқёсидаги иккинчи босқичида ҳам иштирок этиб, вилоятимиз шарафини ҳимоя қилади деган умиддамиз.

Р.Асқаров, Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши Матбуот хизмати раҳбари

Print Friendly, PDF & Email