ХОДИМЛАРНИНГ МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ ЙЎАНЛИШИДА МАЛАКАСИ ОШИРИБ БОРИЛИШИ ЛОЗИМ

Барча корхоналар раҳбарлари ҳамда ходимлари, уларнинг касблари ва иш турлари учун давлат назорат ва текширув органлари томонидан ўрнатилган тартиб ва муддатларда меҳнат муҳофазаси бўйича ўқитилиши, билимлари текширилиши ва шаҳодатдан ўтишлари шарт.

Корхонага янги ишга кираётган ходим, албатта, хавфсиз иш юритиш бўйича йўриқнома, стажировкадан ўтказилиши, билимлари текширилиши шарт, сўнгра мустақил иш юритишга рухсат этилади.

Ходимларни ўқитиш, билимларини текшириш ва бажараётган ишлар бўйича йўриқномалар бериш ишларини тўғри ташкиллаштиришнинг умумий назорати ва жавобгарлиги корхона раҳбари зиммасига юклатилади. Булинмалар (цехлар) ишчи ва усталарини (мастер) хавфсиз иш услублари бўйича ўқитиш эса, ушбу булинма раҳбарининг зиммасига юкланади.

Ходимларни хавфсиз иш услублари бўйича ўз вақтида ва сифатли ўқитиш назорати меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати (мухандиси)га юклатилади.

Ходимлар билимларини текширишКорхонада дастлабки йўриқнома ва стажировкадан сўнг (бир ишдан бошқасига ўтган ходимга, унинг мустақил иш бошлашидан олдин) ходимнинг хавфсиз иш олиб бориш бўйича қоида ва йўриқномалар борасидаги билимлари текширишдан ўтказилади.

Билимларни текшириш ўз навбатида уч турга дастлабки, даврий ва навбатдан ташқари текширувларга бўлинади.

Ходимларнинг билимларни текшириш корхона раҳбарияти тайинлаган комиссия томонидан, цех раҳбарларидан бирининг раислиги бошчилигида амалга оширилади. Зарур ҳолларда, маълум шароитлардан келиб чиқиб комиссия таркибига механиклар, энергетиклар ёки бошқа мутахассислар киритилиши мумкин.

Зарур вазиятларда, асосий иш бўйича қоида ва йўриқномалар борасидаги билимларини текшириш билан бир қаторда, ходимнинг бошқа қоидалар бўйича ҳам билимлари текширилиши шарт.
Ходимнинг билимлари дастлабки текширувдан ўтказилгандан сўнг, унга белгиланган тартибда тўлдирилган умумий шаклдаги билимларни текшириш ҳақидаги Гувоҳнома берилади.

Корхонада меҳнат қилаётган барча ходимлар бир йилда бир билимларни даврий текширувидан (график бўйича) ўтказилиши шарт. Жадваллар ҳар йили усталар (мастерлар) томонидан тузилади ва цех бошлиқлари томонидан тасдиқланади.
Қуйидаги ҳолларда навбатдан ташқари билимларни текшириш мумкин:
-ишлаб чиқариш жараёнига ўзгартириш киритилиши ёки ишлаб чиқариш жиҳози алмаштирилиши натижасида меҳнат шароитлари ўзгарганда;
ходимлар томонидан меҳнат муҳофазаси қоидалари ва йўриқномалар талаблари бузилган вазиятларда;
Давлат назорат органлари, корхона раҳбарларининг қарорлари ёки талаблари бўйича меҳнат муҳофазаси қоидалари ва йўриқномаларни яхши билмаслик ҳоллари аниқланган вазиятларда.
Билимларни текшириш натижалари ходимларнинг билимларини текширишни Рўйхатлаш журналида тўлдирилади ва бир вақтнинг ўзида Гувоҳномада акс эттирилади.

Агар ходим текширув жараёнида қониқарсиз билим кўрсатса, уни мустақил ишлашга қўйилмайди ва икки ҳафта муддат ичида қайта текширувдан ўтказилади.

Қайта текширувга келмаслик ёки унга узрли сабабсиз тайёрланмаслик меҳнат интизомини бузган деб хисобланади. Ушбу қонун бузилишларига йўл қўйган ходимларга ички меҳнат тартиби қоидаларида кўзда тутилган интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.

Раҳбар ва мутахассисларни (мухандис-техник ходимлар) ўқитиш ва билимларини текшириш
Раҳбар ва мутахассис ходимларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича билимлари савиясини ошириб бориш мақсадида, бошқарув органлари, корхона ва ташкилотларда давлат назорат органлари, меҳнатни меъёрлаш ва ва тармоқ касаба уюшмалари қўмиталари мутахассисларини жалб қилган ҳолда семинар машғулотлар, маърузалар ташкил қилинади.

Ходимлар лавозимга тайинланаётган вақтда юқори турувчи лавозимдаги шахс томонидан қуйидагилар билан таништирилиши шарт:
-унга топширилган ишлаб чиқаришнинг (объект, участка, корхона, бирлашма) меҳнат шароити ва муҳофазаси аҳволи;
-хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳимояланишда ишчи ва ходимлар фойдаланадиган шахсий ва жамоа ҳимоя воситалари, фойдаланиш қоидалари, муддатлари;
-ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар ва касб касалликлари таҳлили;
-меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилашга қаратилган тадбирлар рўйхати ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича раҳбарий ҳужжатлар ва лавозим мажбуриятлари.

Раҳбар ва мутахассис ходимларни меҳнат муҳофазаси бўйича билимларини текширишни бошқарув органларининг доимий фаолиятдаги комиссияси томонидан амалга оширилади.
Комиссия таркиби юқорида қайд этилган ташкилотлар раҳбарлари томонидан тасдиқланади.
Бошқарув органлари ва корхоналарнинг имтихон комиссияларига, уларнинг раҳбарлари бошчилик қилади.

Имтихонларни ташкиллаштириш ва ўтказиш бошқарув органлари ва корхоналар раҳбарлари ҳамда имтихон комиссияси раислари зиммасига юкланади. Билимларни текшириш тасдиқланган жадвал асосида ўтказилади. Жадвал имтихон комиссиясининг барча аъзоларига имтихон бошланишидан бир ой аввал юборилади.

Имтихон ўтказиладиган жой ва кун тўғрисида ходим 15 кун аввал огоҳлантирилиши зарур.
Таркиби уч кишидан кам бўлган комиссиялар билан имтихон ўтказишга йўл қўйилмайди.
Имтиҳон комиссияси раҳбар ва мутахассис ходимларни қуйидаги масалалар бўйича билимларини текширади:
-Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари ва меъёрий асослар;
-меҳнат хавфсизлиги стандартлар тизими;
-бахтсиз ҳодисалар, ҳалокатларни олдини олиш ва бартараф этиш тизими;
-электр токидан жароҳатланишларнинг олдини олиш бўйича қўйиладиган асосий талаблар;
-ёнғин хавфсизлиги, ёнғин, портлаш ва ҳалокатларни олдини олиш усуллари ва воситалари;
-ишлаб чиқариш санитарияси ва шахсий гигиена бўйича қўйиладиган асосий талаблар;
-корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазасининг аҳволи устидан давлат, тармоқ ва жамоат назоратини ўрнатиш низомлари;
-ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва хисобга олиш тўғрисидаги низом;
-ишлаб чиқаришда хавфсиз меҳнат жараёнларини таъминлашга қаратилган лавозим йўриқномалари, паспортлар, схема ва технологик тадбирлар;
-шахсий ҳимоя воситаларини белгилаш ва фойдаланиш, уларни бериш тартиби ва меъёрлари, улардан фойдаланиш муддатлари;
-меҳнат шартномалари, иш ва дам олиш вақтлар режими, аёллар ва 18 ёшга тўлмаган шахслар меҳнати муҳофазаси, имтиёз ва компенсациялар;
-жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари.

Имтихон билетлари билими текширилаётган раҳбарлар ва мутахассис ходимнинг эгаллаб турган лавозимларига нисбатан қўйиладиган малакавий талабларга асосан ишлаб чиқилади ва доимий фаолиятдаги имтихон комиссияси раис томонидан тасдиқланади.
Меҳнат муҳофазаси бўйича билимларни текширишнинг қуйидаги турлари ўрнатилган: бирламчи, даврий, навбатдан ташқари.

Раҳбар, мутахассис ходимлар лавозимга тайинлангандан сўнг бир ой ичида улар меҳнат муҳофазаси бўйича тегишли имтихон комиссиясининг бирламчи текширувидан ўтишлари мажбурийдир.
Раҳбар, мутахассис ходимларнинг иш давомида меҳнат муҳофазаси бўйича билимларни даври текширувдан ўтказиш уч йилда бир марта амалга оширилади.

Лавозимлар рўйхатига киритилган раҳбар ва мутахассислар қуйидаги ҳолларда меҳнат муҳофазаси бўйича навбатдан ташқари билимларни текширувидан ўтишлари мажбурийдир:
-янги ёки қайта кўриб чиқилган меҳнат муҳофазаси бўйича меъёрий ҳужжатларни амалга киритишда;
-янги ускуналарни ишга тушириш ёки янги технологик жараёнларни татбиқ этишда;
-ходимни бошқа иш ўрнига ўтказиш ёки уни бошқа лавозимга тайинлаш вақтида меҳнат муҳофазаси бўйича қўшимча билимлар талаб этиладиган ҳолларда;
-гуруҳий, оқибати ўлим билан ёки оғир тан жароҳати олинган вақтда ҳамда авария ҳолати ёнғин, портлаш ёки захарланишда;
-давлат назорат ва текширув органлари талаблари бўйича;
-меҳнат фаолиятида бир йилдан кўпроқ танаффус бўлганда.
Билимларни текшириш натижалари баённома билан тўлдирилади имтиҳон комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.Билимларни текшириш баённомаси 6 йилдан кам бўлмаган муддатда меҳнат муҳофазаси хизматида ёки кадрлар бўлимида сақланади. Менатни муҳофаза қилиш бўйича билимлари қониқарсиз баҳоланган раҳбар шахс ёки ходим, бир ой муддат ичида қайта имтихон топшириш шарти билан ўз лавозимида қолдирилиши мумкин.

Меҳнат муҳофазаси бўйича қайта имтихон топширмаган ходимларнинг ҳужжатлари шаҳодат комиссиясига берилади ва лавозимида қолиш-қолмаслиги масаласи кўриб чиқилади.
Шаҳодат комиссияси қарори билан боғлиқ келишмовчиликлар меҳнат муҳофазаси давлат инспекциялари ва суд органлари томонидан кириб чиқилади.

Меҳнат муҳофазаси бўйича билимларни текшириш ишларини ўтказиш ва ташкиллаштириш устидан назорат меҳнат муҳофазаси хизмати бошқарув органи ва раҳбарга юклатилади.
Раҳбарлар ва мутахассислар меҳнат муҳофазаси бўйича билимлари текширилишидан бош тортсалар, иш вазифаларидан озод этилиши мумкин.

Усмон Каримов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
меҳнат инспекциясининг Самарқанд вилояти
бўйича меҳнат техник инспектори

Print Friendly, PDF & Email