МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТАДБИРЛАРИ ҚАНДАЙ РЕЖАЛАШТИРИЛАДИ?

Ўзбекистон Республикаси “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлашдан иборат.
Мазкур Қонуннинг 23-моддасига кўра иш берувчи ҳар бир иш ўрнида меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлишини таъминлаши зарур ва бунинг учун у бир қатор чора-тадбирларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 211-моддасига асосан, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 216-моддасида меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиш учун белгиланган тартибда маблағлар ва зарур материаллар ажратилиши белгиланган. Бу маблағ ва материалларни бошқа мақсадларга сарфлаш ман этилади. Мазкур маблағ ва материаллардан фойдаланиш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, – иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш – меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация тадбирлари ҳамда воситалари тизимидир.

Ташкилий-хуқуқий шаклидан қатъий назар корхона, ташкилот ва муассасаларнинг иш берувчилари меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда мазкур Тавсиялардан амалда фойдаланишлари мумкин.
Режа мазкур Тавсияларга мувофиқ ишлаб чиқилади ва ташкилотнинг касаба уюшма ташкилоти ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилади ва иш берувчи томонидан тасдиқланади. Мазкур режа жамоа шартномасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими” қисми ва (ёки) жамоа шартномасининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича битими кўринишида расмийлаштирилиши мумкин.

Битим – бажариш муддатлари ва масъул шахсларни кўрсатган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни режалаштириш ва амалга оширишнинг ҳуқуқий шаклидир.

Битим тарафлар (иш берувчилар ва касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари) томонидан имзоланган кундан ёхуд, битимда белгиланган кундан бошлаб кучга киради. Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тарафларнинг ўзаро келишуви орқали амалга оширилади. Битимнинг бажарилишини назорат қилиш бевосита тарафлар ёки уларнинг ваколатли вакиллари томонидан амалга оширилади. Назоратни амалга оширишда тарафлар бунинг учун мавжуд бўлган барча зарур ахборотларни тақдим этишлари шарт.

Режа меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация ва бошқа тадбирларни қамраб олади.

Технологияларнинг тараққий этиши билан боғлиқ ҳолда маҳсулотнинг ҳажми ва турининг ўзгариши, ишлаб чиқаришнинг техник даражаси ошиши ва бошқалар билан боғлиқ техник қайта таъминлаш ва қайта қуриш тадбирлари режага киритилмайди.

Режага киртиладиган меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларинин ишлаб чиқиш ва режалаштириш, иш берувчи ёки унинг вакили ҳамда касаба уюшмалари ёки ходимларнинг вакиллик органи билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Мазкур ишларни амалга ошириш учун ташкилотнинг тегишли хизмат ва бўлимлари жалб этилади.
Тадбирларда қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этиш кўзда тутилади:
-ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар олиши, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқувдан, қайта тайёргарликдан ўтиши, малака ошириши ва билимлари текширилиши;
-иш ўринларида меҳнат шароитларининг ҳолати, айниқса зарарли ишлаб чиқариш омиллари ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари ҳақида, шу жумладан касб касалликлари ва бошқа касалликлар хавфи мавжудлиги, муайян иш ўринларида ва ишлаб чиқаришда меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳолати ҳақида, шунингдек шу муносабат билан ходимларга берилиши лозим бўлган имтиёзлар ва компенсациялар, шахсий ҳимоя воситалари тўғрисида ходимларни ўз вақтида хабардор қилиш;
-бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналардан фойдаланиш, технологик жараёнларни амалга ошириш чоғида, шунингдек ишлаб чиқаришда хом ашё ва материалларни қўллаш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш чоғида ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаши, касбий хавфни бартараф этиш;
-зарарли ва (ёки )хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсирида, оғир жисмоний меҳнат қилаётган ходимлар сонини камайтириш;
-ходимларни белгиланган нормаларга мувофиқ санитария-маиший хоналар билан таъминлаш ва тегишли мосламалар билан жиҳозлаш;
-шахсий ҳимоя воситалари (уларнинг сақланиши), гигиена (ювиш ва зарарсизлантириш) воситалари билан таъминлаш;
-дастлабки тарзда (ишга кираётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўриклар белгиланган тартибда ўтказилишини ташкил этиш;
Меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларинин ишлаб чиқиш ва режалаштириш меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда бошқа норматив ҳужжатларга асосан ҳамда ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати ҳақидаги маълумот (хулоса)ларга мувофиқ амалга оширилади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларинин ишлаб чиқиш ва режалаштириш маълумот (хулоса)ларга қуйидагилар киради:
-ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, касб ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ касалликлар ҳолати ва сабаблари таҳлили;
-ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар белгиланадиган, имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқи бериладиган, ногиронлар банд бўлган зарарли, хавфли ва бошқача меҳнат шароитларига эга иш ўринларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси натижалари;
-ходимларни тегишли ҳимоя воситалари билан таъминланган иш ўринлари, шунингдек йўл-йўриқлар олгани, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқувдан, қайта тайёргарликдан ўтгани, малака оширгани ва билимлари текширилгани ҳолати таҳлили;
-техник кўриб чиқиб, текширувдан, синовдан, объект (бино, иншоот, қурилма, машина, механизм ва бошқалар)нинг техник ҳолати экспертизадан ўтказилгани, ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига оид бошқа ҳужжатлари (буйруқ, фармойиш, далолатнома, баённома, маъмурий-жамоатчилик журналлари ва бошқалар), шунингдек ташкилотда фойдаланилаётган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарганларнинг эксплуатация (фойдаланиш) ва ремонт (тузатиш) қилиш ҳужжатлари, хавфсизлик талаблари;
-меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши бўйича назорат ва текширув асосида махсус ваколатли давлат органлари, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари, иш берувчининг бошқа хизматларининг тақдимномалари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мутахассисларининг хулосалари, ҳамда касаба уюшмаларининг ва ходимлар бошқа вакиллик органларининг тақдимномалари;
-ташкилотнинг таркибий тузилмаси ва хизматлари, касаба уюшмалари, ҳамда алоҳида ходимларнинг таклифлари.
Меҳнатни муҳофаза қилишни молиялаштириш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган бюджет маблағлари;
иш берувчининг ўз маблағлари;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган меҳнатни муҳофаза қилиш жамғармаларининг маблағлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Меҳнатни муҳофаза қилиш учун бюджет маблағлари тегишли (республика ва маҳаллий) бюджетларда алоҳида қайд билан ажратилади, бу маблағлардан бошқарув органларининг, назорат қилувчи ва текширувчи органларнинг таъминоти, илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш, меҳнатни муҳофаза қилишга оид давлат дастурларини ва бошқа дастурларни бажариш учун фойдаланилади.

Ҳар бир иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш учун зарур бўлган маблағларни қонун ҳужжатларида, жамоа шартномасида, шунингдек жамоа келишувларида ёки бошқа ички норматив ҳужжатларда белгиланадиган миқдорда ажратади. Ходимлар ана шу мақсадлар учун бирор-бир чиқим қилмайдилар.

Ташкилотлар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамғармани ўзининг тижорат фаолияти ва бошқа фаолиятидан олинадиган фойда (даромадлар), шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ташкил этишга ҳақлидир.

Меҳнатни муҳофаза қилишга мўлжалланган маблағлардан бошқа мақсадлар учун фойдаланилиши мумкин эмас.
Меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини режалаштириш 1 йилдан 3 йилгача муддатда амалга ошириладиган ишлар Тадбирларда режалаштирилади.

Ташкилотнинг бюджети келгуси даври учун лойиҳа тайёрланаётганда Тадбирларни режалаштириш амалга оширилади.

Тадбирларни режалаштириш якуни “Меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитларини яхшилаш тадбирлари режаси” шаклида расмийлаштирилади.

МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ БЎЙИЧА ТАДБИРЛАРНИНГ
ТАХМИНИЙ РЎЙХАТИ

Тадбир номи Асос
1. Ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар белгиланадиган, имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқи бериладиган, ногиронлар банд бўлган зарарли, хавфли ва бошқача меҳнат шароитларига эга иш ўринларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациясини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 2014 йил 15 сентябрь 263-сон
2. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар олиши, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқувдан, қайта тайёргарликдан ўтиши, малака ошириши ва билимлари текширилиши

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 215-модда

Ўзбекистон Республикаси Қонуни 17-, 25-моддалари, 2016 йил 22 сентябрь ЎРҚ-410

Адлия вазирлигида 1996 йил 14 август 272-, 273-сон билан рўйхатга олинган буйруқлар

3. Дастлабки тарзда (ишга кираётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўриклар белгиланган тартибда ўтказилиши

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 214-модда

Ўзбекистон Республикаси Қонуни 24-моддаси, 2016 йил 22 сентябрь ЎРҚ-410

Адлия вазирлигида 2012 йил 29 августда 2387-сон билан рўйхатга олинган буйруқ

4. Зарарли ва (ёки )хавфли ишлаб чиқариш омиллари, хавфли меҳнат шароитлари, шунингдек алоҳида температура ва иқлим ёки атроф-муҳит ифлосланган шароитда банд бўлган ходимларни сертификатлаштирилган махсус кикий, махсус пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари, гигиена (ювиш ва зарарсизлантириш) воситалари билан таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Қонуни 18-моддаси, 2016 йил 22 сентябрь ЎРҚ-410

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, 2000 йил 12 июль 267-сон, 2010 йил 20 июль 153-сон

5. Бино, иншоот ва хоналарни белгиланган меъёрларга мувофиқ ҳолатга келтириш

Давлат стандартлари

12.2.003-91, 12.2.009-99, 12.2.049-80, 12.2.061-81

6.

Ишлаб чиқариш воситаларини автоматизациялаш ва ходимларга хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш мақсадида ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари, технологик жараёнлар, юк кўтариш ва транспорт ускуналарини масофадан туриб (дистанцион) бошқариш

 

Давлат стандартлари

12.2.049-80, 12.2.061-81, 12.2.062-81, 12.2.064-81, 12.2.072-98, 12.3.002-75, 12.4.026-76

7. Иш жойларида хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари устидан назорат қилувчи ва огоҳлантирувчи автоматик тизимини, шунингдек технологик ва энергетик жиҳозларнинг носоз ҳолларда фавқулодда ўчирилишини таъминлайдиган блокировка қурилмаларини такомиллаштириш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 211-модда
8. Ишловчиларни электр токи таъсиридан ҳимоя этувчи техник воситаларининг амалдаги давлат стандартлари ҳамда “Электроқурилмаларини ўрнатиш қоидалари” талабларига асосан тадбиқ этиш ва такомиллаштириш

Давлат стандартлари

12.1.018-93, 12.1.019-79, 12.1.030-81, 12.1.038-82, 12.1.045-84, 12.2.007.0-75, 12.2.007.14-75

9. Буғ, сув, газ, кислота ва бошқа коммуникация ҳамда ишлаб чиқариш иншоотларини хавфсиз эксплуатациясини таъминлаш мақсадида сақлагич аппаратларини, ҳимоя ва огоҳлантириш воситаларини амалдаги давлат стандартлари талабларига асосан ўрнатиш

Давлат стандартлари

12.2.016-81, 12.2.052-81, 12.2.063-81, 12.2.085-2002, 12.3.001-85

10. Ишлаб чиқаришда қўлланадиган заҳарли, агрессив, тез ўт олувчи ва ёнувчи суюқликларни силжийдиган ва стационар резервуар (идиш)ларда сақлаш, кўчириш, тўлдириш ва бўшатиш билан боғлиқ қуйиш ва транспортировка қилиш технологик жараёнларини амалдаги давлат стандартлари талабларига асосан механизациялаш ва автоматлаштириш

Давлат стандартлари

12.1.004-91, 12.1.007-76, 12.1.010-76, 12.2.022-80, 12.3.020-80, 12.4.026-76

11. Иш жойларда иш зонаси ҳавосида зарарли моддаларни ҳамда салбий таъсир этувчи механик тебранишлар (шовқин, вибрация, ультратовуш ва ҳ.к.) ва нурланишлар (ион, электр, лазер, ультрабинафша нурлари ва ҳ.к.) даражасини ўрнатилган меъёрларга қадар амалдаги давлат стандартлари талабларига асосан пасайтириш

Давлат стандартлари

12.1.006-84, 12.1.012-2004, 12.1.040-83, 12.1.045-84

12. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан ҳимоялайдиган жамоавий ҳимоя воситаларини амалдаги давлат стандартлари талабларига мувофиқлаштириш

Давлат стандартлари

12.4.011-89, 12.4.120-83, 12.4.125-83

13. Иш ва хизмат кўрсатиш зоналарида нормал иссиқликка оид тизимни ва микроиқлимни таъминлаб бериш мақсадида ишлаб чиқариш ва маиший хоналарда иситиш ва шамоллатиш системаларини, иссиқлик ва ҳаво ниқобларини, аспирация ва чанггазютувчи қурилмаларни амалдаги давлат стандартлари ҳамда “Иситиш, шамоллатиш ва конденсирлаш” талабларига мувофиқлаштириш

Давлат стандартлари

12.1.005-88, 12.2.028-84

Қурилиш меъёрлари ва қоидалари

ҚМҚ 2.04.05-97

14. Иш жойи, цех, маиший хона, оммавий ўтадиган йўлакча ҳамда майдонларда суньий ва табиий ёруғликни амалдаги “Табиий ва сунъий ёритиш” қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига асосан таъминлаш

Қурилиш меъёрлари ва қоидалари

ҚМҚ 2.01.05-98

15. Ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқаришга оид асбоб-ускуналар жойланишини амалдаги давлат стандартлари талаблари мувофиқлаштириш

Давлат стандартлари

12.3.002-75, 12.4.120-83

16. Огоҳлантирувчи ҳамда хавфсизлик белги ва рангларни амалдаги давлат стандартлари талабларига асосан ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари (бошқарув ва назорат органлари, мослама таркибий қисмлари)га, коммуникация ва бошқа объектларига жорий қилиш

Давлат стандартлари

12.4.026-76, 12.4.040-78, 14202-69

17. Хомашё, тайёр маҳсулот ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини омборга жойлаштириш ва транспорт воситасида ташиш ишларини амалдаги давлат стандартлари талабларига асосан механизациялаштириш

Давлат стандартлари

12.2.022-80, 12.3.009-76, 12.3.020-80

18. “Иситиш, шамоллатиш ва конденциялаш” қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига асосан ишлаб чиқариш хоналарини, зарарли ва хавфли хомашё манбалари бўлган ишлаб чиқариш чиқиндиларини ўз вақтида чиқариб ташлаш ва зарарсизлантириш, ҳаво юритиш ва шамоллатиш қувурларни, ёруғлик лампаларни, деразаларни тозалашни механизациялаштириш

Қурилиш меъёрлари ва қоидалари

ҚМҚ 2.04.05-97

19. Бино (ишлаб чиқариш, маъмурий, маиший, оммавий, омбор)ларни, иншоотларни, хоналарни, қурилиш ва саноат майдончаларини амалдаги                            “Корхоналарнинг маъмурий ва маиший бинолари” қурилиш меъёрлари ва қоидалари ҳамда “Инсонларнинг ҳаёти ва фаолияти муҳитини ногиронлар эҳтиёжлари ва аҳолининг камҳаракатланувчи гуруҳларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаш” шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мос ҳолга келтириш

Қурилиш меъёрлари ва қоидалари

ҚМҚ 2.09.04-09

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари

ШНҚ 2.07.02-07

20. Санитария-маиший хона (гардероб, душ, ювиниш, ҳожат, аёллар гигиенаси, исситиш ёки совитиш, ишлов бериш, махсус кийимларни сақлаш ва тарқатиш хона)ларини амалдаги “Корхоналарнинг маъмурий ва маиший бинолари” қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига мувофиқлаштириш

Қурилиш меъёрлари ва қоидалари

ҚМҚ 2.09.04-09

21. “Корхоналарнинг маъмурий ва маиший бинолари” қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига асосан газли сув тайёрлаш учун сатуратор автоматларини сотиб олиш ва ўрнатиш, иш жойларига ичимлик ва газли сувлар, чой ҳамда витаминли шарбатларни иш жойларига етказиб берилишини ташкил этиш

Қурилиш меъёрлари ва қоидалари

ҚМҚ 2.09.04-09

22. “Корхоналарнинг маъмурий ва маиший бинолари” қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига асосан объектларда дам олиш, дармон кўриш, психологик бўшаниш, исиниш хоналарни ҳамда очиқ ҳавода ишлаш пайтида қуёш нурлари ва қор-ёмғирлардан сақланиш ва пана жойларини янгитдан қуриш ёки қайта қуриш ва жиҳозлаш

Қурилиш меъёрлари ва қоидалари

ҚМҚ 2.09.04-09

23. Ходимларни белгиланган нормалар бўйича сут, даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув, шахсий ҳимоя ҳамда гигиена воситалари билан таъминлаши, шунингдек жамоавий ҳимоя воситалари қўлланилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 217-модда

Ўзбекистон Республикаси Қонуни 18-,23-моддалари, 2016 йил 22 сентябрь ЎРҚ-410

24. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан давлат томонидан мажбурий ижтимоий суғурта қилиш, шунингдек иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш Ўзбекистон Республикаси Қонунлари 2008 йил 10 сентябрь ЎРҚ-174, 2009 йил 16 апрель ЎРҚ-210
25. Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бурчаклар, кабинет, кўчма лабораторияларни ташкил этиш, уларни жиҳозлаш керакли техникавий воситалар, кўргазмали қўлланмалар, намойиш этувчи аппаратура ва ҳ.к.ларни сотиб олиш, меҳнат муҳофазаси ва йўл-ҳаракати хавфсизлиги бўйича кўргазмаларни ўтказиш

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 211-модда

Ўзбекистон Республикаси Қонуни 23-моддаси, 2016 йил 22 сентябрь ЎРҚ-410

26. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни нашр этиш (кўпайтириш) ҳамда меҳнат муҳофазаси соҳасида адабиётларни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни сотиб олиш

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 211-модда

Ўзбекистон Республикаси Қонуни 23-моддаси, 2016 йил 22 сентябрь ЎРҚ-410

 

Изоҳ:
Асос қилиб келтирилган ҳужжатлардан ташкари, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам асос бўлиши мумкин.
Иш берувчилар, касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг хохишига кўра меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларга ходимларни соғломлаштириш ва меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган бошқа ишларни ҳам киритиш мумкин.

Ноишлаб чиқариш тармоқлари (савдо, маданият ташкилотлари, давлат муассасалари ва бошқалар), шунингдек электр қурилмалар, телерадио ва алоқа корхоналарига хизмат кўрсатиш, улардан фойдаланиш, таъмирлаш, йиғиш ва барпо этиш жараёнлари ҳамда транспортировка қилиш, сақлаш ва ташиш жараёнлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларнинг мазмуни ушбу Тавсияларда кўрсатилган тадбирлардан фарқ қилиши мумкин.

Иш берувчи ёки унинг вакили ҳамда касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи иштирокидаги комиссия томонидан ҳар бир амалга оширилган тадбирлар далолатнома билан расмийлаштирилади. Далолатномада бошқа кўрсаткичлар билан бир қаторда амалга оширилган тадбирга тегишли ҳужжатлар асосидаги сарфланган хақиқий харажатлар суммаси кўрсатилади.

Режани назорат қилишни жамоа шартномасининг томонлари, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли ва бошқа ваколат берилган давлат органлари, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари, касаба уюшмаларининг меҳнат инспекцияси меҳнат техник инспекторлари ваколат доирасида амалга оширадилар.

 

Усмон Каримов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
меҳнат инспекциясининг Самарқанд вилояти
бўйича меҳнат техник инспектори

Print Friendly, PDF & Email