МЕҲНАТ ҚОНУНЛАРИ ТАРҒИБОТИ

 

Самарқандда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашлари ҳамда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари, ҳудудлардаги фермер хўжаликлари раислари иштирокида ўқув-семинар ўтказилди.
Анжуманда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари, касаба уюшма фаоллари ва 2 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди.

Семинарда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва шунга доир бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олишда меҳнатни муҳофаза қилиш” Қоидалари, “Қишлоқ хўжалигида ишлар хавфсизлиги таъминлаш бўйича фермер хўжалиги раиси”нинг мажбуриятлари, “Механизациялаштирилган дала ишларида хавфсизлик чоралари”, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенциялари ва Тавсиялари, ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва касб касалликларига чалиниши олдини олиш, ходимларнинг меҳнат муҳофазаси соҳасида билим савияларини ошириш ва жамоатчилик назоратини кўчайтириш борасида кенг тушунча берилди.
-Фермер хўжаликларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга меҳнатнинг соғлом ва ҳавфсиз шароитларини яратиш, бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини олдини олишга доир муҳим маълумотлар билан таништирилди, -дейди АСМ ходимлари касаба уюшмаси Жомбой туман кенгаши раиси Бегали Ниёзов. – Бундан ташқари меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқлар, ишларни бажаришнинг хавфсиз услублари ва усулларини ўргатиш, белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга белгиланган меъёрлар бўйича махсус кийим-бош, махсус пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминлаш ва бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан суғурта қилиш каби масалалар юзасидан батафсил тушунтирилди.
Семинар қатнашчилари томонидан билдирилган савол, фикр-мулоҳазаларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.

 

У.Каримов

Print Friendly, PDF & Email