Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 24-26 апрел кунлари ўтказиладиган халқаро конференция учун ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар Самарқанд шаҳрида бўлди. Нуфузли хорижлик ҳамкорлар, таржимонлар ва журналистлардан иборат 73 кишилик делегация шаҳарнинг диққатга сазавор жойларини томоша қилди.Самарқанд темир йўл вокзалида карнай – сурнай наволари янгради. Меҳмонларни Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Мунис Восеев, Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Рахимов, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Сухорб Рафиков, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, касаба уюшма фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари кутиб олишди.


Самарқанднинг ўзига хос нонлари ушатилиб, туз тотилди. Дунё касаба уюшмалари вакиллари ҳамда Самарқандлик мезбонлар вокзал узра янграётган дилбар наволарга рақсга тушдилар. Куй-қўшиқ авжи барчанинг дилини сел қилди. Шундан сўнг, Самарқанднинг кўҳна тарихидан садо берувчи Регистон майдонига йўл олинди.Самарқанд фахри – Регистон қатор халқаро анжуманларга ошён бўлиб, ер юзининг барча қитъаларидан келган сайёҳлар эътиборини тортиб келади.
Халқаро конференция қатнашчилари ҳам улуғ аждодларимизнинг дунё тамаддунига битиб кетган бу муҳташам гўшани четлаб ўтиша олмади. Маҳобатли Шердор, Тиллакори ва Улуғбек мадрасаларини томоша қилаётган минглаб меҳмондлар қаторига улар ҳам қўшилишди. Дунёга не-не улуғ зотларни етказиб берган бу мўътабар маскан ҳар қандай кишида ҳайрат ва ҳавас уйғотади.

Самарқандга илк бор бундан 35 йил илгари келиб кетгандим, – дейди Афғонистон Республикаси Иш берувчи ва ишчиларнинг миллий иттифоқи раиси ўринбосари Ғулом Али Баряр. Бу қадимий шаҳар ўша даврларда кўзимга мунғайиб, тарихий обидалар нурсиз аҳволда кўринганди. Бугунги Самарқанд тароватидан эса қадимий аждодлар меросига бўлган ҳурматдан ақлим лол қолди. Регистонни асл ҳолатига келтиргунча оз-мунча меҳнат қилинганлигини ўзим гувоҳи бўлдим. Бу ердаги ободончилик, бунёдкорлик ишлари ўта нозик дид билан амалга оширилган. Самарқандни ҳақиқатдан ҳам бир кўрмаса армонга айланадиган шаҳар бўлибди.
Тиллакори мадрасасида Хитой касаба уюшмалари халқаро бўлими мудири Ан Жин Хул билан мулоқотда бўлдик. Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюришим, – дейди У. – Дунёда гўзал юрт ва шаҳарлар кўп, аммо улар орасида бу мамлакат менда бошқача таассурот қолдирди. Меҳмондўст, самимий, юзларидан нур ёғилиб турган одамлар билан учрашганимдан ҳаяжонимни яширолмаяпман. Мана шу Регистонда туриб, юрагимга бир тилакни тугдим. Худо хоҳласа Самарқандга ота-онамни ҳам олиб келаман. Уларга бу ажиб диёрни кўрсатишни ният қилдим.
Ўзбек автосаноатида ўзига хос, дадил одимлаётган Самарқанд автомобиль заводининг нафақат Осиё, балки дунё транспорт саноатида ўзига хос ўрни бор. Фаолиятининг илк даврларидан бошлаб 30 мингдан ортиқ автобус ва юк автомобиллари ишлаб чиқаришга эришган. Бу ерда йилига ўртача 3-4 мингдан зиёд техника фойдаланишга топширилаётир. 997 нафар малакали ходимлардан иборат жамоанинг ютуқлари кун-сайин ортмоқда.Конференция иштирокчиларига СамАвто ОАЖ техника хавфсизлиги муҳандиси Темур Абдуллаев яратилган хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитлари ҳақида сўзлаб берди.
Мазкур заводда бундан икки йил илгари бўлиб, меҳнаткашларга яратилган шарт-шароитлар билан танишганман, – дейди ХМТ Европа ва Осиё мамлакатлари бўйича сектор мудири Сергиус Гловацкас. – Бу ерда муносиб меҳнат шароитлари яратилиши бўйича каттагина ишлар амалга оширилибди. Ходимлар соғлигини мустаҳкамлаш, уларни спорт ва жисмоний жиҳатдан чиниқишларига катта эътибор қаратилган. Айниқса, техника хавфсизлигини таъминлаш борасидаги изланишларни кўриб хурсанд бўлдим.
Самарқанд замини эсланганда беихтиёр буюк бобокалонимизнинг: “Бизнинг куч-қудратимизни билмоқчи бўлсанг, биз қурдирган иморатларимизга боқ”, деган фикри ёдга тушаверади.
Буюк давлат арбоби Амир Темур абадий қўним топган манзилда ҳам дунёнинг етти иқлимидан келган сайёҳлар оқимига дуч келдик. Улар орасида туркиялик меҳмон Маҳмуд Арслан Соҳибқироннинг буюк ишлари ҳақида тўлқинланиб гапирди.Самарқандда учинчи маротаба меҳмон бўлишим. Ҳар келганимда, энг аввало, мана шу улуғ зот қабрини зиёрат қилишдан бошлайман, – дейди Туркия Ҳақ иш Конфедерацияси, ишчи-хизмат касаба уюшмаси раиси Маҳмуд Арслан. Самарқанд худди мана шу зот орзу қилганидек неча-неча асрлардирки, Ғарб ва Шарқга кўприк бўлиб келмоқда. Ўзбекистон мустақиллиги бу қадим шаҳарнинг дунё ҳамжамиятидаги мавқеини янада оширди. Бу ўлка тараққиётининг штобини кўз билан илғаб бўлмайди. Аввалги келганимда Тошкентдан Самарқандга келганман, энди эса бу йўналишда қатнаётган учқур “Afrosiyob” бутун Ўзбекистон тимсолини кўз олдимизда намоён қилди. Биз, туркий халқлар қардошларимизнинг улкан ютиғидан беҳад фахр-ифтихор туйғуларини туямиз.
Самарқанд тиббиётига муносиб хисса қўшаётган хусусий корхоналар сони йил сайин кўпайиб бормоқда. “INNOVA” даволаш диогностика маркази ана шундай замонаваий масканлардан бири саналади. Тадбиркор Абдуқодир Фахриев ана шу масканга асос солиб юзга яқин соха ҳодимларини иш билан таъминлаб келмоқда. Хусусий корхона маъмурияти ва бошланғич касаба уюшма ташкилоти, ходимларга бир қатор имтиёзлар яратиб бермоқда.
Бу корхонада ходимлар ва мижозлар учун яратилган шарт-шароит, замонавий ташхислаш жиҳозлари энг сўнгги русумдалигига шоҳид бўлдик, – дейди УмумИталия меҳнат иттифоқи (UGL) халқаро ишлар бўлими бошлиғи Ферретти Джан Луиджи. – Ходимларни рағбатлантириш, уларга муносиб иш шароити яратилганлигини эътироф этиш керак.
Мартабали меҳмонлар шаҳардаги “Боғи Сарой” маҳалласи иш фаолияти билан ҳам танишдилар. Таъкидлаш ўринли, дунёдаги ҳеч бир ўлкада меҳир оқибат тимсоли, азалий қардошлик боғичи бўлган маҳаллага бу даражада катта умид билан қаралмайди. Аксарят меҳмонлар бошқарувнинг бу самарали тизими билан жуда қаттиқ қизиқишди. Отанг маҳалла, онанг маҳалла, каби иборалар уларнинг луғатларидан ҳам жой олмаганлигини тан олганлари ҳам бўлди.
Маҳалла институти биз учун янгилик, – дейди Латвиялик меҳмон Балзенс Эгиле ва унинг турмуш ўртоғи Сильвия Балдзенс. – Маҳаллага бўлган эътибор боис дунёда танқис бўлган меҳир-оқибат боқийлиги, одамларнинг муносабатидаги илиқлик барҳаётлигини кўрдик. Бу тажриба дунё миқёсида оммалаштиришга лойиқ. Фақат Ўзбекистондагина маҳалла орқали одамлар қалбига йўл топилишини, оилалар турмушидан бохабарлик даражасининг юксалишини кузатиш мумкин.
Меҳмонларга, маҳалла ҳайрия жамоат фонди Самарқанд шаҳар бўлими раиси ўринбосари Ахмаджон Маматов мазкур тизим хусусида тушинча берди, уларни қизиқтирган кўпдан кўп саволларга жавоб қайтарди.Самарқанд шаҳридаги “ОАЗИС ГАРДЕН” ресторанида бир пиёла чой устида суҳбат бўлиб ўтди. Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиков, Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси республика кенгашининг ўринбосари Йўлдош Назаровлар меҳмонларни амалий ташриф билан қутлади. Вилоят санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Б.Турабов
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: