БЕҒУБОР ДАМЛАР ЗАВҚИ

Мехнат мухофазаси Қатор йиллардирки Қорақалпоғистон республикаси ҳамда Сурхондарё вилоятининг Узун туманида истиқомат қилаётган мактаб ўқувчиларининг бир гуруҳи Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги сўлим оромгоҳларда ёзги таътил кунларини ўтказишаётир. Бу анъана бу йил ҳам давом эттирилмоқда.

Якшанба куни саҳарда Самарқанд темир йўл вокзалида шимолий ва жанубий ҳудулардан келаётган дам олувчиларнинг илк гуруҳларини кутиб олишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистонлик 450 нафар, Сурхондарёлик 100 нафар болажонлар вилоят касаба уюшмалари, мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда жамоатчилик томонидан тантанали равишда кутиб олинди.

-Сафаримиз завқли, ҳаяжонларга бой бўлди , – дейди Қорақлпоғистон республикаси Амударё туманидан келган ўқувчи Генжамурот Акимов, кутиб олиш тадбирларида иштирок этган ОАВ вакилларига. – Биз ёшларга нафақат оромгоҳда дам олиш балки кўхна Самарқанд билан яқиндан танишиш имконияти яратиб берилганидан мамнунмиз. Дам олиш баробарида кўплаб дўстлар ортириш, тенгдошларимиз билан билим ва иқтидорларимизни бир карра синовдан ўтказишимиз мумкин.

Вокзал биносидаги қизғин суҳбат, танишув ва бир оз тин олингандан сўнг ҳовлида саф тортган автобуслари сари йўл олинди. “Самарқандтранс” корхонаси тасарруфидаги шу диёрда ишлаб чиқарилган йилт янги “ИСУЗИ” автобуслари аввалдан режалаштирилган йўналиш бўйлаб ҳаракатга тушади. Бу йўналишда кўхна шаҳарнинг бутун бўй – бастига бир қур назар ташлаш имконияти ҳам ҳисобга олинган.

-Болажонлар чўққилари булутларга тенглашган Ургут тоғлари қўйнидаги “Золотинка” оромгоҳига катта ҳаяжон билан етиб келишди, – дейди дам олувчиларга ҳамроҳлик қилган вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши бўлим мудири Акбар Абдусаидов. – Кутиб олишга бағишланган асосий тантаналар оромгоҳда бўлиб ўтди. Мукаммал таъмирланган, барча шарт – шароитларга эга оромгоҳда куй – қўшиқлар янгради. Меҳмонлар учун махсус тузатилган дастурхон атрофида суҳбатлар қизғин кечди. Оромгоҳ мутасаддилари янги меҳмонларни манзил билан таништириб шинам хоналарга жойлаштирди.

Дам олишнинг илк кунидан бошлаб турли тадбирлар бошлаб юборилди.

Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email