Республикамизнинг қарийиб барча соҳаларида, жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, маҳсулотларни қайта ишлаш, маданий ва маиший жабҳаларда ривожланишнинг жонли гувоҳи бўлмоқдамиз. Янгидан-янги ишлаб чиқариш корхоналари, автомобилсозлик, кимё, энергетика, нефтни қайта ишлаш борасида Республикамиз нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳон миқиёсида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.
Мустақиллик шарофати билан миллий сиёсатимизнинг ҳаётга тадбиқ этилиши бевосита иқтисодиётнинг ривожланиши, маданий-маърифий соҳаларда ўзига хос ривожланиш имкониятини яратиб берди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Ўзбекистон Республикасининг 25 йиллигига бағишлаб, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ижтимоий шериклик яхши йўлга қўйилган, ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратилган корхоналарнинг ижобий тажрибасини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида, Республикамизнинг худудларида семинарлар ташкил этмоқда.

2016 йил 5 август куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Самарқанд вилоятида “Меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилаш бўйича 2015-2016 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар дастури” доирасида “Меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги” мавзусида республика миқиёсида семинар ўтказилди.
Семинар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва ижтимоий хамкор ташкилотлар ҳамда Самарқанд вилояти корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари ва иш берувчилар иштирокида ташкил этилди.
Семинар доирасида кўргазма ташкил этилиб, унда корхоналар, кичик, ўрта бизнес ва хусусий тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари иштирок этдилар.
Кўргазмада корхоналарда яратилган иш ўринларида хавфсизликни таъминлашга ҳамда зарарли омиллар таъсирида ишловчи ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратилишига оид кўргазмали материаллар намойиш этилди.
Турли соҳа мутахассислари махсус кийим-бош, махсус пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари, санитария-гигиена, даволаш-профилактика тадбирлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида касаба уюшмалари тизимидаги янгиликлар билан танишдилар.
Семинарни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари Б.Махмадалиев кириш сўзи билан очиб, ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш соҳасидаги амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга тўхталди.
Меҳнат жамоасида ишловчи ходимларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган ходисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини олдини олишга иш берувчилар ва ходимлар эътиборини кучайтириш, мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилиниши устидан давлат ва жамоат назоратини олиб борилишида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаб, муаммоларни ўрганган ҳолда, тегишли вазифалар белгиланиши семинарнинг асосий мавзуларидан бўлди.
Соҳа экспертлари билан кунинг биринчи ярмида пленар мажлис ўтди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил этиш ҳамда жамоатчилик назоратини намунали йўлга қўйган бошланғич ташкилот фаолияти тўғрисида касаба уюшмаларининг маърузалари тингланди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил фаолияти ҳақида видео ролик намойиши иштирокчиларнинг алоҳида эътиборини тортди.
Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти бош врачи А.Вохидов ўз маърузасида Касб-касаллигининг замонавий ҳолати ва профлактик чора-тадбирлари ҳақида маълумот берди.
Куннинг иккинчи ярмида ижтимоий хамкорлик асосида намунали фаолият кўрсатаётган иш берувчи ва ходимларнинг вакиллик органи бўлган касаба уюшмалари фаолияти билан жойларга бориб танишилди.
Семинарда уч томонлама ижтимоий хамкорликнинг муҳимлигига алоҳида урғу берилди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид фикр-мулоҳаза ҳамда савол-жавоблар иштирокчиларнинг фаоллиги мавзунинг нақадар долзарблигини кўрсатди.
Тадбир доирасида, 22 нафар меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги, 2016 йил “Соғлом Она ва бола йили” муносабати билан ҳамда касаба уюшмалари фаолиятидаги ташаббускорлиги, меҳнаткашлар учун хавфсиз, соғлом, муносиб меҳнат шароитларини яратишдаги фаоллиги, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилишдаги фидоийлиги учун касаба уюшмаларининг ФАХРИЙ ЁРЛИҚ ва бепул санатория йўлланмаси Сертификати билан тақдирланди.
Касаба уюшмаларига аъзо ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш соҳасида белгилаб олинган вазифалар тизимли равишда амалга оширилишини таъминлаш, касаба уюшмалари ташкилотларининг ушбу йўналишлардаги ижобий иш тажрибасини ўрганиш ҳамда келгусидаги вазифалар ҳақида бевосита фикр алмашиш мақсадида, семинарда иштирок этаётган касаба уюшма фаоллари, иш берувчилар ҳамда ҳамкор ташкилот вакиллари муҳокама қилинган масалаларни, билдирилган фикр-мулоҳазаларни қуйи ташкилотларга етказишга ҳамда ўз иш фаолиятларини ташкил этишда ижобий тажрибани ҳисобга олишга келишиб олдилар.
Мехнатни мухофаза қилиш бўлими