Меҳнатни муҳофаза қилишга оид муносабатлар Сўраган эдингиз?

Саволларга Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси  кенгашининг  меҳнатни  муҳофаза  қилиш бўлими мудири Каримов Усмон Қучқорович жавоб беради.

 

  1. Меҳнат жароҳати учун иш берувчининг айбдорлигини ёки жавобгарлигини исботловчи далил бўйича тушунча берсангиз.

 

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сон карори билан тасдиқланган Ходимларга уларнинг Меҳнат вазифаларини бажариш билан боглик холда жарохатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошка хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш Қоидасининг 4-бандига мувофиқ, қўйидаги ҳужжатлар меҳнат жароҳати учун иш берувчининг айбдорлигини ёки жавобгарлигини исботловчи далил бўлиши мумкин:

бахтсиз ҳодисани махсус текшириш далолатномаси;

бахтсиз ҳодиса ва ишлаб чиқаришда соғликка етказилган бошқа хил шикастлар тўғрисида далолатнома;

суд қарори;

меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини, соғликка етказилган зарар сабабларини назорат қилишни амалга оширувчи давлат меҳнат техник инспектори ёхуд бошқа мансабдор шахслар (органлар)нинг хулосаси;

касб касаллиги тўғрисида тиббий хулоса;

айбдор шахсларга маъмурий ёки интизомий жазо бериш тўғрисидаги қарор;

касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа ваколатли органи қарори.

Келишмовчилик пайдо бўлганда ёки иш берувчи зарарни тўлашни рад этганда, ушбу масала қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд томонидан ҳал қилинади.

 

  1. Ходимларни хавфсизлик техникаси йўриқларидан ўтказиш шартми, унинг қандай турлари ва ходимлар йўриқдан ўтганлигини қаерга ёзиш керак шу ҳақида тушунча берсангиз.

 

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 14.08.1996 йилда 272-сон билан рўйхатга олинган “Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ходимларни уқитиш ва билимларини текшириш тўғрисида”ги амалдаги Низомнинг 3-бандига биноан, мулк шаклидан қатъий назар барча корхоналарда ходимлар биринчи марта ишга қабул қилинганда, амалиётга келганда ва иш жараёнларида белгиланган маъсул ходимлар томонидан хавфсизлик техникаси йўриқларидан ўтказилиб боришлари шарт.

Ишчиларни йўриқномадан ўтказиш турлари

  1. Ишчиларни йўриқномадан ўтказиш иккига бўлинади:

– кириш йўриқномаси;

– иш жойида ўтказиладиган йўриқнома.

  1. Иш жойидаги йўриқнома ўз навбатида:

– бирламчи;

– даврий;

– навбатдан ташқари йўриқномаларига бўлинади.

Ходимлар йўриқдан ўтказилганлиги ҳақида кириш ва иш жойида биринчи марта хавфсизлик техникаси дафтарларига қайд этилиши лозим.

Кириш ва иш жойида биринчи марта хавфсизлик дафтарлари (тикилган, рақамланган, муҳрланган ҳолда) алоҳида-алоҳида юритилиши лозим.

  1. Ишлаб чиқаришдаги қандай бахтсиз ҳодисалар текширилмайди ва ҳисобга олинмайди шу ҳақда тушунча берсангиз.

 

Жавоб:  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарор билан тасдиқланган «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни  ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги Низом»нинг I – бўлими,  3 бандига асосан:

Табиий ўлим, ўзини ўзи ўлдириш, жабрланувчининг ўз саломатлигига қасддан шикаст етказиши, шунингдек, жабрланувчининг жиноят содир қилиш чоғида шикастланиши ҳолатлари (суд-тиббий экспертиза хулосаси ёки тергов органларининг маълумотларига кўра) текширилмайди ва ҳисобга олинмайди.

Аммо, бундай ҳолатлар комиссия томонидан ўрганиб чиқилади ва  эркин шаклда далолатнома тузилади.

 

  1. Ходим ишга қабул қилинганда тиббий кўрикдан утиши шартми, ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортишга ҳақлими шу ҳақида тушунча берсангиз.

 

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 214-моддаси,  “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни 24-моддасига асосан,  корхона соғликни сақлаш идоралари томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, иш берувчи бир қатор касблар ва ишлаб чиқаришларнинг ходимларини меҳнат шартномасини имзолаш пайтида – дастлабки тарзда ва меҳнат шартномаси амал қиладиган даврда вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт.  Ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бош тортишга ҳақли эмаслар.

Ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бўйин товлаган ёки улар ўтказилган текширувлар натижаларига кўра тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажармаган тақдирда иш берувчи уларни ишга қўймасликка ҳақли.

 

Меҳнатни муҳофаза қилиш  бўлими мудири У.Каримов

 

Print Friendly, PDF & Email

This article has 2 Comments

  1. Жуда яхши жавоб бердиз рахмат. Саволим агар мумкин булса олдиндан рахмат 1997 6 июндаги 286 сонли карорга нима учун 134 сонли карор кушимча килинди? Асл мохияти нима факат лонда жавоб берсангиз.

    1. Корхона ташкилот ва муассасаларда ишловчи ходимлар билан содир бўлган ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисани махсус текшириш (Иш берувчининг буйруғу асосида тузулган ) комиссия томонидан даволаш муассасаларидан ушбу олинган тан жарохатининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқаришдаги жарохатларни аниқлаш схемаси ишлаб чиқилиб тасдиқланган ва Вазирлар Маҳкамасининг 0606 1997 йилдаги 286 сон қарори билан тасдиқланган «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшири ва ҳисобга олиш тўғрисида»ги низомга илова қилинган.