Меҳнатга муносиб рағбат

2018 йил 20 февраль куни “Жомбойдон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятининг мажлислар залида жамият ишчи ва хизматчи ходимлари ўртасида жамоа шартномасининг 2017 йилда тарафлар томонидан бажарилишига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси С.Салахутдинов, Агросаноат мажмуи  ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг  Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси вазифасини бажарувчи Р.Валиев, Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги хизмати бўлим мудири У.Каримов, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Жомбой туман кенгаши раиси Б.Ниёзовлар иштирок этишди.

Маърузачилар жамоа шартноманинг 2017 йилда тарафлар томонидан бажарилиши юзасидар батафсил ахборот беришди.

Жараёнда мутахассислар томонидан меҳнат муҳофазаси ва ишлаб чиқариш хавфсизлиги юзасидан ходимлар ҳамда иш берувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича тўхталиб ўтишди.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 16-моддасида хавфсиз ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилиш ходимнинг асосий ҳуқуқларидан бири эканлиги белгилаб қўйилган. Меҳнат кодексининг 213-моддасига кўра, иш берувчи меҳнат шартномасини тузишда ва бошқа ишга ўтказишда ходимни меҳнат шароитлари, шу жумладан касб касалликлари ва бошқа касалликларга чалиниш эҳтимоли тўғрисида, шу билан боғлиқ ҳолда унга бериладиган имтиёз ва компенсациялар, шунингдек шахсий ҳимоя воситалари ҳақида харбардор қилиши керак.

Иш берувчи ходимларга ёки уларнинг вакилларига муайян иш жойидаги ва ишлаб чиқаришдаги меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳолати ҳақида ҳам ахборот бериши шарт.

Ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлигига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келганда бу ҳақда иш берувчини дарҳол харбардор қилади. Агар бундай ҳолатлар иш берувчи томонидан дарҳол бартараф этилмаса, у ҳолда ходим иш бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Маъмурият меҳнатни муҳофаза қилишнинг замонавий воситаларини жорий этиш ва ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ҳамда касб касалликларининг олдини оладиган санитария-гигиена шароитларини таъминлаши шарт.

Шунингдек, анжуман давомида иштирокчиларга жамоа шартномасининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимини шакллантириш асослари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимига киритиладиган масалалар: меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича Битим; ходимларга бепул бериладиган махсус кийим, пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари; меҳнатни муҳофаза қилиш жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби; иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш; иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш;  ходимларни дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш; ходимларни меҳнат муҳофазаси соҳасида ўқитиш (малакасини ошириш) ҳамда жамоа шартномаси иловаларига алоҳида тўхталиб ўтишди.

 Жараён ўзаро фикр-мулоҳазалар, савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

Анжуман якунида иштирокчилар жамиятда меҳнаткашлар учун яратилган қулай муносиб меҳнат шароитлари билан яқиндан танишдилар.

У.Каримов

Print Friendly, PDF & Email