
“Чорчинор”, Ургут мўъжизаси. Сервиқор тоғ дарасида жойлашган бу масканни энтикиб эсловчилар кўп. Касаба уюшмалари томонидан мукаммал таъмирдан чиқарилган оромгоҳда, ҳар йили меҳнаткашларнинг минг нафардан ортиқ фарзандлари ёзги таътилни ўтказиб келишаётир. Оромгоҳ жамоаси бу йилги мавсумга ҳам алоҳида ҳозирлик кўрди. Бино ва иншоатлар, спорт майдонлари муддатидан аввалроқ тахт ҳолга келтирилди. Дам олувчилар учун барча шарт – шароитлар яратилди.
Ёзги таътилнинг илк кунлариданоқ 280 нафар болаларни қабул қилдик, – дейди “Чорчинор” оромгоҳи раҳбари Иброҳим Фармонов. Эллик нафардан ортиқ тарбиячилар жамоаси болаларнинг ҳар бир кунини мазмунли ташкил этишга интилмоқда.


Игна баргли арчалар қуршовидаги майдон ва йўлаклар озода, саранжом – саришта. Барча гуруҳлар режалаштирилган мазмунли тадбирлар билан қуршаб олинган. Бизга энг манзур бўлган жиҳатлардан бири, кутубхоначи Нилуфар Турдиева томонидан ташкил этилган китоблар кўргазмаси бўлди. Бу ерда дам олувчилар нафақат янги адабиётлар билан танишади, балки кундалик матбуот нашрлари, болалар газета ва журналлари янги сонларидан бахраманд бўлиш икониятига ҳам эга.
Бир йўла 300 нафар болани қабул қилиш икониятига эга ошхонадаги юмушлар Равшан Ҳимматов бошчилигидаги ошпазлар гуруҳи томонидан адо этилмоқда. Таомномада бири – бирига ўхшамаган, тўйимли овқатларни танлаб истеъмол қилиш иконияти яратилган. Бир болага кундалик емак миқдори ўн беш минг сўмдан ортади. Оромгоҳда пишиб, етилган, сервитамин ёз неъматлари бундан мустасно.
Спорт тадбирлари барчани ўзига оҳанграбодек тортишига ҳеч шубҳа йўқ, – дейди жисмоний тарбияга мутасадди этиб белгиланган Фаёз Зармасов. – Шуни инобатга олган ҳолда дам олишнинг илк кунлариданоқ спортнинг бир неча турлари бўйича мусобақа ташкил этдик. Стол тенниси, шахмат-шашка, валейбол, футбол мусобақалари бўлиб ўтди. Барча турлар бўйича ғолиблар аниқланиб, совриндорлар тақдирланди.

Оромгоҳда, “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни” га бағишланган “Янги авлод хавфсизлиги ва саломатлиги” мавзусида тадбир ташкил этилди. Унда иштирок этган, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси вакиллари дам олувчиларга, болалар меҳнатининг оғир оқибатини соддагина қилиб тушинтириб беришди.
Бош етакчи Бегзод Низомовнинг айтишича кунлик дастурда белгиланган тадбирлар қисқа, лўнда. Хилма – хил ва ранг – барангликка алоҳида эътибор қаратилган. Муддао, болажонларни зериктириб қўймаслик. Барча зарур дори-дармонлар билан жиҳозланган тиббиёт хонаси бор. Тиббиёт ходимларига ҳам шахсий гигиенага риоя қилиш, инсон ўз танасини чиниқтириш борасида суҳбатлар ўтказишга фурсат ажратиб берилгани ҳам эътиборга лойиқдир.
Тўғриси, илгари ҳам бир қатор оромгоҳларда таътилни ўтказганман, – дейди дам олувчи Дилмуҳаммад Мирзоев. – Аммо бу йил бошқача кечаяпти. Аввал битта тадбирда иштирок этиш билан кифояланардик. Қолган фурсатларда оромгоҳ ҳудуди бўйлаб тентираб юришга тўғри келарди. “Чорчинор”да тартиб бошқача экан. Мақсадсиз ўтаётган куннинг ўзи йўқ. Ҳар лаҳзадан нимадир олаяпмиз.
Мароқли ҳордиқнинг мазмуни бошқача. Оромгоҳ жамоаси таътил завқини оширишга интилаётганлиги шундоқ кўриниб турибди.
Ф.Сохибов
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: