МАЗМУНАН БОЙИГАН КУН

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар ойнинг иккинчи сешанбаси “Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари куни” сифатида белгиланган. Бу фаолиятга бир қур назар ташлаш, ўтган фурсатда амалга оширилган ишларни таҳлил этиш, ҳуқуқий, меҳнат соҳасидаги билимларни ошириш имконини бермоқда.
Бошланғич етакчиси зиммасида бир талай юмушлар бор. У ўз касбий вазифасини уддалаш баробарида жамоадаги мўътадил муҳит учун ҳам жавобгардир. Маъмурият билан тил топиши, жамоа шартномасида белгиланган имтиёз ва афзалликлар ижросини таъминлаши, ходимлар саломатлиги йўлида қайғуриши, хуллас масъулият юки анчагина.
-Бир кунда ўртача 30-40 нафар беморни қабул қилишимга тўғри келади,- дейди Самарқанд вилоят ногиронларни реабилитация қилиш маркази шифокори, бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси София Абдуллаева. – Бундан ташқари жамоатчилик вазифамни ҳам ташлаб қўяолмайман. Ходимларимизнинг иш жараёндаги турли масалаларини ҳам ҳал этишим керак. Касаба уюшмалари кунининг белгиланиши етакчилар учун айни муддао бўлди. Мазкур кун доирасида меҳнат ва ҳуқуқ соҳасидаги билимларимизни ошириб, илғорлар тажрибасини ўрганамиз, амалий ёрдам оламиз.
Марказда меҳнат қилаётган 157 нафар тиббиёт ходимларининг 129 нафарини аёллар ташкил этади. Ходимларнинг олтмиш фоиздан ортиғи ёшлар. Ёш болали аёлларга белгиланган тартибда бир қатор имтиёзлар ҳам жорий этилган. Фарзандлари бошланғич синфларда таҳсил олаётган хотин-қизларга ойлик маоши сақланган ҳолда қисқартирилган иш соатлари жорий этилган. Бошланғич етакчисига турли мавзуларда мурожаатлар бўлиб туради.
Мурожатларни қайд этиш китобидан ўрин олган бир қатор арзномаларга кўзимиз тушди. Марказнинг хўжалик бўлимида ишловчи Саломат Узоқова касаба уюшмасидан, кейинги йилларда тез-тез шамоллаб қолаётганлиги, имкон бўлса шу ерда имтиёзли даволашга кўмак кўрсатишни сўраган. Ходим мурожаати маъмурият билан муҳокама этилди ва ходимга имконият яратилди. Бундан ташқари техник ходим Толиб Бурхонов, ҳамширалар Фарангиз Остонова, Ирода Ахмедовалар ҳам касаба уюшмалари кўмагида ўз саломатликларини тиклаб олишди.
-Касаба уюшмалари ташаббуси билан жамоамизда соғлом овқатланиш, соғлом турмуш тарзини шаклантиришга бир қатор шароитлар яратилди, – дейди марказ раҳбари Акрам Бердиев. – Барча ходимларга физкультура ва спорт орқали ўз саломатликларини мустаҳкамлаш учун шароит яратганмиз. Тринажёрлар залимиз бор. Бундан ташқари 30 кишилик ошхонамизни ташкил этдик. Бу эса ходимларнинг ортиқча вақт йўқотиши олдини олаётир. Жамоанинг барча аъзолари имтиёзли тушлик билан таъминланган. Касаба уюшмалари ходимларимизга шарт-шароит яратишда энг яқин кўмакчимизга айланган.
“Ўзтелеком” АК Самарқанд филиалида ҳам ходимлар ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини таъминлашда бошланғич касаба уюшма етакчилик қилмоқда. Жамоа шартномасида кўзда тутилган манфаатдорликни юксалтириш амалда ўз ифодасини топиб келаётир. Соҳа ходимларининг даромадлари кейинги бир йилда 68 фоизга оширилган.
Жорий йилнинг ўтган олти ойида ҳар бир ходимнинг ўртача ойлик маоши 1004,2 минг сўмни ташкил этган. Жамоа шартномасида кўзда тутилган имтиёз ва афзалликларни бажариш ҳисобига ходимларга ҳар ойда қўшимча равишда 589,4 сўмдан тўлаб келинаётир. Бу эса ўртача маош даражасининг 1593, минг сўмга етишини таъминламоқда. Соҳада узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган 379 нафар ходим ҳам самарали меҳнати учун рағбатлантириб келинмоқда.
Тизимдаги ёшлар, ёш оилалар ҳам жамоа шартномаси орқали муайян имтиёзлардан баҳраманд бўлишаётир. Уч нафар янги оила қурган ёшлар модий рағбатлантирилди. Зарарли иш шароитида меҳнат қилётган 102 нафар мутахассисларга ҳам қўшимча тўловлар жорий этилган.
-Ҳудудий корхоналаримизда 15 та цех касаба уюшма ташкилотлари фаолият юритиб келмоқда, – дейди тармоқ касаба уюшма ташкилоти раиси Назокат Маҳмудова. – Касаба уюшмалари куни доирасида уларга амалий ёрдам кўрсатиб келаяпмиз. Тўғрисини айтиш керак. Шу чоққача қуйи ташкилотларимизда ҳужжат юритиш ишларида бир қатор камчиликлар бор эди. Ўз КУФК, тармоқ касаба уюшмаси республика кенгаши, вилоят касаба уюшмалари кўмагида бу камчиликларга ҳам барҳам берилди.
Тармоқда ёшлар куни кенг нишонланиб, 44 нафар ёш, энди иш бошлаган ходимларнинг туристик сафарлари ташкил этилган. Бундан ташқари ўтган фурсат жамоа ходимлари беш маротабадан ортиқ маданий тадбирларга, театр тамошалари, концертларга олиб борилган.
-Бошланғичлар фаолиятидаги жонланишни “Дака-тех” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Россия хорижий корхонаси касаба уюшмасида ҳам кузатиш мумкин, – дейди Ўз КУФК раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Рахматулла Қорабоев. – Меҳнат ҳуқуқлари соҳасидаги улкан ўзгаришлар бошланғич етакчиси зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Ҳар бир жамоада ёшлар манфаати, улар изланиши, интилишлари ҳам касаба уюшмалари нигоҳида бўлмоғи зарур. Мазкур корхонада масаланинг ана шу жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганидан мамнун бўлдик.
“Дака-тех” жамоаси ўзларига ёш, талабчан етакчи сайлаб олганларига унчалик ҳам кўп бўлгани йўқ. Саркор Фирдавс Ҳамроқулов қисқа фурсатда жамоа ишончини қозонди. У ходимларга етарлича иш ва дам олиш шароитлари яратиш, меҳнатдан келиши мумкин бўлган зарарларни камайтириш пайида бўлмоқда. Етакчи ходимлар саломатлигини мустаҳкамлашда физкультура ва спортнинг муҳим аҳамиятини англата олди. Бу йўналишдаги тадбирларни рағбатлантиришга иш берувчи билан келишган ҳолда етарлича маблағ ажартилиб келинмоқда.
Корхонада туризм йўналиши, маданий оммавий тадбирлар ташкил этиш бўйича ҳам бир қатор ишларни амалга ошириш режааштирилмоқда.
Касаба уюшманинг жамоадаги мавқеи етакчи ҳаракатига боғлиқ. Одамлар ишончини оқлашнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун ҳаловатдан кечиш, интилиш, изланиш лозим.

Р.Абдуллаева

Print Friendly, PDF & Email