МАРЖОН ШАҲАРЛАРГА САЁҲАТ

Мамлакатимиз тарихий масканлари, меъморий атиқалар жойлашуви бўйича  дунёдаги етакчи ўнта мамлакат қаторига киради. Бугунги кунда ҳудудларимизда 7 мингдан ортиқ тарихий ёдгорлик мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент, Қўқон, Термиз каби кўҳна ва навқирон шаҳарларимизни кўришга ошиқаётганлар сони йилдан-йилга кўпаяётгани бежиз эмас.

Мана, икки йилдирки ички туризмни ривожлантириш дастури орқали аҳолига юрт манзараларидан баҳраманд бўлиш имкони кенгайди. Айниқса, байрамларда яратилган қўшимча дам олиш кунлари бу имкониятни янада ошираётир. Айни наврўз байрами арафасида ана шундай имкониятдан биз ҳам фойдаландик.  Таълим, фан ва маданият ходимлари республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси И.Рахимов раҳбарлигида вилоятдаги 55 нафар мактаб ва бошқа таълим тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаоллари саёҳати ташкил этилди. Бухоро ва Хоразм сафарида бўлдик.  Бу саёҳатда бизнинг туманимиздаги 1,44, 61, 67, 83 мактаблар  ва “Баркамол авлод” болалар маркази  вакиллари иштирок этишди.  Бобомерос   шаҳарлардаги қадимий обидалар, муқаддас зиёратгоҳлар, хушманзара табиат, бетакрор қадрият ва анъаналари билан яқиндан танишдик. Айниқса,  ноёб ва бетакрор тарихий обидалари билан бирга очиқ осмон остидаги музейларидаги кўп минг йиллик меъморчилик наъмунлари , халқ амалий санъатига оид доимий кўргазма ва экспозициялари бизни мафтун этди.

Саёҳат кўнглимизга чексиз роҳат бағишлади. Меҳнаткашларга бундай имкониятни яратиб берган касаба уюшмаларидан беҳад мамнун бўлдик.

И.Рахимов

Print Friendly, PDF & Email