
Ҳаётда баъзи одамлар тафаккури хусусида фикр юритишга кучинг етмаётганлигини пайқагандек бўласан. Қўлга қаламни олиб узоқ ўйландим. Нимадан бошласам экан. Гап, олтмиш беш йиллик меҳнатдан сўнг ҳам толмаган, вужудини бус бутунлигича юрт хизматига бахшида этган инсон ҳақида бораяпди, ахир.
Устоз маънавий олами шу даражада бепаёнки мулоҳазаларини қайта-қайта тинглагинг келаверади. У шундай бир сеҳирли китобга ўхшайдики варақлаган сайин саҳифаларида маънавий – маърифий тафаккурнинг хазиналарига дуч келаверасан. Зукко ўқувчи аллақачоноқ гап ким ҳақида кетаётганлигини англаб олгангига ишончим комил. Ҳа, бу ўша сиз ва биз билган Ҳасан Нормуродов. Ўзбекистон қахрамони.
Ватаннинг олий нишони муносиб одам кўксида порлаётгани барчани мамнун қилмоқда. Ёш авлод камоли, тарбияси йўлидаги масъулият бу инсонни 80 ёшда ҳам тинч қўйган эмас. Тин олиш унга бегона. Ўттиз йилдан ошиқ давр мобайнида бу инсон сабоғини оламиз. Шу давр мобайнида бу инсон каломидан ватан тушмаганига шоҳидмиз.
Сира ёдимдан чиқмайди эндигина раҳбарлик лавозимига ўтирган кезларимда бир мулоқотда айтган гаплари ҳали хануз ёдимдан чиқмайди. У киши деразага қараб туриб бундай деганди. “Раҳбарга нима керак, нима керак эмас? Буни ҳар бир инсон ўйлаб кўриши лозим. Раҳбар тафаккурли, кеча ва бугуннинг энг яхши сифатларини ўзига олсин. Бефарқ ва нодон бўлмасин”.
Ҳаётнинг ачиқ-чучигини кўп тотган, халқ ташвишини ўз дардига айлантирган инсоннинг ҳар бир сўзи ҳикмат. Озми – кўпми турли раҳбарлик вазифаларида йигирма беш йиллик фаолиятим давомида юқоридаги ўгитни ўз дастури амалимга айлантирганман.
Вилоятда бирор ташкилот ёки таълим-тарбия маскани йўқ у кишининг қадами тегмаган бўлса. Бизнинг ташкилотимиз кексалар манфаати учун ишлайди, дея идорада ўтирмайди. Доим инсонлар орасида улар билан мулоқотда. Касаба уюшмалари тизимида ҳам самарали хизмат қилган. Очиғини айтганда бу инсоннинг жамоат ташкилоти тарихида ҳам излари қолган. Шогирдлари устознинг бир гапини шиорга айлантириб олган, десак ҳеч бир муболаға эмас. Фаоллар йиғилишида туман тармоқ кенгашлари раҳбарларига айтган гаплари ҳали ҳамон ҳаётда қўллаб келинмоқда. Ўрни келганида шу жумлаларни яна бир ёдга олсак.
“Сизга муаммо билан келган инсонга озор берманг, умидсиз қайтарманг. Сиз унинг энг охирги манзили бўлишингиз мумкин.”
У кишининг қийнаб келаётган дардлар ҳам оз эмас. Улардан бири инсон тамаддунига катта хавф-хатар туғдираётган, бузғунчи ғоя ва қарашларини одамлар шуурига жойлашга интилаётган мафкуравий хуружлардан қаттиқ озорланади. Бундай беўхшов хуружидан ёшларимизни қай йўсинда асрашимиз, тарбия беришимиз, ижтимоий хавф-хатарларга қарши маънавий иммунитетни юксалтириш лозимлигини такрорлашдан чарчамайди. Қайси ёшлар даврасида бўлмасин энг аввало тилга оладиган жумласи бор. “Китоб танлашни билиш керак. Уйимдаги уч мингта китобни энг яхши дўстларим, деб ҳисоблайман”, дея уқтириб ўтади.
Вазни енгил, тош босмайдиган, ҳеч кимга наф бермайдиган сўзамол қарашларга ашаддий қарши. Бундай ҳолатларга дуч келганида ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда олам бирданига гулистон бўлиб қолмаган-ку, дея куйинади. Дилдаги орзу ҳавасларни-ку қўяверасиз. Саксонга кириб қўйдимда, беш олтита четтилларини ўргангим келаяпди, дея киши кўнглини ўртайди.
Бир суҳбатда мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий- ижтимоий сиёсат ҳақида сўз борди. У киши биргина Самарқанд вилоятидаги бунёдкорлик ишларини бирма бир санаб бердилар. Қайси давр ва замонда бундай ўзгаришлар бўлган. Қамиш ўсиб ётган эшкак эшиш канали бўйида бемисил ўзгаришлар оғушида қолганлигини эътироф этди. Бўз ерда бир йилнинг ўзида 30 дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилиб Қорасув шаҳарчаси бунёд бўлганлигини айтди. Наъмунавий уйларни-ку қўяверасан. Бунинг ҳаммасини илғаш, ҳис қилиш учун тоза юрак, буюк қалб эгаси бўлиш лозим дея уқтиради у киши.
Афсус биз масъуллика енгил-елпи қараб қолаяпмизда, дея ўкинади. Бунёдкорлик, фаравонлик йўлидаги хизматларга икки эн, лекин фалончини – фалончи сўкиб қўйди, ёки янги қурилган уйдан чакки ўтди, деган хабарга саҳифаларни бағишлай бошладик. Тезкор ахборотларнинг аксари нохуш воқеларни акс эттиришга муккасидан кетиб қолмоқда. Ёшларимиз интернет нашрларидан хушхабарни эмас билакс олди қочди ўшак, деди-деди хабарларнинг шайдосига айланиб қолмоқда. Кийиниш маданиятни-ку сира айтманг. Аксар ёшларнинг кийиниш маданияти на мусулмонникига на кофирникига ўхшайди. Масхарабознинг ўзи. Йиртиқ шим кийиш мода эмиш. Тарихларга сабоқ берган миллий маданиятимизга хос ишми шу.
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир чиқишларини инсон бахт саодати, ҳаёти моҳиятини ўзида мужассам этган даваткор куч, буюк тараққиёт сари жўшқин чақириқ тимсолида қабул қиламан, дейди устоз. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар мазмун моҳиятан маънавият ва маърифатга асосланганлигини англаб етиш керак. Бугун катта ва ўрта авлод вакиллари зиммасида катта масъулият бор. Улар эндигина ўсиб улғайиб келаётган авлодни турли хил ёт қарашлар, мафкуравий хуружлар шиддатидан асраб авайламоғи зарур.
Сўзи салмоқдор, нуронийлар сардори ҳамиша қалбимизда фахр-ғурур ҳиссини уйғотади.
Суҳроб Рафиков, Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: