ДУНЁ ИМОРАТЛАРИ ИЧИДА ЭНГ УЛУҒИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видиоселектор йиғилишида халқимиз дилидаги гаплар айтилди.
Давлатимиз раҳбари улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини келтириб, бу масаланинг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталди, ёш авлодни болаликдан миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш долзарб аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Таълим ва тарбиянинг асоси мактаб бўлса, ушбу мактабни мактаб қиладиган куч ўқитувчи эканини ҳар бир фикрли инсон яхши тушунади. Бунинг учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш биринчи галдаги вазифа бўлиб, бу борада тизимли ишлар амалга оширилаяпти. Педагогларнинг меҳнатини рағбатлантириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Сўнги йилларда иш ҳақи кескин оширилгани, бошқа турли имтиёзлар яратилиб берилаётганлиги ҳам бу йўлдаги муҳим қадамдир.
Таъкидлаш жоизки, таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ёш авлод камолоти, улар келажагига қаратилган. Айнан шунинг учун ҳам ёшлар санъат, маданият, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этилиб, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаси ва маданияти шакллантириляпти, навқирон авлод ўртасида китобхонлик кенг тарғиб қилинмоқда. Чунки келажак авлод билимли, ҳар жиҳатдан мукаммал инсонлар бўлиб етишмоғи шарт.
Жамоат ташкилотимиз бу йўналишдаги ишларни янада ривожлантиришга улуш қўшиб келмоқда. Тумандаги 27-мактаб иқтидорли ўқувчиларидан ташкил топган “Тасанно” фолиъкор ансамбилини имкон қадар қўллаб келаяпмиз. Ялла-ю лапарлар ва қадимий халқ қўшиқлари ёшларга ўргатилиб, катта сахналарда куйлаш имкониятлари яратилиб берилмоқда. 9-15 ёшли иқтидорли ижрочилар соҳа фидойиси Комила Қиличева раҳбарлигида байрам тадбирлари, турли танловларда иштирок этиб келмоқда. Эътиборли жиҳати, ансамбль дастуридан ўрин олган ўнлаб термалар барчага манзур бўлмоқда. Намунали жамоа туман ва вилоятда ўтказилган танловларнинг ғолибларидан саналишади. “Тасанно” фолиъкор ансамбили мусиқа мавзусида ҳам янги ноанъанавий усуллар, янги педагогик технологиялар, коммуникатив элементлардан фойдаланиб, 6-синфларда кўргазмали-намунали дарс ўтиш жараёнида иштирок этгани юқори баҳоланди. Эндиликда бу усулни туманда оммалаштириш режалаштирилмоқда.
Мактабларда бўлиб ўтаётган турли спорт мусобақаларини ҳам таркибимиздаги 97 та бошланғич касаба уюшма ташкилотлари орқали молиялаштиришга ҳаракат қилиб келаяпмиз. Мактаблар мактабгача таълим муассасалари жамоалари ўртасида оммавий спорт тадбирлари ташкил этилмоқда.
Тизимда хизмат қилаётган 5528 нафар ходимга меҳнат мухофазаси, саломатлиги, дам олишни ташкил этиш юзасидан қатъий назорат ўрнатганмиз. Зеро меҳнати қадр ва эътироқ топган, саломатлиги жойида бўлган ходимнинггина ишида унум бўлади. Бу ёш авлодга ўз вақтида сифатли таълим ва тарбия берилади деганидир.

 

Ж.Худойқулов, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Оқдарё туман кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email