МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ

Меҳнат муҳофазаси – инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилиятининг сақланишига қаратилган тадбирлар.

Қонун ҳужжатларида меҳнат жараёнида қўлланиладиган ижтимий-иқтисодий, ташкилий, техник, санитария-гигиена, даволаш-профилактика чора-тадбилари белгилаб қўйилади.
Меҳнат қилувчи шахс хавфсизлиги, саломатлиги, меҳнат қилиш қобилиятини ҳимоялаш, соғлом меҳнат шароитлари яратиш, касб касалликлари юз бериш хавфини олдини олиш, ишлаб чиқаришда жароҳатланишларга йўл қўймаслик кабилар меҳнат муҳофазаси олдидаги вазифалар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасида хавфсиз ва қулай меҳнат шароитида ишлаш юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари Конституцияда (37-модда) мустаҳкамланиб қўйилган.

Ушбу конституциявий кафолатни амалда рўёбга чиқарилишига қаратилган аниқ чора-тадбирлар Ўзбекистон Рсепублкасининг Меҳнат кодексида, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунида, бошқа бир қатор қонунлар ва қонун ости меъёрий ҳужжатларида белгиланган.
Корхона ва ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш учун катта молиявий маблағлар ажратилади ва мақсадли сарфланади. Соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитида меҳнат қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Рсепубликаси фуқароларининг энг асосий меҳнат ҳуқуқларидан бўлиб ҳисобланади.

Меҳнат муҳофазасига оид талаблар ва стандартлар Меҳнат кодекси, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун талаблари асосида ишлаб чиқариладиган корхона ва ташкилотларнинг ички меҳнат тартиби қоидалари, жамоа шартномалари, тармоқ ёки минтақавий жамоа келишувлари, корхоналарнинг бошқа ички меёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида, муайян соҳа, касб, иш жойларига оид бўлган меҳнат муҳофазаси стандартларида белгилаб қўйилади.

Мулкчилик шакли ва хўжалик юритиш усулидан қатьи назар барча корхона, муассаса, ташкилотлар иш берувчилари ўз ходимлари учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитини яратиши, хавфсизлик техникаси чораларини кўриши, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларини ташкил этиши, бошқа ташкилий-техник тадбирларни амалга ошириши шарт.

Меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этилиши махсус давлат органлари ва жамоатчилик томонидан назорат қилиб борилади. Қонунларга, шу жумладан, меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонунларга риоя этилиши устидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар умумий назорат олиб боради.

Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун талабларини бузган корхоналарнинг ишчи ходимларига интизомий, мансабдор масъул шахсларига интизомий, маъмурий, жиноий жвобгарликлар қўлланиши, уларнинг айби билан етказилган моддий зарар қопланаши мумкин.

Усмон Каримов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
меҳнат инспекциясининг Самарқанд вилояти
бўйича меҳнат инспектори

Print Friendly, PDF & Email