
Халқаро семинарнинг иккинчи кунида асосий эътибор минтақада халқаро меҳнат нормаларини амалиётда қўллаш асосларга қаратилди.
Унда сўз олган Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Бюросининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича мутахассиси Гоча Александрия, ХМТнинг меҳнаткашлар фаолияти бўйича буюроси (АКТРАВ) Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкаслар минтақа касаба уюшмаларига аъзолик ҳолати ва тарнсмиллий компанияларда органайзинг тенденцияси таҳлилини кўргазмали, солиштирма рақамлар орқали шарҳлашди.
Минтақа давлатлари касаба уюшмалари вакиллари ўз фаолиятида дуч келаётган ҳаётий масалалар ва уларга ечим топишда амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида фикир билдиришди. Жумладан, Қирғизистондаги “Култор Голд Компании” ЁАЖ корхонаси касаба уюшма ташкилоти раҳбари Калысбек Рыспаев иш бервучи ва жамоат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик хусусида сўз юритди.
-Касаба уюшмалари ташаббуси билан корхонада меҳнат қилаётган ходимларга бир қатор шароитлар яратиб берилган, – дейди К. Рыспаев. – Ходимларнинг ойлик маошлари ҳар йили ишлаб топилган даромад ҳисобига ошириб келинмоқда. Жамоа шартномасига мувофиқ ҳодимларга бир йилда бир маротаба иш берувчи ҳисобидан бепул сиҳатгоҳ йўлланмаси олиб берилади. Ходимлар саломатлигини муҳофазалаш ниятида ҳар ойда ойлик маошининг 2 фоизи миқдорида устама тўлаб берилмоқда. Касаба уюшмалари ҳаракати билан ходимларнинг ўртача ойлик маошлари 1300 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Аммо касаба уюшмаларининг талаблари иш берувчиларга манзур эмас. Айни кунда маъмурият жамоада аъзолик бадали йиғилмайдиган алтернатив касаба уюшмалари тузиш ташвишига тушиб қолган. Бу масалада жамоат ташкилоти яккаланиб қолаётир.
Тожикистон ва Туркманистон касаба уюшмаларининг вакиллари ҳам бир қатор инвестрлар томонидан бир неча давлатларда ўз корхоналар очилганлиги ва уларнинг асосий бошқаруви бошқа бир ўлкада бўлиши оқибатида меҳнатга муносиб шароит яратишда калаванинг учини топиш қийин бўлаётганлигини эътироф этишди.
Минтақада соғлом меҳнат муҳитини шакллантириш, ҳамкорлик даражасини янада кучайтиришнинг қатор усуллари бор. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан билдирилган: ҳаракатларни уйғунлаштириш мақсадида келажакда Марказий Осиё давлатлари ўртасида Минтақавий кенгаш платформаси принципига асосланиб ишлайдиган ташкилотга асос солиш керак, деган таклиф қатнашчиларга манзур бўлди.
Халқаро семинар иши якунида томонлар галдаги учрашувда минтақа учун долзарб масалаларни ўртага ташлашни келишиб олдилар.
-Анжуман иштирокчиларига Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг ноёб дурдоналари бўлмиш мерос объектлари билан танишиш имконини ҳам яратиб бердик, – дейди Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Ўйлайманки, барчанинг қалбида Самарқанд тадбири, саёҳати унитилмас тассуротлар қолдирди.
Р.Абдуллаева
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: