ФАОЛИЯТГА ХОЛИС БАҲО

“Устозлар касаба уюшмалари эъзозида” республика кўрик танловининг Самарқанд вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Вилоятда танлов шартларига мос келувчи 161 нафар бошланғич ташкилот етакчилари фаолият кўрсатаётганлиги аниқланди. Илк босқичда эса 123 нафар етарли малака ва тажрибага эга етакчилар иштирок этишди.

Касаба уюшмалари тизимида икки ва ундан ортиқ муддатга сайланган бошланғич ташкилот саркорлари муайян ҳаётий ҳамда иш тажрибасига эга кишилар саналишади, – дейди Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Ифтихор Рахимов. Шу боис, улар орасидан энг сараларини аниқлашга интилдик.

Фаолиятга баҳо беришнинг мезонларидан келиб чиқиб энг серқирра иш кўлам ва қамровга эга ташкилот раҳбарларидан 16 нафари вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Танлов имтиҳон ҳам синов ҳам эмас. Балки самарали ва тизимли меҳнатнинг эътирофидир. Аслини олганда унда мағлуб ҳам бўлмайди. Ишни кўрсатиш, жонкуярлик, етакчига фазилатларининг ўзига хос бир ҳисоботидир. Галдаги босқич иштирокчилари ижтимоий ва меҳнат муҳофазасидаги ташаббуслари, маънавий – интелектуал салоҳиятларини тўла очиб беришга интилишди.

Мазкур танловнинг ташкил этилиши Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан жамоатчилик юмушлари билан шуғулланаётган ўқитувчилар меҳнатига бўлган эътиборнинг амалдаги ифодасидир, – дейди Жомбой туманидаги 6 умумтаълим мактаб бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Моҳира Пирбобоева. Бу ҳар бир ташкилот раҳбаридаги масъулият ҳиссининг ошишига хизмат қилади.

Танловнинг барча талабларига жавоб бера олган Пахтачи тумани 29-мактаб бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Шарипова Гулнора биринчи ўринга, Самарқанд шаҳар 9-мактаб бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Саксонов Ихтиёр иккинчи ўринга, Пастдарғом тумани 39-мактаб бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Хайдарова Клара учинчи ўринга лойиқ топилиб танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ғолиблар ташкилотчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Р.Абдуллаева Ташкилий ишлар бўлими мудири

Print Friendly, PDF & Email