Эътибор ва рағбат

Мамалакатимиз тараққиёти ёш авлод билими, интилишу изланишларига чамбарчас боғлиқ. Билимли, интелектуал салоҳияти ёшларни тарбиялаш устоз-мураббийлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Токий аждодларимиз эътироф этишганидек, илм бермоқ ва ўрганмоқ қақраб ётган саҳрони сув билан суғориш билан баробардир. Туманимизда бу соҳага умрини бахшида этган, ўз келажагини ёшлар тақдири билан боғлаган устозлар кўп. Улар фидойилиги ҳар доим қадр-қиммат топиб келмоқда.

Касаба уюшма ташкилотлари ҳам фидойи ўқитувчиларга муносиб иш ва дам олиш шароити яратиб беришга интилмоқда. Айниқса, соҳада узоқ йиллар хизмат қилган, кексайганда ҳам тизимга фойда келтиришга интилаётган улуғ ёшли устозларни эъзозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, юбилей ёшидаги 19 нафар педагогга моддий ёрдам берилди. Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш масаласи ҳам доимий эътиборда.

Таълим тизимида хотин-қизларнинг ўрни катта. Шу боис фарзанд тарбияси билан машғул бўлган ёш оналарга ҳар жиҳатдан кўмак берилаётир. Хусусан, 2-3 ёшли фарзандлар тарбияси билан машғул 31 нафар ходим тармоқ касаба уюшмасининг ёрдамидан баҳраманд бўлди. 138 нафар кам таъминланган ёш оила вакилларига ҳам шу каби кўмак берилди.

Ходимлар ёзги таътил даврида туризимнинг бир қатор йўналишлари бўйича саёҳат қилдирилди. 45 нафар ходим Тошкент, бир гуруҳ ходимлар эса Бухоро шаҳрига саёҳат қилиб, бир олам таъсуротлар билан қайтишди.

Бундай эътибор ва рағбат ходимларни унумли ишлашга ундаши шубҳасиз. Шу боис касаба уюшмалари иш берувчилар билан ҳамкорликда ходимларнинг меҳнат шароитларини янада яхшилашга интилмоқда.

Ўлмас Норбутаев, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Иштихон тумани кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email