
Тарих ҳар бир давр ва ҳар бир замонга ўз баҳосини бериб келмоқда. Инсон зоти борки тинчлик-ҳамжиҳатликни истайди. Дунёда яхши қўшничилик деган анъаналар борки, бу алоқалар мустаҳкамланишига, турли миллатларнинг тотувлигига хизмат қилади.
Ўтган даврнинг қарийиб чорак аср мобайнида шундоқ ён қўшнимиз бизга бегонадек бўлиб қолди. Қон-қариндош халқлар ўртасида қарор топган борди келдиларда чегаралар ёпиқлиги туфайли узилишлар содир бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон томонидан икки давлат ўртасида самимий ва дўстона муносабатларни ривожлантириш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар туфайли ўзаро ришталарни янада мустаҳкамловчи, яна бир саҳифа очилди. Сир эмас¬ки, яқин-яқингача чегаралар ёпиқлиги боис аҳоли 25-30 километрлик масофадаги биродарини кўриш учун ўн баробар кўпроқ йўл босиб, минг машаққат чекишига тўғри келарди.
Ватанимиз тараққиётини таъминлаш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат борасидаги вазифалари, халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик, диний бағрикенглик каби улуғвор мақсадлар ўз ифодасини топган.
Икки давлат чегарасидаги, хусусан Самарқанд вилоятидаги “Жартепа” ва Тожикистондаги “Саразм” ўтказиш пункти очилишига бағишланган тадбирлар катта тантаналар билан кутиб олинди. Ўша кунларни яхши эслайман. Вилоятимиз фаоллари, ёшлар, кўпни кўрган оқсоқоллар, онахонлар, кенг жамоатчилик вакиллари, чегара ҳудудида яшовчи аҳоли билан қучоқ очиб кўришган кунлар эди ўша дамлар. Меҳрнинг қанчалик тансиқлиги, дийдорнинг нақадар ширинлиги ўша тадбирлар жараёнида яққол намоён бўлди.
Халқимиз дўстни ҳамиша бошига кўтарган, давраларнинг энг тўрини унга бўшатиб берган. Шукроналарки, бу анъана асрлар оша ўз қадр-қимматини йўқотмасдан келмоқда. Самарқанд ва Сўғд вилоятлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди. Самарқанд ва Суғд вилоятлари ўзаро биродарлашган меморандумини имзолади. Бизнинг вилоятимиз вакиллари тожик заминига улар эса бизнинг юртимизга ҳеч бир қийинчиликсиз келиб кетишаётир. Маълумотларда қайд этилишича мазкур ўтказиш пунктидан бир кунда икки давлатнинг 3 мингдан ортиқ фуқаролари ўтиб қайтишади.
Жартепада ўзбек ва тожик халқларининг ўзаро муштарак адабиёти, мадания¬¬ти учрашувлари, ўн бир аср муқаддам яшаб ўтган Мавлоно Абу Абдулло Рудакий ҳазратларининг юрти бўлган Панжакент ҳудудида ҳам ана шундай маданий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Қўшни ва қон-қариндош Самарқанд ва Сўғд вилоятлари аҳолиси бир-бирига қучоқ очиб топишди. Қарангки, орамизда салкам йигирма беш йил ота-онасини кўрмаган, оға-инисининг дийдорига тўймаганлар бор экан. Бу ҳаяжонли учрашувларни ҳали хануз кўзда ёш билан эслайди. Тирикликнинг тоти меҳрда. Дунёда ҳеч нарса дийдордек ширин эмас.
Юраклардаги ҳаяжон, севинч, хуррамлик аслида ниманинг шарофати? Бу, энг аввало, давлатимиз раҳбарининг тинчлик, осуда ҳаётимизни таъминлашга қаратилган, келажакка катта умидлар уйғотаётган доно сиёсати натижаси, деб ўйлайман. Меҳр-оқибатга тўла ҳаётдан эса диллар зиёга тўлади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегатцияси сафида ўзим икки маротаба Тожикистонлик касаба уюшмалари фаолияти билан танишиб келдим. Гўзал мамлакатнинг обод шаҳарлари, сўлим қишлоқларида бўлдик. Дийдорлашув, ўзаро тажриба алмашувлар тассуроти бир олам. Тожикистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси вакиллалари Душанбе шаҳридан ва Суғд вилоят касаба уюшмалари аъзолари Хўжанд шаҳридан Самарқандга ташриф буюрдилар.
Халқаро меҳнат ташкилоти ходимлари бошчилигидаги халқаро конференцияларда Тожикистон Республикасини катта делегацияси қатнашди. Дўстлик қардошлик меҳри билан боғланган ришталар ҳамиша шундай бардавом, барқарор бўлсин.
Сухроб Рафиков, Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: