
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2017 йилнинг 19-21 январь кунлари Самарқанд вилоятида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” талабларининг бажарилишида жамоат ташкилотлари ролини ошириш” мавзуидаги амалий семинар ўтказилди.
Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” ҲЖФ, “Камолот” ЁИҲ, Савдо-саноат палатаси, Тижорат банклари, Диний идоралар мутасаддиларидан иборат таркибда тузилган Ишчи гуруҳларига жамоатчилик назорати механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда шаҳар ва туманлардаги, қишлоқ ва маҳаллалардаги, оилалардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш тартиби, мазкур жараёнда алоҳида эътибор қаратилиши зарур бўлган масалалар, аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорлик тизимини йўлга қўйиш бўйича тушунтиришлар берилиб, ҳар бир йўналишни қамраб олган саволнома ва тарқатма материаллар тақдим этилди.
Тадбирнинг биринчи ва иккинчи кунлари Ишчи гуруҳлари Самарқанд шаҳридаги “Чўпонота”, “Бунёд”, “Ширин” маҳалла фуқаролар йиғинлари, “Сартепа” мавзеси, Каттақўрғон туманидаги “Мўминхўжа”, “Зотхон”, “Тугма”, “Қипчоқравот”, “Лайлак” маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган 1170 дан ортиқ хонадонларда бўлиб, оилалардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, турмуш тарзи, оила аъзоларининг бандлик даражаси, оила даромадларини ошириш бўйича режалари, фарзандлар тарбиясига салбий таъсир этиши мумкин бўлган ҳолатларга йўл қўймаслик масалалари ҳақида суҳбатлашдилар. Жумладан, Ишчи гуруҳлари Самарқанд шаҳридаги “Фарҳод” шаҳарчасида жойлашган 118-мактабгача таълим муассасаси, 57-умумтаълим мактаби, 6-сонли маданият ва аҳоли дам олиш маркази, деҳқон бозорида ҳам бўлиб, уларда меҳнат қилаётган ходимлар, ота-оналар, аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказилди.
Хусасан, Каттақўрғон тумани аҳолиси билан мулоқотлар давомида Ишчи гуруҳлари томонидан “Мўминхўжа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги савдо дўконлари ва хизмат кўрсатиш шахобчаларини терминаллар билан тўлиқ таъминлаш, ушбу ҳудуд марказида замонавий ҳаммом қуриш, “Зотхон” қишлоғида қўшимча трансформатор ўрнатиш, ички йўлларни асфальтлаш, 4-сонли мактабгача таълим муассасасини замонавий талаблар асосида қайтадан қуришга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди. Ушбу масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан аниқ муддатли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Самарқанд шаҳридаги “Фарҳод” шаҳарчаси аҳолиси билан ўтказилган мулоқотлар давомида эса мазкур ҳудудда жойлашган “Жомбой цемент заводи” қўшма корхонасида шовқинни камайтириш ва атроф-муҳитга чангни чиқармаслик мосламаларининг талаб даражасида ишламаётгани, ичимлик суви таъминотидаги узилишлар, аҳолининг тор доирадаги шифокорлар хизматидан фойдаланиш учун шаҳарчадан 8 км узоқликда жойлашган поликлиникага қатнаётгани қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётгани билдирилди. Ишчи гуруҳи ва шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ муддатли чора-тадбирлар белгиланиб, улар ижроси бўйича масъуллар бириктирилди.
Анжуманда бугун жамиятимиз ҳаётида шиддат билан юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар замирида инсон манфаатлари ва унинг қадр-қиммати тургани, ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсади аҳоли турмуши сифати ва даражасини оширишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятли эканлиги қайд этилди.
Анжуман якунида амалий семинар тавсиялари қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўртасида халқ билан мулоқотлар орқали оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, турмуш даражаси, иқтисодий аҳволни холис ўрганиш ва ечимини кутаётган масалаларни аниқлаш бўйича ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши матбуот хизмати.